Жамият ҳаётининг жони ва руҳи маънавият

22.02.2021 21:02:53

Муҳтарам Президентимиз мамлакатимиз мафкурасининг асосий ғоясига таъриф берар экан, “Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”, деб таъкидлади. Президентимиз раислигида ўтган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш кўпдан буён юрагимизни алангалатаётган муаммоларга малҳам қўйди. Йиғилишда маънавият масаласига миллий хавфсизлигимиз ва бугунги кунимизнинг кечиктириб бўлмас ҳаёт-мамот масаласи сифатида баҳо берилди.  

Назаримда, давлатимиз раҳбарининг маънавият борасидаги атрофлича танқидий таҳлили ҳар бир зиёлини чуқур ўйга толдирди, виждонини қийнади, деб ўйлайман.  

Қўйилган масалалар миллатни миллий тикланишдан миллий юксалишга олиб чиқадиган, зиёлиларни бир мақсад йўлида бирлаштирадиган тарихий вазифалар бўлди.

–Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, – деди давлатимиз раҳбари йиғилишда. – Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси, бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт, иккинчиси, аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият.

Президентимиз таъкидлаганидек, болаларимизни телефон тарбиялаяпти. Мафкуравий хавф-хатарлар чегара билмаяпти, эшик қоқмасдан кириб келяпти. Бугун юртимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 22 миллиондан ошди. Бу кўринмас ёв орқали ёшлар онгини эгаллашга қаратилган ёлғон ахборот тарқатиш, миллий қадриятларни емириш, халқнинг тарихий хотирасини емириш, зўравонлик, ҳаёсизлик каби ёт қадриятларни тарғиб қилиш, ахборот хуружларини уюштириш авж олдирилмоқда.

Хориж матбуоти хабарларига кўра, ҳозир Ғарб давлатлари телевизион дастурлари ва фильмлари жаҳон медиа бозорининг тўртдан уч қисмини эгаллаган. Уларнинг тушунарсиз мусиқаси, маъносиз ҳамда ғайриинсоний ҳаракатлардан иборат қўшиқлари, қизиқиши, овқатланиш одати, ҳатто кийинишигача тақлид қилинаётганлиги маънавиятимиз, жон ва руҳимизга болта уриш билан баробардир. “Қалбинг деразасини дунёга очиб қўй. Токи унга тоза ҳаволар, қуёшнинг ёруғ нурлари, райҳон-у жамбилларнинг жаннат бўйлари кирсин. Лекин огоҳ бўлки, қалбингнинг очиқ деразасига кирган бўрон-у тўфонлар, қуюнлар, уни остин-устин қилиб вайрон этмасин.” Мутафаккир боболарнинг минг йиллар олдин айтган бу ҳикматли сўзлари худди бугунги интернет ҳақида башорат қилгандек, бизни огоҳлантираётгандек.

Йиғилишда салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш масаласига жиддий эътибор қаратилди. Маънавий-маърифий ишларга дахлдор бўлган ташкилотлар ҳар бири алоҳида, ўз ҳолича иш олиб бораётгани боис бу соҳада натижадорлик кўринмаяпти. Президентимиз келгусида бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш учун марказ ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини кескин кучайтириш, унинг фаолияти илмий тадқиқот ва тарғибот-ташвиқот йўналишларида қайта ташкил қилиш, ҳудудлар марказида намунавий лойиҳа асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан соҳага қўшимча штатлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди” ташкил этилиши қайд этилди. Бу жамғармага 120 миллиард сўм ажратилиб, маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали амалга ошириш, миллий адабиётимизни ривожлантириш учун сарфланади. Бу маблағнинг 90 миллиард сўми ҳудудларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга, 20 миллиард сўми Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга, 10 миллиард сўми мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилишга йўналтирилади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан китобхонлик маданиятини кенгайтириш, ёшлар ўртасида миллий адабиётимизни тарғибот қилиш учун мамлакатимиздаги 10 мингдан зиёд мактабга ижодий ва маънавий ишлар бўйича тарғиботчи лавозимини таъсис этилганликлари ижодкорлар, журналистлар, олимлар, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. «Агар кимдир маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир», – дедилар Юртбошимиз.

2021 йилга “Ёшларни кўллаб-кувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустахкамлаш йили” деб ном берилиши  депутатларни масъулият билан ишлашга ундайди. Ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларини тубдан ислох килишга сафарбар этади.

Сўзимни буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳикматли сўзлари билан мухтасар қилгим келди: "Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замон илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур.”

Дарҳақиқат, унда белгилаб берилган устувор вазифалар амалга оширилишида  ҳар биримиз ўз зиммамиздаги масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда хизмат вазифамизга виждонан ёндашишимиз зарур. Президентимиз ўз Мурожаатномаларида таъкидлаганларидек, бу ерда «инсоннинг интилиши» деган тушунча муҳим аҳамият касб этади. Зеро, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси онги ва шуури эртанги ёруғ истиқболга нисбатан қатъий шижоат билан мужассамлашган бўлса, мен ўйлайманки, биз мақсадларимизга албатта эришамиз.

 

         Мирзохид АБДУКАДИРОВ,   

Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутати,

Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар,

 ёшлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик

жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ишлаш

масалалари бўйича доимий комиссияси раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+