Ваъда ваъдалигича қолмайдими?

18.10.2019 13:10:54

Халқ вакилларининг беш йиллик фаолияти таҳлил қилинганда, улар томонидан сезиларли ишлар амалга оширилаётгани, сайловчиларнинг ишончи янада ортгани  кўзга ташланяпти. Жумладан, партиямиздан сайланган андижонлик маҳаллий кенгаш депутатлари сайловчиларнинг мурожаатлари асосида ҳудудлардаги мавжуд муаммоларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

Бироқ ҳамма вақт ҳам ишлар кўнгилдагидек, деб айтиш қийин. Амалдаги қонунчиликка зид равишда айрим мансабдор шахслар депутатлар томонидан кўтарилган муаммоларга панжа орасидан қарамоқда. Бу ўз ўзидан қонунбузилиш ва муаммонинг янада катталашишига олиб келяпти.

Шу ўринда мисолларга мурожаат қилайлик. Избоскан туманида партиямиздан сайланган 1 нафар халқ депутатлари вилоят ва 3 нафар туман кенгаши депутатлари фаолият юритади. Уларнинг фаоллигига гап йўқ. Айниқса, партиямиз сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва қонунчилигимизга киритилган ўзгартишларни жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.  Бироқ, муаммолар ҳам йўқ эмас.

 3-Чўнгбоғиш сайлов округидан халқ депутатлари Избоскан туман кенгаши депутати Донохон Ибрагимова сайлов ҳудудидаги ҳар бир муаммони ўз муаммоси деб билади. Уни қийнаётган 2 та масала бор. “Бирлашган” МФЙ Замон кўчасида яшовчилар ичимлик суви муаммоси бўйича 2018 йилда мурожаат қилганди. Депутат бу масалада масъул ташкилотларга чиқди. Қарангки, орадан бир йил ўтиб, амалдаги йил бошида қувурлар ётқизилди.

Д.Ибрагимова энди сайловчилар олдида бир оз ишончни оқлагандай бўлди. Афсус, бошланган иш ҳамон якунига етмаяпти. Фуқаролар ерда қулаб ётган қувурларга қачон сув келишини кутиб яшамоқда.

Ҳудди шу каби “Зарбдор” МФЙ Қўшчинор кўчасида яшовчи аҳолининг йўлларни асфальтлаш масаласида қилган доди ҳавога учмоқда. Депутат сўровига жавоб битта: дастурга киритилди. Бироқ қачон? Бу саволга туман Ободонлаштириш бошқармаси раҳбарлари аниқлик киритиши лозим.   

Тумандаги 53-мактабгача таълим муассасасида 90 нафар кичкинтойлар тарбияланади. МТМ биносининг таъмирталаблигидан ота-оналар норози. Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Зухра Комилова томонидан қилинган депутат сўрови ҳам иш бермаяпти. Туман МТМ раҳбари Назирахон Қобулова бу маслада телефон орқали берган саволимизга 2021 йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан янгитдан қурилади, дея қисқагина жавоб берди. Бунисига ҳам кўндик. Бироқ ваъда ваъдалигича қолмаса бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, депутат сўрови бажарилиши шарт. Чунки унинг ортида халқ дарди ётади.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

       вилоят кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+