Уйингизни сув босиши, томингизни шамол учириши шарт эмас

11.08.2020 12:08:51

Офат сўзининг замирида инсонни ҳушёрлик ва бирдамликка чорловчи куч бордек гўё. Бунинг исботини нафақат тарих сабоқлари, балки  бугунги кун жараёнлари ҳам амалда намоён қилмоқда. Кечагина бир воқеа мени таъсирлантириб юборди ва «тождор» офатга менсимай қараётган, карантин қоидаларига  бефарқ бўлаётганлар ҳали ҳам орамизда борлигини кўрсатиб қўйди. Бугун эса минг афсуслар ила ушбу мурожаатимни нафақат ўзини, балки ўзгаларни ҳам карантин қоидаларига бўйсунишдан чалғитаётган баъзи ҳамюртларимиз учун йўллашга қарор қилдим.

Инсоният бошига синовли кун бўлиб турган пандемия даврида бирор юмуш билан кўчага чиқар эканмиз, ана шу куч бизни ўз тахдидидан огохлантиргандек бўлаверади. Ҳимояга чоғланганингизда эса ниқоб тақиш, қўлқопни кийиш ва оралиқ масофани сақлаш каби зарур қоидалар сизга кўз тикиб туради. Унга бўйсуниш ёки бўйсунмаслик шахсий хоҳишингиз бўлиб туюлдими, демак фуқаро сифатида ўз бурчингизни бажармаслик томон биринчи қадамни ташлаган бўласиз. Шу боис ҳар қадамда сизни коронавирус офатининг заррачалари таъқиб қилаётгани ва истаган вақтида танангизни забт этишга қодир эканлигини яна бир бора эсга олинг. Уйда ота-онангиз, фарзандларингиз ва турмуш ўртоғингиз ҳам борлигини, уларнинг саломатлигига зиён етказишга ҳаққингиз  йўқлигини  тушуниб олинг.

Мен Ўзбекистон Республикасининг фуқаросиман, дея фахр билан гапириш учун энг аввало инсон шу юртга муносиб бўлишни, давлат қабул қилган қонун-қоида барча учун баробар эканлигини англаб етмоғи зарур. Шундагина юртда бўлаётган синовли давру-давронларда ўзини қандай тутишни билиб олади. Бугунги мураккаб вазиятда “Менинг иммунитетим  ҳамманикидан кучли, менга коронавирус юқмайди ёки вирус билан касалланган танишим йўқ”, дейдиган фуқаронинг ўзи қаттиқ янглишган ҳисобланади. Чунки ўзингизни ўзингиз асрамас экансиз темирдан совут кийган эмассизки, вирус балоси четлаб ўтса. Шундай экан, саломатлигингиз ўз қўлингизда эканлигини билган ҳолда ҳаракат қилинг. Демак бир ўзингиз атрофингиздаги инсонларнинг саломатлиги учун ҳам жавобгарсиз. Офатдан сақланиш ҳам ёки унинг жабрдийдасига айланиш ҳам ҳаракатингизга боғлиқ.

Бугун дунё миқёсида коронавирус офатидан жабр кўрган, унинг қурбонига айланиб бораётган инсонларнинг тақдири сизга сабоқ бўлсин. Зеро бу офат шундай қудратга эгаки, уйингизни сув босса ёки томингизди шамол учирса чеккан азиятингиздан кўпроқ азобга дучор бўласиз. Шундай экан, дунё аҳолисининг чақириғига қулоқ осинг, ҳамюртларингни чорловига қўшилинг ва “тождор” вирусни биргаликда енгиш сари ҳимоя қадамингизни босинг. Муқаддас қўрғон оилангизни бу офатдан ҳимоя қилинг. Ҳудди шоир айтганидек

Кечаги кунингни айламагин ёд,

Эртанг келмай туриб қилмагин фарёд.

Кечани, эртани ўйламоқни қўй,

Аслида бугундан бошланур  ҳаёт.

Вируссиз ҳаёт сари биз билан одимланг. Зеро бу офатни биргаликда енга оламиз. Эртадан эмас,  бугундан бошлаб ўз-ўзингизни ҳимоя қилинг. Уйда қолинг!

Дилшунос АБДУЛЛАЕВА,

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати,

“Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+