Тошкент шаҳар Кенгашида матбуот анжумани ўтказилди

22.10.2020 13:10:12

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан партия ҳамда депутатлик гуруҳларининг 9 ойлик фаолият якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда партия Тошкент шаҳар Кенгаши вакиллари, депутатлар, фаол аъзолар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.    

Анжуманда таъкидланганидек, 2020 йил бошидан буён партиянинг Сайловолди дастуридан келиб чиқилган ҳолда қатор амалий ишлар бажариб келинмоқдаки, буни депутатлик гуруҳларининг фаол ҳаракатлари туфайли кўплаб муаммолар ўз ечимини топганлигидан англаш мумкин. Пандемия даври бўлишига қарамасдан депутатлар давлатимиз олиб борган кўплаб ислоҳотларда жонбозлик кўрсатишди. Биргина Тошкент шаҳар ҳудудида партиянинг маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан “Саховат ва кўмак” ижтимоий ҳаракати бўйича қарийб 200 миллион сўмга яқин ёрдам пуллари ва озиқ-овқатлар Хайрияларни мувофиқлаштириш марказига етказиб берилди. Шунингдек, Сардоба талофатларида ёрдам кўрсатишда биринчилардан бўлиб депутатлар ва қолаверса, партия вакиллари ҳам фаол иштирок этишди. “Сардоба сари саховат карвони” ташкил этилиб, барча зарур уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқатлар етказиб берилди.

Алоҳида фонд ташкил этилиб, йиғилган пуллар Сардоба аҳолисига етказилди. Шу билан бирга, ҳомий депутатлар томонидан уйлар қуриб берилди. Бунда айниқса, Юнусобод туман Кенгаши депутатлари фаоллиги юқори аҳамият касб этади. Партия ўз сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда таълим соҳаси вакилларини, асосий электорати бўлган шифокорларни қўллаб-қувватлаб, маҳаллий Кенгаш сессияларида улар билан боғлиқ муаммолар юзасидан масалалар киритди. Хусусан, “Тиббиёт ходимлариниг ҳимояси” тўғрисидаги киритилган масалада тиббиёт ходимларини бир марталик ҳимоя воситалари: қўлқоплар, тиббий ниқоб, махсус комбинзон, бир марталик бош кийимлар билан таъминланиши каби масалалар шулар жумласига киради.

Шу каби муаммоли масалалардан 19 таси Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессияларига киритилиб, тегишли қарорлар чиқарилишига эришилди. Қолаверса, пандемия Тошкент шаҳрида айни кучайган вақтлари тиббиёт муассасаларида, поликлиникалар ва дорихоналарда ўрганишлар олиб борилиб, юзага келган муаммолар бартараф этилишига ҳисса қўшилди. Ўқув йили бошланишилан аввал пойтахт ҳудудидаги мактабларда ҳам ўрганишлар ўтказилиб, мактабларнинг ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Масалан, Учтепа, Олмазор, Шайхонтоҳур туманида олиб борилган ўрганишлар жараёнида ўқув йилига тайёр бўлмаган мактаблар масаласи шаҳар Кенгаши сессияларида кенг муҳокама қилиниб, бу бўйича амалий таклифлар берилди. Ўз навбатида жойларда юзага келган муаммолар, маҳаллалардаги ички йўллар, электр, газ ва шунга ўхшаш масалаларда ҳам амалий ишлар қилиниб, халққа беминнат ёрдам кўрсатилди. Масалан, депутатлар Миробод туманининг Янги замон ва  Сарикўл кўчалари кесишган йўлига светафор ўрнатишда ёрдам бериб, йўлни кесиб ўтувчи мактаб ўқувчиларининг хавфсизлигига ҳисса қўшди. “Олтинкўл” маҳаласидаги симёғочларнинг ҳолати яхшиланди. Газ ГРПларни аҳоли учун қулай жойга ўрнатишга ҳисса қўшилди. Ўз навбатида бу ишларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритишга, шу билан оммани кенгроқ хабардор қилишга катта аҳамият қаратилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан депутатлар ҳамда партия вакиллари журналистларга шу ва бошқа масалалар бўйича атрофлича маълумот бериб ўтди. Анжуман давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

        

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+