Жамоатчилик палатаси – қонуний манфаатларни ҳимоя қилувчи куч

21.05.2020 13:05:56

Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони янги Ўзбекистонда очиқлик ва ошкораликни таъминлашда янгича ёндашувларни жорий этишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди.

Жамият ҳаётида жамоатчилик назоратининг мавжудлиги демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти тараққиётининг муҳим шарти бўлиб, у ҳаётдаги энг долзарб, фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларни самарали ҳал этишга яқиндан кўмаклашади.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва юртимизни модернизация қилишда жамоатчилик назоратининг ролини кучайтириш, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш ва умуман фуқаролик жамияти институтларининг жамият ҳаётидаги ролини ошириш борасида изчил, тизимли ишлар амалга оширилаётгани эътиборга сазовордир.

Хусусан, мамлакатимизда жамоатчилик палатаси институтига ҳуқуқий мақом берилиши билан энг аввало жамоатчилик назорати ҳуқуқий меъёрлар асосида ўзаро тартибни ва жамиятда барқарорликни таъминлашга кенг имконият яратилди.

Жамоатчилик палатаси фуқароларнинг қизиқишлари, интилишлари, эҳтиёж ва манфаатларини ҳимоя қилади,  фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришни, давлат ва жамият тараққиётида фуқароларнинг дахлдорлик ҳиссини уйғотишни рағбатлантиради.

Фармонга мувофиқ, жамоатчилик палатаси давлат ва жамият бошқарувининг янги босқичида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган турли нодавлат-нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситлари, сиёсий партиялар ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари ўзаро ижтимоий ҳамкорлик тўлақонли йўлга қўйилади. Фармонда мамлакатимизда янгидан шаклланаётган давлат бошқарув органлари мансабдор шахслари томонидан халқ олдида бериб бориладиган ҳисоботлари доирасида жамоатчилик палатаси вакиллари фаол иштирок этиши ва давлат ҳокимияти бошқарув органлари билан самарали ҳамкорлик тизимини йўлга қўйилиши назарда тутилган.

Биз мазкур янги тузилма аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтиришда амалий механизм бўлишига  қатъий ишонамиз. Энг асосийси, жамоатчилик палатаси фуқароларнинг қизиқишлари, интилишлари, эҳтиёж ва манфаатларини ҳимоя қилади Бу борада партия аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш орқали ўзининг сайловолди ваъдаларини амалда бажаради, халқимиз билдирган ишончни оқлайди ва ушбу ишончни янада мустахкамлайди

Ушбу Фармоннинг қабул килиниши жамият ижтимоий ҳаётида қонун устуворлигини таъминлаш, давлат ҳокимияти бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда энг муҳими фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ахамият касб этади.

Жамоатчилик палатаси аъзоларини шакллантиришда номзодларни кенг жамоатчилик вакиллари танловига тақдим этишдан олдин номзодларни партия Пленумларида ва Халқ депутатлари Кенгашларида атрофлича ўрганиб, муҳокама қилиб, кейин тавсия этиш зарур деб ўйлайман. Палата аъзоси жамоатчилик билан иш юритишда фаоллиги, киришувчанлиги, кўникмаси, энг асосийси курашувчанлиги катта аҳамият касб этади. Шунингдек, ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларининг фуқаролар олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қуйиш, жамоатчилик палатаси назоратида бўлишни кучайтириш ҳам зарурдир.

Президентимизнинг халқчил ғоя ва ташаббуслари билан ташкил этилган жамоатчилик палатаси жамият ижтимоий ҳаётида қонун устуворлигини таъминлаш, давлат ҳокимияти бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда энг муҳими фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

 

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+