Тўрақўрғонликлар донорлик акциясида фаоллик кўрсатди

15.06.2020 14:06:13

Мана бир неча йилдирки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан мамлакатимизда донорлик акцияси ўтказиб келинади. У анъанага мувофиқ ёзнинг биринчи ойи бошларида ташкил этилади. Бу сафарги тадбир “Бор меҳрим сенга, болажон!” деб номланди. Мазкур беғараз инсонпарварлик акциясида наманганлик партиядошларимиз ҳам фаол иштирок этиб келадилар.

Заҳрохон Аҳмедова, “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси:

- Сафдошларимиз орасида беғараз донорлик акциясида иштирок этиш истагини билдирганлар кўп бўлди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин оқибатида юзага келган шарт-шароит туфайли уларни вилоят қон қуйиш марказига етказиб боришнинг иложи бўлмади. Шунинг учун туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарларига мурожаат қилдик. Улар вазиятни тўғри тушуниб, марказий шифохонанинг қон қуйиш бўлимида зарур шарт-шароитларни яратиб беришди. Натижада ўттиздан ортиқ киши қатнашган акция муваффақиятли ўтди.

Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Эркин Бориевнинг айтишича, тўрақўрғонлик партия фаолларини турли хасталиклардан азоб чекаётган болаларга беғараз ёрдам кўрсатиш хоҳиши эзгу мақсад йўлида бирлаштирди. Донорлар орасида турли касб эгалари, 18 дан 60 ёшгача бўлган инсонлар, эркаклар ва аёллар бор эди. Уларнинг барчаси коронавирус пандемияси давом этаётган шу кунларда ўзларининг юксак инсоний бурчларини адо этганликларидан бениҳоя мамнун бўлдилар.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+