Тил – миллатнинг маънавий бойлиги

03.09.2020 17:09:05

Тил нафақат муомала воситаси, балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихи, энг муҳими мустақиллик белгисидир. 

Тилни севиш, уни ардоқлаш, миллатни севиш ва уни қадрлаш билан тенг ҳисобланади. Ҳар қайси халқнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, маданияти унинг тилида ўз ифодасини топади. Тил – миллат кўзгуси, деб бежиз айтилмаган. Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили таъсирида шаклланган. Улуғ шоиримиз Aлишер Навоий шу тилда бебаҳо асарлар яратиб, дунёни лол қолдирган. Бугунги кунда жаҳоннинг барча мамлакатларида давлатимиз делегациялари ташрифи, ёшларимиз ютуқлари, спортчиларимиз ғалабалари шарафига ўзбек тилида мадҳиямиз куйланаётгани ҳар биримизнинг ғуруримизга ғурур қўшади.

1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзбек тили мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Ўзбек тили ҳақидаги қонун қабул қилинганидан сўнг барча давлат ҳужжатлари ўзбек тилида юритилади, газета ва журналлар ўзбек тилида чоп этила бошланди. 1993 йил 2 сентябрда “Лотин тилига асосланган ўзбек алифбосини тузиш тўғрисида”ги қонун қабул қилингандан сўнг, мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланди ва жаҳон коммуникация тизимидан муносиб ўрин эгаллаш муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шу сабабли чет элларда ҳам ўзбек тилига қизиқувчилар, уни ўрганувчилар сони ортиб борди. Дунёда 5600 дан ортиқ тиллар мавжуд бўлиб, бундан 200 тасигина давлат тили сифатида қабул қилинган. Уларнинг орасида ўзбек тилининг борлиги унинг нақадар соф, мукаммал, пурмаъно ва жозибадорлигидан, мамлакатимизнинг чин маънода мустақиллигидан дарак беради. Шундай экан она тилимизнинг шундайин гўзаллигини, софлигини кейинги авлодларга етказиш бизнинг вазифамиздир.

Сувсиз дарё бўлмаганидек, тилсиз миллат ҳам вужудга келмайди. Бирор миллатга мансуб бўлган тил, ўша миллат билан яшайди ва бардавом бўлади. Ота-боболаримиз қадимдан тилни асраб авайлашган, ривожлантиришган. Масалан, Aлишер Навоий, Заҳриддин Муҳаммад Бобур, Лутфий, Абдулла Қодирий ва бошқалар ўзбек тилининг ривожи учун беқиёс хисса қўшганлар. Туркий тиллар оиласига мансуб бўлган ўзбек тилимиз бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Сўз мулкининг султони, буюк мутафаккир Aлишер Навоий ўзи яшаган мураккаб давр – ХV асрда тилимиз химоясига отланиб, туркий тил ўз имкониятлари жиҳатидан бошқа тиллардан сира қолишмаслигини илмий ва амалий жиҳатдан исботлаб берди. Ўзининг “Ҳамса” каби шоҳ асарини туркий тилда яратди. Ҳозирда ҳам шоирларимиз ўзбек тилининг бойлигини, унинг буюклигини намоён этувчи асарлар яратмоқдалар. Боиси буюк адабиёти бўлган халқнинг буюк тили ҳам бўлади. Инсонниг қандай маънавиятга эга экани унинг тилида, чиройли нутқида намоён бўлади. Тил миллатнинг буюк бойлиги, бебаҳо ҳазинаси, туганмас мулкидир. Чунки миллатнинг тарихи, унинг маданий, маънавий мероси, урф-одатлари ва анъалари унда мужассам бўлади. Шу сабабли она тилимизни асраб-авайлаш, уни бойитишимиз ва авлодларга тўлиқлигича етказишимиз керак.

Ҳурматли Президентимизнинг яқинда мустақиллик байрами табригида тил байрамини кенг тарзда кўтаринки руҳда нишонлаш ҳақида алоҳида тўхталиб, миллий давлатчилигимиз ва ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимизни ривожлантириш бу борада энг муҳим йўналиш бўлиб қолади. Худо хоҳласа, бу йил 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунини бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаймиз деб бежизга айтмадилар. Куни кеча Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан 1 сентябрь куни Дубайда жойлашган дунёдаги энг баланд “Буржи Халифа” осмонўпар биносида Ўзбекистон байроғи гавдаланди. Бу билан  эса ўзбек тилини, ўзбек миллатини, ўзбек халқини дунё тан олаётганидан фахрлансак арзийди.

Хулоса қилиб айтганда, биз ўз она тилимизни асраб-авайлашимиз, унинг нуфузини оширишимиз, гўзал ва софлигини авлодларга мерос сифатида қолдиришимиз, дунёга танитишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. “Тил яшаса, миллат яшайди”. Aгар биз ўз тилимизнинг кўркамлиги, бойлигини дунёга тараннум этсак, миллатимиз янада чароғон бўлади ва бирлигимиз мустаҳкам бўлади. 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида мамлакатимизда улғайиб келаётган ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларни хурмат қилиш рухида тарбиялаб, уларнинг қалбида Ватанга, она юртга, она тилига муҳаббат ва уларнинг тақдирига дахлдорлик ҳисси, фидокорлик каби туйғуларни уйғотиб ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни мақсад қилган. Бу борада партиянинг таълим йўналишида олиб бораётган ислоҳотлари айни муддаодир.

Шаҳноза ОЧИЛОВА,

                                                        Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бош мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+