Жиноятчиликка қарши курашишда муҳим қадам

17.10.2020 10:10:48

Бугунги кунда жиноятчиликка қарши курашиш бутун дунёнинг долзарб муаммолари сирасига кирганлиги сабабли криминалистика соҳасига ҳам янги талаблар қўйилиши табиийдир. Эксперт-криминалистик ҳисобга олиш йўналишлари ичида биологик объектларнинг дезоксирибонуклеин кислотаси маълумотларини хисобга олишда энг истиқболли йўналиш ҳисобланади. Ҳар бир жиноятчи ўз юзини яшириши, қўлқопда жиноий фаолиятини бажариши мумкин. Лекин, жиноят жойида жиноятчи дактилоскопик излар ва юз кўринишидан ташқари биологик бошқа қолдиқларини ўзи сезмаган ҳолда қолдириши табиийдир. Булар қаторига соч толаси, тер, сўлак, қон, тирноқ қолдиқлари киради. Ушбу қолдиқлардан олинган хромосомалар гаплоид тўплами тўғрисидаги маълумотлари ҳар бир инсон ДНКси ноёб ва такрорланмаслиги сабабли инсон шахсининг идентификациясида ёрдам беради. Шунинг учун ДНКнинг муайян қисмлари-геном ахбороти маълумотлар базасини ташкил қилиш дунёвий трендга айланди.

Чет эл тажрибасида жиноятчилик билан курашишда геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни фош этиш муҳим аҳамият касб этиб, юқори самарадорлиги кузатилмоқда. Айрим давлатлар бу соҳада илғорилаб кетганлигини ҳам кузатишимиз мумкин. Масалан, Буюк Британиянинг геном маълумотлар базасида 2015 йилда 6 миллион инсонларнинг геном маълумотлари сақланганлиги эълон қилинган, АҚШнинг геном ахбороти маълумотлари миллий базасида 10 миллион кишининг геном информацияси мавжуд. Малайзия, Сингапур, Швейцария, Канада, Россия каби мамлакатларда ҳам геном бўйича давлат рўйхатга олиш натижасида геномга оид ахборот маълумотлари базалари шаклланган ва бугунги кунда жиноятчиликка қарши курашда ва жиноятларни тез очишда ўз самарасини бермоқда. Хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, потенциал жиноятчи унинг ҳуқуққа хилоф харакати микроизларсиз ўтишини хеч ким кафолатламаслиги сезиб туриб ҳам ўзини бундай харакатлардан тийиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида ҳам хорижий мамлакатларнинг тажрибасини ўрганган ҳолда геном бўйича давлат рўйхатига олиш амалиётини татбиқ этиш борасида биринчи қадам қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури”нинг 58-бандига асосан геном бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ушбу қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда маъқулланиб, учинчи ўқишга тайёргарлик кўрилмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, хусусан, “Инсон ҳуқуқлари умумжахон декларацияси”, ”“Инсон геноми ва инсон ҳуқуқлари тўғрисида”ги умумжахон декларацияси, “Инсоннинг генетик маълумотлари тўғрисида”ги декларация, “Инсон ҳуқуқлари ва биомедицина тўғрисида”ги Конвенциянинг нормалари лойиҳада акс этилишига эътибор берилди.

Махсус ҳисобланган қонун асосида геном ахборотидан фойдаланиш республика ҳудудида содир этилган жиноятларни биологик ашёвий далиллар бўйича фош этишда ва қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлашда ижобий натижа бериши кутилмоқда. Ундан ташқари, геном ахборотининг ягона маълумотлар базасини яратилиши таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлари)ни шахсини аниқлаш ҳамда бедарак йўқолган шахслар (уларнинг яқин қариндошлари) билан идентификация қилиш имкониятини яратади. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига асосан 2018-2019 йилларда 1 651 нафар бедарак йўқолган фуқаролар қайд этилган.

“Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши натижасида суд-тергов органларининг исботлов базасини мустаҳкамланади, оғир ва ўта оғир жиноятларни, шунингдек жинсий эркинликка қарши жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларнинг геном ахбороти маълумотлар базасини юритиш орқали улар томонидан ушбу турдаги жиноятларни такроран содир этилишини олдини олади. Ўз навбатида, қонун нормалари хизмат фаолиятида геном ахборотига ишлов бериш, ундан фойдаланиш, уни блокировка қилиш, уни йўқ қилиш, шахсини кўрсатмаслик ва уни сақлаш билан шуғулланадиган шахсларнинг қонун даражасида масъулиятини белгилайди.

Мазкур қонун билан геном бўйича давлат рўйхатига олиш доирасидаги ваколатли органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, геном ахборотини йиғиш, унга ишлов бериш ва ҳимоя қилишнинг асосий талаблари, геном бўйича давлат рўйхатига олиш тартибини ва биологик материал ва геном ахборотини олиш, қайд этиш, сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни йўқ қилиш, ҳимоя қилиш тартиби белгиланмоқда.

Асосий мақсад, инсон ҳуқуқларига риоя этган ҳолда, жиноятчиликка қарши курашиш ва жиноятларни очиш суръатларини ошириш ҳисобланади. Бу ўз навбатида, мамлакат ва инсон хавфсизлиги масалаларини ечишда ёрдам бериши даркор.

Нодира ДЖАНИБЕКОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг

“Мудофаа ва хавфсизлик масалалари” қўмитаси аъзоси,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+