Янги Ўзбекистон ва халқ вакиллик органларининг ривожланиши

01.09.2020 09:09:45

Ҳаммамизга маълумки, ўтган 29 йиллик истиқлол даври халқимиз, давлатимиз ҳаётида туб бурилиш ясади. Айниқса, янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар Президентимиз томонидан илгари сурилган «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойил асосида олиб борилаётганини эътироф этиш жоиз. Бунинг биринчи қадами сифатида мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида қабул қилинган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бевосита аҳолимиз, фуқаролар билан маслаҳатлашган ҳолда, уларнинг таклиф ва тавсиялари асосида қабул қилинганлигида кўришимиз мумкин.

Шу аснода давлат идораларининг фуқаролар билан мулоқотини йўлга қўйиш борасида қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, давлат идораларида жамоатчилик кенгашлари ўз фаолиятини бошлади, фуқаролик жамияти институтларига грант ва субсидия маблағлари уч йил ичида қарийб уч бараварга оширилди, нодавлат нотижорат ташкилотларининг тадбирларни ўтказиши билан боғлиқ қатор тўсиқлар бекор қилинди. Барча муҳим қарорларни, шу жумладан, қонунлар, фармонлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни фақатгина жамоатчилик муҳокамасидан кейингина қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Барча ҳудудларда Президент, Бош вазир қабулхоналари ташкил этилди. Ушбу ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Бунда айниқса Президентимизнинг жорий йилда парламентга мурожаатномасида жуда катта аҳамият касб этмоқда. Яъни, жамоатчиликни ислоҳотларда ҳаракатлантирувчи кучга айлантириш Мурожаатноманинг бош ғояларидан бири бўлди, десак асло адашмаймиз. Эндиликда, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгиланиши қайд этилди.

Бу эса жамоатчиликка жуда катта масъулият юклайди. Яъни муҳим масалалар юзасидан жамоатчилик фикри эшитиладиган, қабул қилинадиган шароит яратилмоқда. Янграйдиган фикрлар эса мамлакат тараққиётига, халқимиз фаровонлигига хизмат қилиш даражасида бўлиши лозим.

Шуларни инобатга олган ҳолда жорий йилда Президент фармони билан Жамоатчилик палатаси ташкил этилди. Маълумки, бугунги кунда аҳоли мурожаатлари, шикоятлари билан ишлаш бўйича аниқ ва самарали тизим яратилган. Эндиликда ушбу палата аҳоли ташаббуси, таклифларини қўллаб-қувватловчи, уларни керакли органларга етказувчи давлат органлари билан фуқароларни бир-бирига боғловчи воситага айланиши кўзланган.

Шу билан бирга жойларда халқ вакилларининг янада самарали фаолият юритиш учун бир қатор қонунларга ўзгартириш киритилиш арафасидамиз. Яъни ҳокимларнинг бир қатор ваколатларини маҳаллий кенгашларга олиб бериш ва кенгашлар ҳузурида котибиятларни ташкил этилмоқда. Албатта ушбу ҳаракатларимиз кенгашлар мустақиллигини таъминлаш йўлида олиб бораётган ҳаракатларимизда олдинга ташланган катта қадам сифатида баҳолашимиз мумкин.

Маълумки, сайловолди ташвиқотларида сиёсий партиялар томонидан жамиятимиздаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўплаб ваъдалар берилди. Халқимиз ана шу ваъдаларнинг амалда бажарилишини кутмоқда ва бунга тўлиқ ҳақли ҳам. Шу ўринда парламент ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловлар аҳолининг сиёсий фаоллигини юксалтириб, халқимизнинг партияларга нисбатан ишончи билан бирга талабчанлигини ҳам кучайтирганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўз-ўзидан савол туғилади: парламентдаги партия фракциялари келгуси беш йилликда қайси масалаларга устувор аҳамият қаратиши лозим? Бунинг жавоби эса оддий: жойларда сайловчилар билан бўлиб ўтган юзма-юз учрашувларда, оммавий ахборот воситаларида билдирилган, ижтимоий аҳамиятга эга фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар, кўтарилган муаммолар – буларнинг барчаси парламентдаги партия фракциялари учун келгуси беш йиллик фаолият дастурига айланиши лозим.

