Вобкентдаги митингда шикоят ва таклифлар баралла айтилди

21.10.2019 17:10:07

Жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайлов бугун барча фуқароларнинг сиёсий фаоллигини оширмоқда. Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан сайловчилар билан учрашувлар ташкил этилиб, сиёсий ўқувлар ўтказилмоқда. Шунингдек, жойларда бўлиб ўтаётган митинглар аҳолининг мурожаатлари ва таклифларини баралла айтишларида имкон бермоқда.

Куни кеча Вобкент туманида  “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш – давр талаби” мавзусида ташкил этилган митингда партия ходимлари, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар иштирок этишди. Тадбирдан асосий мақсад аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, тиббиётда мавжуд камчиликларни ўрганиш, уларни таҳлил қилиш, амалий ечимлари ҳақида соҳа мутахассисларининг таклиф ва фикр-мулоҳазаларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.

Албатта, бугун тиббиётда қанча шароитлар яратилаётган бўлса-да, муаммолар ҳам оз эмас. Айниқса, фуқаролар билан самарали ишлаш тизими яхши йўлга қўйилмаган, мутахассисларда амалий кўникмаларнинг йўқлиги, коррупциоген омилларнинг учраб тураётганлиги, шунингдек, олий маълумотга эга шифокорларда амалий кўникмаларнинг етишмаслиги аҳоли томонидан айтиб ўтилди. Партия ходимлари ва депутатлар бугун тиббиёт соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида сайловолди дастур лойиҳасида ишлаб чиқилган таклифлар тўғрисида таъкидлашди. Хусусан, шифокорларнинг билим тажрибасини ошириш, уларнинг фаолиятида назарий билим билан бирга амалий билимга ҳам аҳамият қаратиб бориш, патронаж ҳамширалари фаолиятини шакллантириш, соғлиқни сақлаш тизимида юқори даражадаги тиббий хизматни кафолатловчи қонунлар туркумини яратиш масалалари алоҳида аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.  

-Партия томонидан ташкил этилган митинг ҳар биримизнинг сиёсий жараёнларда фаол ва ташаббускор бўлишимизга замин яратди. Айниқса, бугун тиббиёт тизимида мавжуд муаммоларни айтиб, уларнинг таклифлари, тавсиялари билан ўртоқлашдик. Энг қувонарлиси, партия томонидан айни вақтда тиббиётчилар учун қилинаётган янгиликлар ва ўзгаришлар тўғрисидаги маъдумотларга эга бўлдик, - дейди биз билан суҳбатда бўлган “Пахтакор” МФЙ фуқароси Темир ота Ҳикматов.

Митинг давомида тиббиётда коррупциянинг олдини олиш, ходимларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари хусусида ҳам айтиб ўтилди.

Қувонарлиси, ташкил этилган викторина ўйинлари ҳамда ёш иқтидорлиларнинг чиқишлари барчага завқ бағишлади.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+