Якшанба мутолааси: Эркаклар учун энг яхши совға

12.01.2020 10:01:52

Ишдан қайтган турмуш ўртоғимнинг қовоғидан қор ёғиб, овқатни ҳам ичмасдан, фақат қошиқ билан кавлаб ўтирди.
- Ҳа, дадаси, тинчликми? Нега кайфиятингиз йўқ?
- Сен менга мутлақо бефарқсан. Сен учун қоп-қоп рўзғор қилиб, қорин тўйдирадиган одамман холос.
- Ия, нечун тўсатдан бундай фикрга келдингиз?
- Рост-да, эрингнинг кўнглини олишни билмайсан. Бугунги байрамга совға тайёрлаш у ёқда турсин тилак ҳам билдириб қўймадинг.
- Қанақа байрам?
- Ана! Хатто хабаринг ҳам йўқ.
- Уфф... Уйда ўтирсам. Қайси сана, қайси кунлигини ҳам адаштириб юбораман. Бугун нечанчи январь ўзи?
- 14-январь, хоним! Ватан ҳимоячилари куни. Тўғри, ҳарбий эмасман, лекин армияга борганман-ку. Умуман олганда, эркаклар байрами сифатида табриклаб қўйсанг бўларди.
Мум тишлаб қолдим. Аслида бу қандай кунлиги менга маълум, лекин, юқорида айтганимдек, ишда ишлаб ёзув-чизув қилмаганимдан кейин саналарни эслаб қололмайман. Эрим дардини айтишда давом этди:
- Бугун эрталабдан ишхонамизда байрам бўлди. Хотин-қизлар табриклашди, совғалар беришди. Кўрсанг, барча аёллар бир-бири билан пичирлашиб, эрини қандай табриклашни муҳокама қилиш билан банд. Бири тушлик пайти бозорга югурган, бошқаси кечки овқатга қандай шохона таом пишириш ҳақида бош қотиряпти. Сен эса бугун мошхўрда пиширганингни қара.
- Мошхўрда ёмон овқат эмас-ку. Қатиқлаб ичиб олинг.
- Ҳамма гап эътиборда, хотин! Жамоамиздаги аёллар эрига табрик жўнатиш учун интернетдан шеърлар қидиришди. Бир пайт менинг ҳам телефоним овоз чиқариб қолди. SMS сендан эканини кўриб, энди ўқиб беришга, аёлларимизга “шпаргалка” қилишга шайланган эдим, ёзган нарсангни қара: “Нон, олма, қатиқ, кир совун”. Шунақаям тўмтоқ хабар жўнатадими ахир? Хабарингда на кириш, на хотима бор.
- Нима, мен иншо ёзаётганмидим, кириш-хулоса қилсам? Ўзингиз керакли нарсаларни ёзиб юбор, деб тайинлайсиз-ку.
- Барака топгур, аввалида салом-алик, табрик, сўнгида ҳеч бўлмаса “Пулингиз кўпайсин” деб қўйиш қийинмиди? Бир дўстим айтарди: “Аввал хотиним “Севаман. Соғиндим”, деб SMS ёзарди, хозир “Картошка, пиёз”дан нарига ўтмайди”. Ошнам ҳам ношукр экан, шу нолиган аёли бугун галстук совға қилибди. Сен-чи?!
Бу эркаклар сира аёлларни тушунмас экан-да. Бошимда мингта ташвиш, байрам эсга келарканми? Эрталабдан кечгача иккита боламнинг кетидан юраман. Тўғрироғи, югураман. Баъзида овқатланишга ҳам вақтим бўлмайди. Эргинамга байрам, шохона таом, романтик табрик керак эмиш. “Қўшнининг хотини қиз кўринар” деганларидек, бошқа аёллар билан солиштирганидан баттар жаҳлим чиқди. Ишидаги аёлларни кўрмасам ҳам аниқ биламан: ҳеч нимадан ками йўқ, эрининг топганини ясан-тусанга совуришдан бошқасини билмайдиган таннослар. Пул топиш учун эмас, куйлагини кўрсатиб кетиш учун ишлайди. Боласи боғчада ёки катта ёшда, яна бир гуруҳи умуман фарзанд кўрмаган, турмушга чиқмаган қизлар. Албатта, уларда байрам нишонлаш-у совға тайёрлашга вақт бор. Мендек иккита ёш болали, уйида иш қайнайдиган аёл билан уларни солиштириш умуман нотўғри. Лекин хўжайним хозир буни тушунармиди...
