Юртбошимизнинг ёшларга яна бир ишончи

14.01.2020 15:01:07

Президентимиз Шавкат Мирзиёев келажагимиз эгалари бўлган  ёшларга доим алоҳида эътибор билан қарайдилар. Айниқса, таълим соҳасидаги ислоҳотлар замирида йигит-қизларнинг комил инсонлар қилиб тарбиялаш бош мақсад қилиб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон халқига Янги йил табригида «Фарзандларимизга муносиб таълим ва тарбия беришга, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз», дея алоҳида таъкидладилар.

Бу гапнинг амалдаги тасдиғини барчамиз ҳар қадамда яққол сезиб турибмиз. Янги йил байрамидан уч-тўрт кун аввал Юртбошимизнинг пойтахтимиз Тошкентдаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқур ўқитишга ихтисослашган мактабда ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказгани фикримизнинг  далилидир.

– Ёшлар орасида «Мен сизнинг ёнингизда туриб камарбаста бўламан!» деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман, – деди Президент. Учрашувда ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Бу янгиликка интилувчан ва ташаббускор йигит-қизларга қанот бағишлайди, албатта.

Айтиш лозимки, давлатимиз, ҳукуматимиз, халқимиз келажагимиз эгаларига ишоняпти. Кейинги йилларда таъсис этилган «Мард ўғлон» Давлат мукофоти, «Келажак бунёдкори» медали эса мамлакатимиз обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган ёшларнинг бошини  силаётган Юртбошимиз ғамхўрликларининг ёрқин ифодасидир.

Юқоридагилар  ҳақида ўйлар эканман, бугун жамиятимизда ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш даври бошланганини чуқур ҳис этдим. Мустақил Ўзбекистоннинг  фарзандлари қанчалар бахтли. Уларнинг зиммасида   мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида ҳалол хизмат қилишдек масъулиятли ва шарафли вазифа турибди. Бу Юртбошимиз ишончини оқлашдан иборат. Сафимиздаги “Ёш адолатчилар” бу ҳаракатнинг олдинги қаторида бориши шубҳасиз. 

                                                              Акбаржон НАЗАРОВ,

                        Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

                                вилояти кенгаши матбуот котиби

                                                       

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+