Янгича мулоқот майдонида дастурий мақсадларимиз қўллаб-қувватланди

16.10.2019 23:10:09

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Кенгаши томонидан ўтказилган Сифатсиз ва қалбакилаштирилган  дори воситаларига  қаршимиз!” номли тарғибот  тадбирида партия вакиллари, тиббиёт ходимлари, бир гуруҳ спортчилар, талаба ёшлар Амир Темур хиёбони майдонига жам бўлишди. Бу пайтда пойтахтимизнинг Миробод тумани Сайлгоҳ кўчаси карнай-сурнай садолари билан кишиларни чорлади.

Сифатсиз ва қалбакилаштирилган  дори воситаларига қаршимиз!”. Мазкур шиор остидаги тадбирда қалбакилаштирилган дори воситалари, уларнинг нархларидаги тафовутлар, дорилар рецептсиз сотилишига партия ўз муносабатини билдириш орқали дастурий ғоялар илгари сурди.

Тадбир аввалида партиянинг Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари билан юзма-юз мулоқотлар йиғилганларнинг кўз ўнгида янгича мулоқот майдонини юзага келтирди. Айниқса, ёшлар томонидан “Куч адолатда!”, Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига  қаршимиз!” шиорлари баралла айтилар экан, уларнинг бирдамликдаги овозлари осмон узра жаранг солди. Бу жараёнда тиббиёт ходимларининг, талабаларнинг фармацевтика, соғлиқни сақлаш, таълим тизимидаги ислоҳотлар юзасидан ўзларининг фикр ва таклифларини бериш имконига эга бўлишди. Тадбир давомида иштирокчиларнинг дастурий мақсадларимизни қўллаб-қувватлашидан, уларнинг кўзларида ғояларимизга бўлган хайрихоҳлик яққол намоён бўлди.

Маълумки, партия ўз сайловолди дастурида Ўзбекистонда қалбаки ва ноқонуний дори воситаларининг муомалада бўлишига қарши курашга чорламоқда. Препаратларни қалбакилаштириш умуммиллий миқёсдаги муаммо саналади. Ҳар бир сохта дори ўрами эса, фуқаролар саломатлиги ва ҳаётига катта хавф туғдиради. Маълумотларга қараганда 2018 йилда фармацевтика хавфсизлиги институти томонидан дунё миқёсида сохта тиббиёт маҳсулотлари билан боғлиқ 4405та ҳолат рўйхатга олинган. Уларнинг 665таси МДҲ мамлакатларига тўғри келар экан.

Шу ўринда айтиш лозимки, қалбаки дори воситалари муаммоси барчани хавотирга солиши тайин. Чунки сохта дорилар инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Мамлакатимизда ҳам қалбаки ва сифатсиз дори воситаларига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилиши лозимдир. Ушбу муаммо ҳақида нафақат гапириш, айни дамда уни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш пайти келди.

Янгича услубда ўтказилган тарғибот тадбирида қизиқарли викториналар ўтказилиб,  ғолиб  топилган иштирокчиларга партия томонидан совғалар топширилди. Тадбир давомида санъаткорларнинг бадиий чиқишлари кўтаринки кайфият улашди. Янграган куй-қўшиқлар барчани бирдек рақсга чорлади. Бир сўз билан айтганда, мазкур тадбир эсда қоларли жараёнларга бой бўлди.  

Зулайҳо АХМАДЖОНОВА,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+