- Мен ўзим сизга совғаман! Оилангиз тинч, болаларингиз соғлом, хонадонингиз саришта бўлса, бундан ортиқ байрам бўладими? – дедим лабимни буриб.
- Эй, бўпти. Хуллас, ўша гап-да! – хонтахта олдидаги ёстиққа ёнбошлаб, уйқуга кетди.
Мен эса келаси йил 14-январни унутиб қўймайман, болаларимнинг отасига бир байрам қилиб берай, деб кўнглимга тугиб қўйдим. Ғиз этиб бир йил ўтиб кетди. Ўтган йили “Ватан ҳимоячилари куни”да ҳар доимгидан ҳам барвақт турдим. Лекин табриклашга шошилганим йўқ, чунки ҳали совға олиб улгурмагандим. Шунинг учун “Дадаси, бугун эртароқ келинг, сизга сюрприз бор” дедим. Турмуш ўртоғим мийиғида кулиб қўйди. Бу кулгиси менга “Табриклашни ҳам қотирасан” оҳангидаги кесатиқдек туюлди. Ҳа, биз бир-биримизни сўзсиз тушунадиган бўлиб қолганмиз. Мен ҳам жавобан юз ифодам орқали “Ҳали қараб туринг!”, деган гапни гавдалантирдим.
Ўғлим 4 ёш, қизим 3 ёшда, боғчага боришмайди. Ўзи бугун буларни онамникига жўнатиб, бемалол байрамга тайёргарлик кўрмоқчи эдим, онам ҳам тўйга бориши керак экан. Майли, ўзим бир амаллайман. Аввало пуфаклар пуфлаб, уйни безатдим. Бунга болалар ҳам қизиқиб қолиб, ўзларича ёрдамлашган бўлишди. Дадаси ҳамирли овқатларни яхши кўради, деб лағмонга ҳамир қориб, тиндириб қўйдим. Орада тортга ҳам тайёргарликни бошладим. Энди совға масаласини ҳал қилишим керак. Бозорга бориш учун болалар ухлаган пайтдан фойдаланолмайман. Чунки иккаласининг кун тартиби икки хил. Бири ухлаганида иккинчиси уйғонади. Ён қўшним билан яқинмиз. Уникига чиқиб, болаларга қараб туришини илтимос қилдим.
- Пардаларни ечгандим, бугун ювишим керак. Олдингизда ҳижолатдаман... Тўхтанг, қизим қараб турса-чи.
- Нима, Барно бугун мактабга бормадими?
- Касал, даволанаётган эди. Эртадан боради.
- Касал бўлса, болаларга қаролмаса керак – ичимда кўпроқ унинг касали болаларимга юқиб қолишини ўйладим. Буни қўшним ҳам фаҳмлади шекилли.
- Унчалик касал эмас. Буйраги оғриганди, шунга уйда қолиб укол оляпти.
Кўнглимни тўқ қилиб, 6-синфда ўқийдиган қўшни қизга болаларни топширдим-у, бозорга югурдим. Нима олишга ҳам ҳайронман. Эримга совға олиб ўрганмаганман-да. Кийим-кечаклар растасининг бошида эркаклар қўлқопига кўзим тушди. Совға учун ёмон нарса эмас. Энди танлаётган эдим ҳамки, қўл телефоним жиринглаб қолди. Экранга чиққан уй телефони рақамини кўриб, юрагим шув этди.
- Келинойи, тез келинг. Шерзод Шаҳинанинг сочига сақич ёпиштириб қўйди. Ҳеч ололмаяпман. Кейин Шаҳина ошхонадаги торт кремидан яламоқчи эди, тоғорачаси билан ерга тўкилиб кетди. Кейинчи...
