Учинчи Ренессанс йўлидамиз

02.09.2020 09:09:06

Маънан ва иқтисодий мустақилликка эришмаган халқдан буюк ишларни кутиб бўлмайди. Шу боис Мустақиллик буюк неъмат бўлибгина қолмай зарурий эҳтиёж ҳамдир. Зеро инсон шу жамиятнинг фаол аъзоси сифатида ҳаёт кечирар экан, ўз тақдирига даҳлдор қарорлар қабул қилиш, хулоса чиқариш, муносиб йўлни танлашда, аввало, эркинликка интилади. Агар бу йўл тўғри бўлса, ишонч ортишига, хато бўлса, сабоқ чиқаришга хизмат қилади. Шу тариқа эркин фикрли инсон каби мустақил давлатнинг ҳам иродаси чахланган, куч-қудрати юксакдир. Ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлишига шубҳа йўқ.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида ушбу неъмат қадрини ҳар қачонгидан ҳам теран англаймиз. Айниқса тарихнинг аччиқ-чучук саҳифаларига гувоҳ бўлган ватандошларимиз кўнгли шукронага йўғрилган туйғуларга тўлади. Бу йил мазкур байрамни нишонлаш пандемия даврига тўғри келганига қарамай дилларимиз ҳар доимги истиқлол шукуҳи билан банд.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбирида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан янграган нутқ бизни янги таассуротлар билан бойитди. Юртбошимизнинг бизларга қарата “донишманд халқимиз” деб мурожаат қилганлари шундай юксак ишончга лойиқ кўриганимизни англатиб, ҳар бир ватандошда ғурур-ифтихор уйғотди.

Маърузада кейинги йилларда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилаётгани таъкидланиб, янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани тилга олинганида сўнггги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўз ўнгимиздан бирма бир ўтди. Дарҳақиқат, биз янги уйғониш даврига етиб келдик. Бунга нечоғлик тайёрлигимиз, Учинчи Ренессансга киришишда айнан нималарга таянишимизга аниқлик киритиб олиш бугун ҳар бирмизнинг бурчимиздир.

Албатта, бу мазкур долзарб давр, залворли қадамлар Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан ҳам ўзига хос масъулият, меҳнат ва ташаббусларни талаб этади. Илм-маърифат ривожига ҳисса қўшиш, ёш авлодни Ватан тараққиёти сари йўналтириш, сиёсий онгни мустаҳкамлаш йўлида тарғибот-ташвиқот ишларимизни кучайтириш ҳозирда ҳар қачонгидан ҳам зарурдир. Биз бу йўлда парламент ва маҳаллий кенгашга сайланган депутатларимиз, фаолларимиз, хайрихоҳларимиз ва кенг жамоатчиликка суянамиз.

“Мен турли синов ва курашларда тобланган, иймон-иродаси мустаҳкам халқимизнинг ақл-заковати ва азму шижоатига ишонаман” деб таъкидлади Юртбошимиз. Тарихан халқимиз буюк инсоний фазилатлар соҳиби сифатида ўрнак кўрсатган, бугунги синовли кунлар ҳам матонат ва ҳамжиҳатлик борасида имтиҳон вазифасини ўтамоқда. Нутқ аввалида “Донишманд халқимиз” дея таърифлаган Президентимиз шу ўринда “қаҳрамон халқимиз” дея навбатдаги эътирофни келтирди. Бу рағбат бирдамлигимизни ошириб, синовлардан ёруғ юз билан ўтишимизга замин хозирласа ажаб эмас.

Шунингдек, табрик сўзида жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топтириш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш масалаларига алоҳида тўхталинди. Бу бўйича бошлаган ишлар “ортга қайтмас тус олган” дея баҳоланди.

Гарчи бу йил давлатимиз, халқимиз бошига турли синовлар тушган бўлса-да, бундан ҳукуматимиз ҳам, аҳолимиз ҳам мардоновар ўтаётгани эътироф этилди. Бу борада эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, бу жараён бундан кейин ҳам бардавом бўлиши ҳеч бир инсонни тўлқинлантирмасдан қолмайди. Ўз навбатида аҳолимиз ҳам қийин вазиятда юртдошлари, давлати учун тиргак бўла олишини исботлади.

Давлат ва аҳолининг бугунги бирдамлиги жуда кўп нарсани англатади. Ҳозирда мустақиллигини мустаҳкамлаб, қудратли кучга айланган мамлакатимизда янгидан янги ислоҳотларнинг адоғи кўринмаяпти. Бу эса дунё эътирофига сазовор бўлган Ватанимиз, халқимиз ишончини оқлаётган Президентимиз, ўзларига яратилаётган имкониятлардан шукроналик ила тўлиқ фойдаланишга интилаётган ёшларимиз мамлакатимизнинг Янги Ренессанси сари тобора яқинлашаётганини англатади.

 

Шуҳрат ПОЛВОНОВ,

Қонунчилик палатаси депутати,

"Адолат" СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+