Жавобсиз қолдирилаётган депутатлик сўровлари

16.10.2019 14:10:57

Маълумки, депутатга берилган ваколатлар орасида депутатлик сўрови алоҳида аҳамиятга эга институт ҳисобланади. Негаки, унда кўтарилаётган ҳар бир масала ортида, энг аввало, инсон тақдири, кўпчиликнинг манфаатлари туради. Қолаверса, бу тизим одамларнинг партияга ишончини оширишга хизмат қилади. Мавжуд муаммолар юзасидан депутат мутасадди раҳбарга депутатлик сўрови юбориб, масаланинг ҳал этилмаслиги эса омма орасида ҳаётдан рози бўлиб яшаш умидини сусайтиради.     

Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи  мутасадди ташкилот ва муассасаларга жорий йил октябрь ойигача бўлган ҳолатда 15 та депутатлик сўрови чиқарди. Мазкур депутатлик сўровларининг ижобий ечим топганлари билан бирга жавобсиз қолдирилганлари ҳам мавжуд бўлиб, улар ҳамон ўз ечимини кутиб турганлиги киши дилини хира қилади.

Хусусан,  19 - Бўстон  сайлов округидан сайланган  депутатимиз Бўри Маҳматмуродов жорий йил 19 апрелда хонадонма хонадон юриб, аҳоли билан юзма юз мулоқотлар жараёнида қилинган мурожаатлар асосида масъул ташкилот раҳбарларига 8 та депутатлик сўрови киритди. Аммо, улардан 3 таси ҳамон ўз жавобини кутяпти. Жумладан, Термиз шаҳар “Бўстон” МФЙ Бахт кўчаси 36 уй 13 хонадонда яшовчи М.Б.Малихнинг 2 йилдан буён тўшакда ётиб қолганлиги,  унинг даволанишига амалий кўмак сўраб  вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятига юборган депутатлик сўрови жавобсиз қолдирилган.

Шунингдек, жорий йил 17 май кунида соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятига юборилган Термиз шаҳар “Темир йўлчи” МФЙ Шеробод кўчаси 2 уйда яшовчи фуқаро Ж.Саидовнинг оғир аҳволда яшаётганлиги, чап кўзи хиралашиб кўрмаётганлиги туфайли даволаниши  учун ордер ажратилишида амалий кўмак сўраб юборган депутатлик сўрови ҳамда шаҳардаги “Бўстон” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Ў.Одинаеванинг қандли диабет билан хасталангани, даволаниши учун имконсизлигини эътиборга олиб Ў.Одинаевага ҳам бепул дори дармон ажратилишида амалий ёрдам сўраб юборган депутатлик сўрови эътиборсиз қолдирилган. 

Кўриниб турибдики, ҳал қилинган ёки ечим топмаган масала ҳақида сўз юритиб, халқ вакиллари сайловчилар  нафаси билан яшаётгани эътиборли. Аммо, аниқланган муаммоларни ўз вақтида ечимини топишга кўмаклашиш  раҳбарларнинг ҳам доимий вазифасига айланиши зарурлигини наҳотки  мутасаддилар хаёлига келтирмайди?

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+