Қизнинг қолган гаплари қулоғимга кирмади. Сотувчи “Кўринг, арзон қилиб бераман”, деса ҳам, бир жуфт қўлқопни жойига қўйиб, қушдек учдим. Чиндан ҳам уйда аҳвол чатоқ. Эрталаб ҳамма ёқни чиннидек қилиб тозалаган эдим, мана, бир ойдан бери қаралмаган уйдек ивирсиб кетибди. Шаҳинанинг сочидаги сақични мен ҳам кўчиролмадим. Кесишдан бошқа илож йўқ. Аттанг, туғилганидан бери қайчи теккизмагандик, дадаси шаршарадек бўлишини орзу қилиб, калталатишимизга рухсат бермасди. Қизчамнинг сочлари чиройли бўлиб елкасига тушганди, энди кесилиб, ўғил болаларникига ўхшаб қолди. Торт креми билан бежалган ошхона гиламини айтмайсизми?! Ювганимда хўл бўлиб қолгани учун устидан қоп тўшаб қўйдим. Ўғлимни ухлатдим. “Шаҳинанинг бир ўзи бўлса, эплаш осонроқ”, деб, озодликка чиққандек уйига отилаётган Барнони тўхтатдим. Ахир бозордаги ишим битмади-ку. Байрам совғасиз бўлармиди?! Шошма, кўчага чиқишдан аввал лағмонни чўзиб кетақолай, келиб зирвагини пишираман. Саотга қарасам, ҳали вақт бор, тортга янги крем қилишга ҳам улгурдим.
Кулсангиз ҳам айтаман, уйдан ҳовлиқиб чиқиб, устимга пальтомни илиш ёдимдан кўтарилибди. Юпқа куйлакда бирам совидим-ки, ўша куни қор совуғи, роса изғирин эди-да. Одамлар ҳам менга ғалати қараб қўйишяпти. Яна ўша қўлқоп растасига бордим.
- Боя арзон қиламан, дегандингиз, укам.
- Инсоф билан ўзингиз сўранг-чи, келинойи.
- Нархини тушириб бер – қўшни растадаги сотувчи йигит сўз қотди – Опам бечора поччага совға оламан деб пальтони сотган кўринадилар.
- Совимаяпсизми? – қўлқоп сотувчиси менга бош-оёқ разм солди.
- Йўқ, исиб кетяпман! – ёш йигитларнинг калакасига қолганимдан аччиқландим – Беринг, қўлқопни. Ўзининг нархига оламан, арзон қилмай қўяқолинг.
Қўлқопни олдим-у, пулимни қидириб ҳалакман. Қаерга қўйгандим? Эй, ҳа, пальтомнинг чўнтагида эди-ку. Буни сотувчига хижолатомуз айтиб, қўлқопни қайтариб бердим.
- Поччага айтиб қўйинг, 8-мартда сизга кармон совға қилсинлар – сотувчилар орқамдан кулганча қолишди.
Яхшиямки, бозор яқин, пиёда борилади, бўлмаса таксига ҳам пулим бўлмасди. Болалар яхши ўтирганмикин? Қўнғироқ бўлмаяпти-ку, тинчдир-да. Ия, қўл телефоним қани ўзи? Йўқ, пальто чўнтагида эмас, хозиргина қўлимда эди. Демак, боя қўлқопни кийиб кўраётиб, бозорда қолдирганман. Яна ўша бетига қарагим келмаётган сотувчилар олдига боришга мажбур бўлдим.
- Укалар, илтимос, телефонимни беринглар. Шу ерда унутиб қолдирибман.
- Биз ҳеч қандай телефонни кўрмадик. Қанақа аппарат эди ўзи?
- Айпўн 7. Хўжайним туғилган кунимга совға қилгандилар. Йўқолганини билсалар, қаттиқ ҳафа бўладилар – ёш боладек йиғлаб юбордим.
- Опа, ростдан ҳам биз кўрганимиз йўқ. Атроф тўла одам, олдимиздан мижоз аримайди, кимнингдир кўзи тушган бўлса, дарров чўнтагига солволган-да.
- Милицияга хабар қилинг – бояги қўшни растадаги йигит доноларча маслаҳат берди.
- Эй, фойда йўқ, хозирги ўғрилар анойи эмас. Майли, опажон, ҳафа бўлманг, поччам бошқасини олиб берадилар.
Қўлтиғимдан тарвузим тушиб, уйга келдим. Эшик олдига яқинлашиб, яна бир можарони бошлаганимга амин бўлдим. Эшигимиз қаттиқ ёпса қулфланиб қоладиган хилидан. Мен шошганча ёпиб кетаверибман, калит эса пальто чўнтагида қолибди. Ана холос! Худди болалар ичкаридан очишни биладигандек тақиллатдим.
- Келинойи, келдингизми? Шерзод телевизорни ағдариб юборди. Шаҳина лағмон ҳамирини олиб...
