Янги Ўзбекистон сари дадил қадамлар

03.09.2020 14:09:54

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган маросим ҳар қачонгидан ҳам халқимизга юқори кайфият улашиши билан алоҳида аҳамиятли бўлди. Мухтарам Президентимиз томонидан  қутлуғ шодиёна муносабати билан юртдошларимизга йўллаган табригининг ҳар бир жумласида бир олам таассурот, бир олам ишонч  мужассам экани халқимиз томонидан билдирилаётган шукроналик туйғуларида намоён бўлмоқда.

Мамлакатимизда эмин-эркин яшаш, қадрланган ғурур ва шаънимиз билан қанчалар фаҳрлансак арзийди.

Мустақиллик шарофати билан, айниқса кейинги беш йил давомида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, инсон манфаатларини кўзлаб, ҳар қандай соҳанинг  ривожланиши учун амалга оширилган ташаббуслар, шаҳар, туман ва қишлоқлардаги таниб бўлмас даражадаги бунёдкорлик ишлари, қайси соҳага қараманг замон талаблари акс этган муҳит, янгиланиш ва яшаришнинг гувоҳи бўласиз.

Айниқса, инсонлар саломатлигини ўйлаб ва асраб-авайлаш мақсадида тиббиёт соҳасини  ҳеч қайси давлатлардан кам бўлмаган даражада такомиллашиб, мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлиб бораётгани ҳар бир Ўзбекистон фарзандининг  келажакка бўлган ишончини оширмоқда.

Бу саъй-ҳаракатлар, бу ишонч ва шижоат билан ташланаётган қадамлар тиббиёт ходимларининг, айниқса, ёш, униб-ўсиб келаётган шифокорлар юрагидаги жасоратдан англаб олиш қийин эмас.

Мамлакатимиз бошига тушган оғир пандемия даврининг илк кунларида  коронавирус касаллиги билан касалланган беморлар орасига ўз жонини хатарга қўйишдан чўчимай бемалол беморлар орасига кириб, уларнинг дардларига малҳам бўлган ва икки дунё оролиғидан ҳаётга қайтарган  ёш шифокорлар юрагидаги азму-шижоат албатта, ҳурматли давлатимиз раҳбарининг  тиббиёт ходимларига  билдираётган ишончи, кўкси тўла меҳри, ҳурмати ва эътиборидандир.

Айниқса, куни кеча давлатимиз раҳбарининг мустақиллигимиз  шодиёнасига бағишланган  нутқида тиббиёт ходимларига қарата “Муқаддас қасамиёдига содиқ бўлган шифокорларимиз ҳозирги мураккаб вазиятда, керак бўлса, азиз жонларини фидо қилиб, қаҳрамонларча меҳнат қилмоқдалар. Халқимиз, давлатимиз сизларнинг матонат ва жасоратингизни ҳеч қачон унутмайди”, деб шифокорларнинг меҳнатини юқори баҳолагани, юрт саломатлиги йўлида ёниб яшаётган ҳамкасбларимга фаҳр- ифтиҳор, бир олам қувонч ҳадя этди. Билдирилган бундай юксак ишонч ҳар бир шифокорга матонат, жасорат, метиндай сабр-тоқат бағишлади. 

Шуни ҳам мамнуният билан айтиш жоизки, юртимизда кўзга кўринмас  хавф-хатарни халқимиз ҳеч қандай ваҳима ва саросимага тушмасдан  қарши олдики, бу ҳам Президентимизнинг  оғир ва синовли дамларда  тутган доно сиёсатидандир.

Энг оғир кунлар деб, дунё тан олган пандемия даврида, мамлакатимизда   “Камбағалликдан қутқариш” ҳаракати мисолидаги ижобий ва самарали натижалар, фуқароларимизнинг турмуш шароитидан рози бўлиб яшаётгани, энг муҳими, бирдамлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат билан хайрли ишларни бошида бўлаётганимиз, мамлакатимиз саховатпешалар юрти эканидан  кўксинг ғурурга тўлади.

Юртдошларимиз билан суҳбатлар жараёнида, ўтган даврларда пластик карточкалардаги ойлик маошимизни нақд пулга айлантириш, энг ёмони олиш мумкин бўлган яъни  белгиланган 20 минг сўмни тўрт, беш соатлаб кутганимиз аммо нақд пул етмай 25-30 км масофага қайтиб кетган вақтларимизни, пахта йиғим-теримида ҳудди ҳозирги карантин каби фақат уйда эмас, етти яшардан-етмиш яшаргача пахта даласида бўлиш шарт бўлган даврлар, фарзандларимизга кийим-бош,  айниқса,  музқаймоқ учун туман марказига боришга тўғри келган пайтлар, бетоб бўлиб қолганимизда, узоқ масофага боришга мажбур бўлганимиз,  йўл қийинчилиги билан  соғлигимиз ундан ҳам оғирлашиб қолганини эсласак, мустақиллигимиз берган  бахт дан кўзларимизга ёш келади, дейди шукроналик билан умргузаронлик қилаётган нуронийлар.

Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек,  “Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”.

Мухтасар айтганда,  муҳтарам Президентимизнинг тарихий аҳамиятга эга бўлган галдаги байрам нутқи, тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилаётган бир пайтда,  ҳар қандай ислоҳотни сидқидилдан амалга ошириш орқали янги Ўзбекистон сари дадил қадамлар ташашимизда йўлчи юлдуз вазифасини ўтади.

                                                                                                                                                 

Тохир ПАЛВАНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши раиси

 

 

 

 

 

 

 

 

  

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+