Янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган 7 та ташаббус илгари сурилди

23.02.2021 12:02:01

Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини ошириш, мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш ҳамда хорижда ва мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, ўзаро манфаатли ташқи сиёсатни давом эттириш соҳаларида сўнгги 4 йилда бир қатор самарали мулоқот ва сиёсатни амалга ошириб келмоқда.

Куни кеча бўлиб ўтган Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқи бу борада Ўзбекистон сиёсати ва стратегияси ҳеч қачон ўзгармас эканлигининг яна бир ёрқин мисоли бўлди.

Хусусан, давлат раҳбари ўз чиқишида нафақат Ўзбекистон шу билан бирга бутун дунё ҳамжамияти учун муҳим бўлган 7 та ташаббусни илгари сурди. Жумладан, қийноқларнинг олдини олиш ва бундай ҳолатга чек қўйиш борасида сўнгги йилларда бир қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу каби ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида эса, 2021 йилга мўлжалланган давлат дастурида ҳам алоҳида вазифа белгиланган. Давлат дастурининг 23-бандида Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш мақсадида 2021 йил 1 мартга қадар Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳузурида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш, ушбу гуруҳлар фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ва мунтазам ёритиш вазифалари белгиланган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз маърузасида дунё аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этаётган ёшлар масаласида ҳам бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш ҳамда Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш кабилар шулар жумласидандир.

Давлат раҳбари БМТ Бош котиб Антониу Гутерриш Жаноби Олийларининг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлаган ҳолда бу борада Ўзбекистонда тўпланган тажрибага ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, 2020 йилнинг ўзида 1995 йил 1 январга қадар мамлакатимизга кўчиб келган 50 минг нафар ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди. Бу йил 2005 йил 1 январга қадар мамлакатга кўчиб келган яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлиши белгилаб қўйилган.

Маърузада суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам бирқатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Зеро сўнгги йиллар мобайнида Ўзбекистонда судлар мустақиллигини таъминлаш, суд идораларининг чинакам адолат қўрғони бўлиши учун ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилди. Суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этиш ҳамда ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди.

Бунинг натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиб, ўтган 4 йилда 2 минг 770 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган, 2 минг 687 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 5 минг 225 нафар фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган айбловлар чиқарилган. Булар, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги катта ютуқлардандир. Хаттоки, бу каби ижобий ўзгаришлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг судьялар мустақиллиги бўйича махсус вакили Диего Гарсия-Саян жаноблари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилган.

Хулоса қилиб айтганда, давлат раҳбари ўз чиқишида қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида Ўзбекистонда одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйлмаслиги, сўз ва фикр эркинлиги борасида бошланган ташаббуслардан ҳеч қачон ортга қайтилмаслиги яна бир бор маълум қилинди.

Галдаги вазифа эса биз парламент вакиллари, мазкур дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланган ташаббусларни парламентлараро мулоқотларга киришган ҳолда ўз вақтида ва тизимли амалга оширилишини таъминлашдан иборатдир.

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+