Янги ислоҳотларга асос бўлувчи аниқ ташаббуслар

22.02.2021 17:02:57

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан янграган нутқ глобал муаммоларга нигоҳ ташлангани ва асосли ечимлар берилгани билан катта сиёсий аҳамият касб этди. Бу Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида биринчи марта иштирок этаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Учрашувда давлатимиз раҳбари бир қанча муҳим масалалар ўртага ташланди. Улардан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдир. Дарҳақиқат, бу Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради. Ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларига қаратилар экан, ҳар бир ташаббус самарали натижа бериши билан муҳимдир. Ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдалана олган инсон эса ана шу ислоҳотларда фақат қабул қилувчи эмас, балки фаол иштирокчига айланади. Ҳуқуқ ҳамда бурчларини теран англаган халқ буюк ишларга қодирдир.

Алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш кун тартибидаги жиддий масала бўлиб, ҳуқуқ-тартибот тизимидан янгича қараш, таъсирчан ташаббуслар билан чиқишни талаб этади. Зеро, юртда олиб борилаётган ҳар бир ислоҳот ўз эгасини топиши лозим.

Республика аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилишини ҳисобга олсак, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш энг устувор вазифа бўлиб қолаверади. Чунки ёшларда ҳуқуқий саводхонликни тўлиқ шакллантириш ҳуқуқий демократик жамият қуришда асосий ва ҳал қилувчи омиллардан биридир.

Учрашувда Президентимиз томонидан “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказиш таклиф этилди. Бу соҳа мутахассислари ва айниқса ёшлар учун айни муддаодир. Бинобарин, илм-фан эгаллаш шундай узлуксиз жараёнки, поён билмайди. Замонавий билимларни ўзлаштириш – давр талаби. Шу жиҳатдан глобал форум янги билимларни эгаллаш ва таҳлил этиш, долзарб масалаларни муҳокама қилишга улкан имкониятлар яратиши шубҳасиз.

Шунингдек, учрашувда гендер сиёсати борасида ҳам сўз юритилди. Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттириш таъкидланди. Айтиш лозимки, бу борада юртимизда сўнгги йилларда залворли ишлар амалга оширилди. Аёлларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилибгина қолмасдан, уларни касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, ўз билим ва иқтидорларини намоён қилишга қаратилган яхлит механизм яратилди. Бу опа-сингилларимизнинг жамиятда ўз ўринларини топишларида катта кўмак бераётир.

Нутқ давомида президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гуттеришнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.  Бу ҳам янги Ўзбекистондаги муҳим ислоҳотлардан бири бўлиб, кўплаб инсонларнинг узоқ йиллик дардларига малҳам бўлди. Мазкур масалага янада жиддий ёндашиш эса олдинда турган вазифаларимизнинг илк қаторида турибди.

Учрашувда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби эзгу мақсадлар ҳам тилга олинди. Бу Президентимизнинг вилоятларга ташрифларида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Ҳа, охирги пайтлар журналистларга эътибор, сўз эркинлигини амалда кўрсатиш ҳамда маҳалла институтини ривожлантириш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Бунга халқимизнинг ўзи бевосита гувоҳдир.

Учрашувда кўтарилган масалалардан яна бири қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш. “Одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз” хитоби бундай жиноятлар учун жазо муқаррарлигини кўрсатиб беради. Демак, инсон шаъни, қадр-қиммати олий, уни шу ҳолида сақлаш давлатда демократия қай даражада амалда эканлигини сўзсиз исботлаб беради.

Мамлакатдаги сиёсий куч сифатида ушбу сессияда кўтарилган масалаларнинг долзарблигини тан оламиз ҳамда белгиланган вазифаларга киришишга тайёр эканлигимизни билдирамиз. Партиядан сайланган депутатлар, экспертлар ва фаоллар ҳамкорлигида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, ислоҳотларнинг иштирокчисига айланамиз.

 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ, 
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+