Вазият хушёрликни талаб этмоқда

26.03.2020 16:03:58

Мана, бир неча ойдирки, бутун дунё бўйлаб коронавирус аталмиш манфур касаллик шарпаси изғиб юрибди. У минглаб одамларни хастага айлантирди. Қурбон бўлганлар сони ҳам ортиб бормоқда. Афсуски, юртимизда ҳам бу юқумли дардга чалинганлар борлиги аниқланди. Ҳозир уларни даволаш давом этмоқда. Эндиги вазифа аҳолининг  соғлиғини асраш, одамларнинг мазкур инфекция билан зарарланмаслиги учун таъсирчан чораларини кўришдан иборат.

Айни пайтда юртимизда ушбу йўналишда қатор муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Ресеубликаси Президентининг шу йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида ҳам бу борадаги долзарб вазифалар белгиланган.

Вилоятимизда ҳам бу борада кенг миқёсли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳокимият ҳузурида инқироз ҳолатларининг олдини олиш бўйича республика комиссиясининг ҳудудий штаби ишлаб турибди. Униг аъзолари жойлардаги эпидемиологик вазиятни мунтазам   таҳлил қилиб бормоқдалар. Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масалалари, уларнинг нархи ошиб кетмаслиги устидан ҳам жиддий назорат ўрнатилган.

Вилоятга четдан келаётган ҳар бир фуқаро қатъий назоратга олинган. Чегара ҳудудларида санитария назорати пунктлари ишлаб турибди.  Хориждан қайтган фуқароларнинг аксарияти уй карантинига жалб қилинган. Тажрибали тиббиёт ходимлари уларнинг аҳволини мунтазам ўрганяптилар. Эрон, Латвия ва Жанубий Кореядан Наманганга олиб келинган юртдошларимиз Тўрақўрғон, Косонсой, Чортоқ туманларидаги  шифохона ва сиҳатгоҳларга жойлаштирилган. Улар 14 кунлик карантинда туришибди.

Вилоят марказида пандемия тарқаб кетмаслигининг олдини  олиш билан боғлиқ ишлар амалга оширилмоқда. Ошхона ва чойхоналар, кўнгилочар тадбирлар ўтказиладиган масканлар ёпилди. Дезинфекциялаш ишлари кучайтирилмоқда. Транспорт қатновида чекловлар қўлланиляпти. Одамларга жамоат жойларида ҳимоя воситаси - ниқоб тақиб юриш тартиби ўрнатилди.

Наманган шаҳридаги  бозорлар маъмуриятлари томонидан  фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз ҳудудида  сотилаётган барча турдаги озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини буюртмага асосан уйларига етказиб бериш тизимини  йўлга қўйдилар.

Шундай шароитда “Адолат” СДП ташкилотлари ҳам вазиятдан келиб чиқиб, иш услубларини ўзгартирдилар. Вилоят Кенгаши биносида фақат навбатчи иш олиб бормоқда. Бошқа ходимлар масофадан туриб ишлашга ўтдилар. Оммавий тадбирларга чек қўйилди. Туман кенгашлари раислари ҳам онлайн тизимида ишлашга ўтдилар. Аҳоли, депутатлар, фаоллар ва сайловчилар билан телефон ҳамда интернет тармоқлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда мулоқот олиб борилмоқда.

Шу ўринда ҳамма ерда хавфли хасталикка қарши курашда тиббиёт ходимлари сабот ва матонат билан иш олиб бораётганликларини таъкидлаш жоиз. Улар орасида кўплаб партиядошларимиз ҳам бор. Биз ҳаммамиз шифокорларга сиҳат-саломатлик ва олижаноб фаолиятларида муваффақиятлар тилаймиз.

Ўзимиз ҳам саросимага тушмай, ваҳимага берилмай, ўз олдимизга қўйилган вазифаларни тўла-тўкис бажаришга ҳаракат қилишимиз керак. Бошқаларни ҳам бу борада бирлашишга даъват этишимиз лозим. Биринчи навбатда турли миш-миш ва уйдирмаларга барҳам бериш даркор. Барча белгиланган тартибларга қатъий амал қилиши зарур ва шарт. Хитой тажрибаси ҳам шундан далолат бермоқда.

Исроил ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+