Ёшларда толерантлик туйғуси бўлса, тарбия жараёнида тадрижийлик таъминланади

22.05.2020 23:05:53

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Ҳозирда Қўмита қошида 138 та миллий маданий марказ фаолият юритади. Мазкур Қўмитанинг асосий вазифалари жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда яшовчи турли миллат ва элатлар вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари ва урф-одатларини асраб-авайлаш, хорижий мамлакатларда давлатимизнинг тинчликсевар сиёсати, демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш борасида Ўзбекистоннинг мақсад ва вазифаларини, шунингдек, бугунги кунда мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида эришилаётган муваффақиятларни кенг тарғиб қилиш ва бошқалардан иборат.

Айни пайтда, дунё бўйлаб авж олаётган терроризм тўлқини, уюшган жиноятчиликнинг ўсиши, шахслараро низоларни, бизнес юзасидан келишмовчиликларни қурол ёрдамида ҳал қилишга уринишлар, шубҳасиз, толерантлик тамойилларининг қарор топишига тўсқинлик қилади. Бугунги кун жамиятда толерантлик муҳитини шакллантириш ҳаракатлари тобора кучайиб бормоқда. Барчага толерантлик муаммосининг долзарблиги аён бўлмоқда, шунинг учун бу муаммонинг ечимига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ёшлар онгига бағрикенглик ғояларини сингдиришда таълим тизими алоҳида аҳамиятга эга. Сабаби, инсон фарзандлари айнан таълим муассасаларида тўпланган ижтимоий тажриба ва қадриятларни илмий асосда ва тизимли тарзда ўзлаштириб боради. Қолаверса, таълим тизими босқичлари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик туфайли тарбия жараёнида тадрижийлик таъминланади. Таълим тизими ёш авлодда миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, миллатпарварлик туйғуларини қарор топтириш баробарида улардаги ҳар қандай миллатчилик туйғуларини, ўз миллати, динининг бошқаларникидан устунлиги каби туйғулар юзага келишининг олдини олиш зарур. Зеро, бу туйғуларнинг ёшлар қалбида куртак отиши, пировард натижада, миллий низоларга, диний тўқнашувларга олиб келиши мумкин. Демак, таълим муассасаларининг муҳим вазифаларидан бири – ёшларда толерантлик туйғусини қарор топтиришдан иборат.

Бундан кўриниб турибдики, таълим тизими миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ғоясини сингдиришга хизмат қилувчи муҳим механизм бўлиш билан бир қаторда, таъбир жоиз бўлса, миллатлараро муносабатларнинг аҳволини кўрсатувчи ўзига хос кўзгудир.

Юртбошимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасига қаратилган.

Қолаверса, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бу борада шундай дейилади: “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади”.

Айтиш жоиз, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу соҳага қаратилаётган эътибор халқаро меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросининг амалий ифодаси ҳисобланади. Айниқса, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни БМТнинг 72-сессияси минбарида туриб, дунё ҳамжамиятини ислом маърифатини англашга, диний бағрикенглик руҳида яшашга чақириб, “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилиш таклифи билан чиқиши ва буни дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланиши – ўзбек халқи, умуман инсоният учун бағрикенглик намунаси ҳамда маърифатга чорлов ва эзгулик даъвати бўлди. Мазкур резолюцияга элликдан ортиқ давлатлар ҳаммуаллиф бўлиш истагини билдирди. Зеро, “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаритилганлиги билан муҳим халқаро аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, ёш авлодни толерантлик, ҳамжиҳатлик, турли миллат ва дин вакилларига ҳурмат руҳида тарбиялаш бугунги глобаллашув даврида ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб ҳисобланади.

Бунда, дин ва жамоат ташкилотлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари ўртасида ижтимоий ҳамкорликни янада кучайтириш, диншунослик, дунё динлари тарихи, адабиёт, маънавият асослари, миллий ғоя каби фанларни ўқитишда кўпроқ толерантлик тамойилларига урғу бериш ва бу асосида маънавий-ахлоқий тарбияни амалга ошириш, ёшларни республикадаги байналмилал маданият марказига ташрифларини уюштириш ва бу орқали турли миллат вакиллари билан дўстона мулоқотни кенгайтириш орқали ёшлар онгига толерантлик туйғусини янада чуқур сингдириш мумкин.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, бугунги кунга келиб, мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни йўлга қўйиш борасида ўзига хос амалий ишлар қилиниб, намуна бўладиган даражада тажриба орттирилди. Бунда миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва миллий ифтихор туйғусини тарбиялаш, миллатларнинг тили, маданияти, урф-одат ва қадриятларини асраб-авайлаш, ҳурмат қилиш, мамлакатдаги бошқа миллат вакилларини ҳам манфаатларини ҳар томонлама ўйлаб, миллатларнинг умумий бирдамлигини таъминлашга эришилмоқда. Шу боис республикамиз ҳудудида истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Ўзбекистон – ягона Ватан” шиори остида яшамоқдалар ва жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этяптилар.

Шуни инобатга олган ҳолда ишонч билан   шуни айта оламизки, мамлакатимизда миллатлараро ва конфессиялараро тотувликнинг ноёб моделини яратдик. Бизнинг жамиятимизда кўпмиллатлилик ва маданий хилма-хиллик халқимизнинг маънавий ҳамда маърифий бойлигининг тугалмас қисми ҳисобланади. Юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни янги босқичга кўтарилганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Бинобарин, бағрикенглик масаласи ҳамиша тинчликсевар давлатимиз сиёсатининг асосини ташкил этиб келган. Зеро, бағрикенглик таъминланган юртда тинчлик, барқарорлик ҳукм суради ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик, ишонч, ҳурмат каби муносабатлар тўлиқ қарор топади.

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+