Учқўрғонда танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди

01.03.2021 14:03:18

Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган “Ёшлар - коррупциясиз келажак сари!” мавзуидаги иншолар танлови Наманган вилоятида юқори савияда ўтмоқда. Бу жараён кўпчиликнинг фикрига кўра, ёшларда жамиятдаги жирканч иллатлар - порахўрлик, таъмагирлик, юлғичликка қарши фикр уйғотишга хизмат қилиши даркор. Шунинг учун бўлса керак, жойларда мазкур ташаббус кенг жамоатчилик вакиллари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Бу, албатта, танлов бўлиб ўтган Учқўрғон туманига ҳам тааллуқли. Сафдошларимизга бу соҳада халқ таълими бўлими раҳбарияти катта ёрдам кўрсатди.

- Биз олдимизга танлов ўтказиш масаласи қўйилганидаёқ ҳамкорларсиз иш битмаслигини тушундик, - дейди “Адолат” СДП туман кенгашининг раиси Нигорахон Болтабоева,  - Шунинг учун дарҳол халқ таълими бўлими мутасаддиларига мурожаат қилдик. Улар қўлларидан келадиган ёрдамни беришга ваъда қилдилар. Бир неча кун ичида алоҳида режа туздик ва иш бошладик. Ҳар бир мактабда директор ҳамда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари тадбирни ўтказишга масъул этиб белгиланди. Улар иншолар танловининг мазмун-моҳияти бўйича тегишли йўл-йўриқлар билан таъминланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳар бир таълим муассасасида белгиланган муддатларда иншолар ёзилди. Танловда 6-11-синфларнинг ўқувчилари иштирок этдилар. Ҳар бир ижодий иш нуфузли ҳакамлар томонидан ўрганиб чиқилди ва баҳоланди. Ғолиб деб топилганлар муносиб рағбатлантирилди ва туман босқичига йўлланмалар билан тақдирланди.

Ўтган ҳафтада тумандаги 1-умумтаълим  мактаби ҳовлиси ўқувчилар ва уларнинг устозлари билан тўлди. Белгиланган соатда бу ерда танловнинг туман босқичи бошланди.

Ажратилган вақт тугаганда ўқувчилар ҳам иншо ёзишни якунлаган эдилар.

Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати  аъзолари ишга киришдилар. Бу ҳақда туман халқ таълими бўлимининг ўзбек тили ва адабиёти бўйича услубчиси О.Турсунова шундай дейди:

- Мен иншолар текшириб чиқилганидан сўнг ҳакамлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг ҳаммаси тажрибали муаллимлар. Болаларнинг мавзуни яхши идрок қилганликлирини таъкидладилар. Ёзиш услублари ҳам ёмон эмас. Фақат мазкур иллатга қарши кураш усулларини унчалик тасаввур эта олмаганлар. Демак, педагогларимиз дарсларда бу муаммони ҳисобга олишлари зарур бўлади.

Якунлар чиқарилгач, танлов ғолибларига Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгаши ва туман халқ таълим бўлимининг фахрий ёрлиқлари  ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Энг яхши натижага эришган ўқувчилар энди вилоят босқичида қатнашадилар. 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+