Юқори Чирчиқдаги митинг иштирокчилари “ақлли тиббиёт”ни талаб қилишди

14.10.2019 20:10:46

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Юқори Чирчиқ тумани Мустақиллик майдонида “Ақлли тиббиёт – барча учун” шиори остида  митинг ўтказилди.  

Тадбирда кенг жамоатчилик,  туман ва  партия фаоллари, ҳайриҳоҳлари, депутатлари,  ҳудудга таниқли санъаткорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Самимий руҳда ўтказилган тадбир аввалида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси  Наримон Умаров сўзга чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, шаҳар ва қишлоқларда бир хил нархда дорилар сотилишига эришиш, олий таълимда квоталарни бекор қилиш, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни илдизи билан қуритиш каби партия олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Тадбир давомида “Адолат” партияси  томонидан илгари сурилган долзарб лойиҳалар,  ғоялар йиғилганлар томонидан қўллаб қувватланди.

Жонли мулоқот тарзидаги интерактив ўйинлар, совринли викториналар билан ўтказилган мазкур тадбир барчага манзур бўлди. Ғолиблар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир иштирокчиларининг кайфияти билан қизиқдик. Иштирокчиларнинг юз-кўзидан мамнунлик балқиб турганини кўриб хурсанд бўлдик.

Раьно Мирбобоева, туман кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси  шифокори:

—Партия томонидан бугунги кунда илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар мени жуда илҳомлантирди. Хусусан, ҳудудларда зарурий йўналишларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган ихтисослашган тиббиёт марказларининг филиалларини ташкил этиш, фуқароларнинг саломатликлари борасидаги ҳужжатларини электрон шакллантириш учун “Ақлли тиббиёт” тизимини жорий этиш каби долзарб масалаларни асосий мақсад деб билган Ўзбекистон “Адолат” СДПга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Мухаббат Жураева,  Юқори Чирчиқ  тумани   7–сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси:

— Бугунги тадбир ҳар томонлама фойдали бўлди. Бундай учрашувлар фақат эзгуликка хизмат қилади. Тадбирда Президентимиз илгари сурган бешта ташаббуснинг мазмун-моҳияти содда тилда тушунтириб берилди. Бешта ташаббус комилликнинг устуни, деб биламан. Ундаги асосий мақсад ёшларимизнинг бўш вақтини уларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда, мазмунли ташкил этиш, санъат, спорт, илм-фан, компьютер технологияси ва интернетдан фойдаланишлари учун шароитлар яратиш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш каби эзгу ишларга қаратилган экан, демак эртамиз бугунимиздан кўра яхшироқ бўлиб бораверади. Айни шу ҳаётбахш куч билан ёшларимизни турли ёт ғоялар, таҳдид ва тажовузлардан ҳимоя қила оламиз, уларга қарши иммунитетини шакллантирамиз, маънавияти юксак, соғлом, ҳақиқий ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаймиз.

Барно Абдуллаева , “Ёшлик ” маҳалласи фуқароси:

— “Мустақиллик”  майдони яқинида яшайман. Майдонга  йиғилган одамлар, куй ва қўшиқлар овозини эшитиб, қизиқиб келавердим.  Қарасам, “Адолат” партияси тарғибот тадбири ўтказаётган экан. Рости, ҳайратландим. Олдинлари ҳам партия тадбирларида қатнашганман. Ўйлайманки, бугунги тадбир партиянинг мақсад ва ғояларини тарғиб қилиш, ҳайрихоҳлар сафини кенгайтириш, фуқароларининг мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, қонунчилик соҳасида ва парламент фаолиятида олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардорлигини оширишга хизмат қилади.

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+