Тил байрамида ижодкорлар тақдирланди

22.10.2020 14:10:19

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида жойлашган Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида “Тил байрами” муносабати билан ташкил этилган анжуман кўтаринки руҳда  бўлиб ўтди.  Унда  халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати Шерзод Каримов иштирок  этди. 

Шерзод Каримов  тадбир иштирокчиларини  қутлуғ сана билан табриклаб  она-тилимизнинг мақомини  мустаҳкамлашга, бор билим ва кўникмаларини  ёш авлодга улашиб, тилимизга ҳурмат руҳида камол топишига ҳисса қўшиб келаётган устоз ва мураббийлар, адиб ва адибаларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Барчамиз гувоҳмизки,  мамалакатимизда барча соҳаларда тизимли ислоҳотлар олиб бориляпти.  Ўзбек тили мақомини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар  эса  давлатимиз нуфузини оширишга қаратилган муҳим қадамлардан бири.  Зеро, ҳар бир миллатнинг  тили унинг маданияти, ўзлиги намунасидир. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, “Ҳар бир  миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган  давлат тилига оид ҳар бир қарор ва фармонлар эса барчамиз учун дастуриамалга айланмоғи лозим,– деди депутат.

Тадбир давомида  ижод мактаби ўқувчилари ўзларининг  она тили ҳақида ёзган шеърлари билан қатнашиб,  ижод намуналаридан баҳраманд этдилар. Шунингдек вилоят ёзувчилар уюшмаси аъзолари  – Ўктамхон Солиева, “Шуҳрат” медали соҳиби Баҳодир Исо,  Ойдин Темирова,  Набижон Солиев,  Фарида Ҳусайинова, Гулчеҳра Асроновалар тил меъёрларига риоя қилиш, унинг софлигини сақлашга қаратилган фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

 Бир гуруҳ таълим фидойилари ва ижодкорларга эсдалик совғалари топширилди.

 

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаш

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+