Бу борада “Адолат” СДП фракцияси фаолиятида ечимини кутаётган зарур вазифалар сифатида суд-ҳуқуқ, таълим, соғлиқни сақлаш, коррупцияга қарши кураш каби соҳаларда бир қатор масалаларни белгилаб олганмиз. Хабарингиз бор ушбу соҳаларда ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасида 4 йил олдин бошланган ислоҳотлар бўлмаганида, бу йилдаги пандемия шароитида биз қандай муаммоларга дуч келишимизни тасаввур қила олмаймиз. Оилавий поликлиникалар, ҚВПлардаги ислоҳотлар олиб борилмаганда бугун бундай синовли даврни ўтказиш ўта мушкул бўлар эди.

Айни вақтда, парламентда фракциялар фоллигини ошириш бўйича яна айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблаймиз. Ҳозирги кунда фракциялар бирор бир қонун ижроси ёки муаммоли масала юзасидан жойларда ўрганиш олиб бориш учун назорат-таҳлил фаолиятини тўғридан-тўғри амалга оширолмайди. Бунда палата қўмиталари ёки маҳаллий Кенгаш доимий комиссиялари ёрдамига таяна олади холос.

Худди шу ҳолат ҳукумат вакилининг эшитувини ташкил этиш жараёнида ҳам кузатилади. Ваҳоланки, партия фракцияси сиёсий партиянинг халқ муаммоларини ўрганиш асосида шакллантирилган ғоя ва вазифаларини амалга оширувчи энг асосий тузилма ҳисобланар экан, унинг ваколатларини кенгайтириш зарурати мавжуд.

Шунинг учун фракцияларга ҳам назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш ҳамда фракция эшитувини ўтказиш ваколатини бериш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шу тариқа биз таъсирчан парламент орқали самарали ижро ҳокимияти фаолиятини йўлга қўйишга эришамиз. Бундан ташқари, сайловчилар билан учрашувларда билдирилган муаммоли масалаларни бевосита тегишли мутасаддилар иштирокида ҳал этиш амалиёти йўлга қўйилади. Шу билан бирга ушбу қадам “қонунни қабул қилиш билан парламентнинг иши якунланди”, деган эскича қарашдан воз кечишга туртки бўлади.

“Халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир”. Ушбу конституциявий норма сўнгги йилларда ҳаётимизда янада ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Буни юқоридагилар мисолида кўриш билан бирга жорий йилги пандемия шароитида давлатимизнинг саъйи-ҳаракатларида намоён бўлади. Жумладан, жорий йилги пандемия шароитида Ўзбекистон ҳар қандай вазиятда ҳам ичкаридаги ва ташқаридаги фуқароларини асрай олиш салоҳияти мавжуд эканлигини кўрсатиб берди. Пандемия бошланганидан буён мамлакатлараро қатновлар тўхтатилган бир шароитда 60 мингга яқин фуқароларимиз олиб келиниши ва уларнинг соғлиғи тўғрисида қайғурилаётганининг ўзиёқ кўп нарсадан дарак беради. Шу билан 40 мингдан ортиқ касалланган ҳар бир беморнинг даволаш, дори-дармон, овқатланиш харажатларининг барчасини давлатимиз томонидан қоплаб берилаётгани “Бу юртда инсон ва унинг манфаатлари азиз” тамойилининг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, қилмоқчи бўлган ишларимиз қилаётган ишларимиздан залворлироқ. Бир дақиқа бўлса ҳам бўшашишга ҳақимиз йўқ. Зеро, бизга ўз овозини берган, ўз эртасини бизга ишонган миллионлаб инсонлар нигоҳи бизга қадалган. Ишончни оқлаш эса улкан масъулият юклаш билан бирга шарафли вазифадир. Шундай экан, мамлакат ривожи, халқ меҳри учун сиёсий партия, унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси, маҳаллий Кенгаш депутатлари биргаликда ҳаракатланиши лозим.

Наримон УМАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари,
“Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+