- Барно, тепадаги қора темирни кўраяпсанми? Ўшани чапга бурагин.
Қизалоқ бир нималар қилди, лекин эплолмади. Бу ёқда иккита болам “Қамалиб қолибмиз”, деб йиғини бошлашди. Харчанд овутмай овозларини тиндиролмадим.
Барнога пальтом чўнтагидан калитни олиб, пастга улоқтиришни буюрдим. Кўчага чиқиб, илишга шай турдим. Иккита болам “Мен отаман, мен отаман”, деб талашишди. Охири ўғлим зўр чиқиб, калитни маҳорат билан чирпирак қилганди, тепадаги дарахт шоҳига илиниб қолди. Мана сизга навбатдаги саргузашт!
Қўшнимникига чиқиб, турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилдим.
- Дадаси, илтимос, тез келинг!
- Шошмасанг-чи, борганда кўраман ўша сюрпризингни – кайфияти яхшилиги овозидан билиниб турарди.
- Қанақа сюрприз?! Эшикни ёпиб, калитни ичкарида қолдирибман. Уйга киролмаяпман, болалар қўрқиб йиғлашяпти. Бўлақолинг, нима қилиб ўтирибсиз?!
Турмуш ўртоғим бир зумда етиб келди. Кейин ўт ўчирувчиларга қўнғироқ қилди. Барака топгурлар узун нарвонида бешинчи қаватга чиқиб, ойнадан ошиб тушишди. Лекин эшигимизни ичкаридан ҳам очиб бўлмади. Боя Барно очишга уриниб, қулфни бузиб қўйган экан. Яқиндагина уй таъмирланганда ўрнатилган яп-янги эшикни бузишга мажбур бўлдик. Ичкарига кирсак, эримнинг суюкли телевизори ағанаб ётибди. Йўлаклар бўйлаб лағмон ҳамири сочилган. Торт креми бу гал меҳмонхонадаги гиламни бежабди.
- Болаларни ёлғиз қолдириб, қаёққа кетгандинг? – эрим ғазаб билан бақирди.
- Бозорга, сизга совға олгани. Байрам билан табрикламоқчийдим – дедим сувга тушган мушукдек.
Хўжайним оғиз жуфтлаб, навбатдаги “ширин сўз”ини айтмоқчи эди, бадабанг овоздан сесканиб тушди. Бу шумтакаларим ёрган сўнгги пуфак эди. Энди эр-хотин пачакилашиб ўтиришга вақтимиз йўқ, мен уйни йиғиштиришим, дадаси телевизорни тузатиши керак. Ҳа, айтганча, эшикка буюртма бериб, уни ҳам ўрнатиб қўйиш лозим.
Агар кечки пайт хўжайним хужумга ўтса, ҳамма айб ўзидалиги – ўтган йили мендан гина қилиб, табриклашга мажбур этгани, шунинг ортидан олам жаҳон можаро чиққанини айтаман, деб ичимда “репетиция” қилиб турган эдим, аммо у чурқ этмади. Ўзини айбдор санагани учун эмас, мендан шу даражада ҳафа бўлдики, койишга ҳам арзитмади. Буни нигоҳидан уқиб олдим.
Тонгда бир парча қоғозга хат ёзиб, костюмининг чўнтагига солиб қўйдим. Ахир телефоним йўқ, SMS ёзолмайман. Номамда қуйидаги сўзлар битилган эди: “Ассалому алайкум, дадажониси! Ўтган бўлса ҳам, байрамингиз билан табриклайман! Доим бизнинг суянчимиз бўлиб юринг! Шу десангиз, бугун ишдан қайтишда антибиотик укол, тумовга қарши дори, исириқ ва ниқоб олиб келсангиз. Иситмам чиқиб, томоғим оғрияпти. Кеча совуқда шамоллаб қолибман. Олдиндан раҳмат! Пулингиз кўпайсин!”.
Вақт учаётганини қаранг, яна бир йилни тугалладик. “Ватан ҳимоячилари куни”га ҳам оз қолди. Бугун турмуш ўртоғимнинг ўзи эслатма берди:
- Онаси, сен байрам-пайрам, совға-повға деб бош қотириб юрма, хўпми? Ўзинг менга катта совғасан! Оилам тинч, болаларим соғлом, хонадоним саришта бўлса, бундан ортиқ байрам бўлармиди?!

ДУРДОНА ёзиб олди

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+