Жаҳл чиқса, ақлни жиловланг, ҳурматли ота-оналар!

01.03.2021 11:03:26

Ўқитувчи касби ва унинг нуфузини ошириш тўғрисида республикамизда бирмунча ишлар амалга оширилаяпти. Таълим муассасаларида ўқитувчилар машғулотлар олиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилаяпти. Мактабларда ўқувчиларнинг замонавий билимларини пухта эгаллашлари учун қулай имкониятлар бор.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Китоб туманидаги 85-умумтаълим мактабида Қарши давлат Университети тарих факультети 4-босқич талабаси Бобоназар Хуррамов амалиётчи сифатида илм масканининг 5-а синфига машғулотга кириб, шу синфда ўқийдиган Асила Азизовани ҳаёл суриб ўтирганлигини сезиб қолади ва дафтари билан юзига ишора қилади. Аслида ҳам бўлиб ўтган воқеа худди шундай. Биз  Ўзбекистон “Адолат” СДП туман Кенгаши фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатларимиз иштирокида ҳақиқий аҳволни ўргандик. Ўқувчи Асила Азизова ўқитувчини бир оғиз берган танбеҳини ўзича ҳақорат деб тушуниб, бувиси Норхол Адировага шикоят қилади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ўқитувчи дарсда ҳаёл суриб, суҳбатлашиб ўтирган ўқувчиларга дарсда эътиборли бўлиши лозимлиги, фикрини бир жойга жамлаши ҳақида танбеҳ беришга ҳаққи бор-ку. Нега, биз ота-оналар ўз фарзандларимизни ҳимоя қилиб, азиз ўқитувчиларни ҳурматсиз қилиб қўйяпмиз. Шу куннинг ўзидаёқ Асила Азизованинг бувиси Норхол Адирова мактабга келиб, бошқа ўқитувчиларнинг тушунтиришларига қарамай, ўқитувчилар хонасига тўғридан-тўғри кириб, эндигина катта эзгу ниятлар билан педагоглик фаолиятини бошлаётган Бобоназар Хуррамовни куракда турмайдиган сўзлар билан мактаб жамоасининг олдида ҳақорат қилиб, энг ачинарлиси бунга ҳам қониқмасдан Бобоназар Хуррамовга нисбатан жисмоний куч ишлатиб, юзига тарсаки туширган. Бу ҳолатни кузатиб турган мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Абдурашид Ризақулов тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштиради.

Ушбу масалага аниқроқ ёндашадиган бўлсак, бўлиб ўтган воқеага ўқитувчи Бобоназар Хуррамовни айби йўқ деб ҳисоблаймиз. Ота-оналар, таълим муассасаларида камол топаётган жондан азиз дилбандларимизга таълим бераётган хурматли устозлар қадрини ерга урманг! Жаҳл чиқса, ақлни жиловланг ҳурматли ота-оналар, деймиз.

Таълим муассасаларида бўлиб ўтган ҳар қандай ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги келишмовчиликлар тафсилотларини мукаммал ўрганмасдан педагогни ҳақорат қилманг.

Айни пайтда ушбу кўнгилсиз ҳолатни туман прокуратураси, вилоят таълим инспекцияси, туман ҳалқ таълими бўлими масъуллари томонидан ҳам ўрганиб чиқилди. Бўлажак ўқитувчи Бобоназар Хуррамов томонидан эса, бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳолатга адолатли баҳо бериш учун туман маъмурий судига даъво аризаси киритилди.

Биз Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари туманимиздаги бошқа мактабларда ҳам бундай кўнгилсиз воқеалар бўлмаслиги учун ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида амалдаги қонун хужжатлари асосида тушунтириш ишларини олиб боряпмиз.

Нажмиддин ТЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Китоб туман Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+