Журналистга журъат берилди

25.02.2021 15:02:37

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиш, айниқса, жойлардаги ижтимоий муаммолар, камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратиш бугун журналистларнинг ҳам асосий мақсадига айланди. Ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар тайёрлашдан воз кечиш, кўпроқ халқнинг дардини ёритиш, аҳолини қийнаётган муаммоларни юзага олиб чиқиш ва уларга ечим излашга жиддий эътибор қаратила бошланди.

Бир мисол Президентимизнинг алоҳида кўрсатмаларига асосан, кейинги йилларда мамлакатимизда ишсизлик сонини қисқартириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Минглаб ёшлар, хотин-қизлар муаммолари ўрганилди, уларнинг аксарияти ишга жойлаштирилди, тадбиркорликка жалб этилди. Ўйлаб қоласан киши, бундан тўрт йил олдин ишсизлик йўқмиди? Бор, ҳатто ҳозиргидан ҳам анча кўп эди. Лекин буни айтиш учун сиёсий ирода йўқ эди, айниқса, кечаги журналистларимиз айтолмасди.

Бугун журъат билан гапираётган журналист ва блогерларимизнинг шижоати ўзгача, мақсад ва муддаоси аён, қўрқув йўқ. Муаммоларни очиқ айтиш, раҳбарларга халқни қийнаётган масалалар ечимини сўраш, вазиятни борича олиб чиқиш бор. Бу – эркин фуқаролик жамиятимизнинг бугунги қиёфасидир. Аслида ҳам журналист жамиятда ҳудди шундай бўлиши керак.

Кейинги тўрт йил ичида блогерлик институти шакилланди, бу эса жамият ривожига тўсиқ бўлаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни дадил кўтариб чиқиш имконини бермокда. Ахборот тизимида халқ ҳуқуқий маданиятининг юксалишига хизмат қилувчи таҳлилий йўналишдаги кўплаб турли кўрсатувлар, мақолалар, саҳифалар, блогпостлар, эшитиришлар ташкил этилди ва улар кўп сонли аҳолининг эътиборини қозона олди. Янги давр тележурналистикасининг яна бир ифодасини жонли эфирлар ишга тушгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Янгиланаётган Ўзбекистон ислоҳотлари оҳангида бугун ҳар бир ОАВларида айтилаётган мулоҳазалар холис, ҳаққоний ва чуқур таҳлилларга асослангани ҳолда кенг жамоатчиликни фикрлашга ундамоқда. Бу эса мамлакатимиз тараққиётида ОАВларимизнинг ўрни ва ролини кўрсатиб бермоқда, десак хато бўлмайди. Шунингдек, бундай ижодий жараёнлар, ўз навбатида, бугунги давр журналист ва блогерларининг ўзига хослиги, тараққиёти ва юксалиш жараёнларини белгилашга хизмат қилмоқда.

 

 

Шарипа ТОРЕШОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бош мутахассиси,

партия “Аёллар қаноти” фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+