Партиядош шифокор маслаҳати: Неча ёшдасиз? Айтишга шошилманг!

20.07.2020 09:07:55

“Аёллардан ёшини сўраш маданиятсизлик” деган гап бор. Бу аёллар ёшларига ёш қўшилиш, қаришдан ҳафа бўлишлари сабаб ўйлаб топилган бўлса керак. Аммо аёл ёшидан уялмаслиги, балки фахрланиши ҳам мумкин. Қачонки, у соғлом бўлса.

Умуман олганда, инсоннинг паспортдаги ёши унинг соғломлиги ва меҳнат қобилиятини белгиламайди. Чунки сурункали ёш ва биологик ёш орасида катта фарқ бор.

Биологик жараёнлар билан шуғулланувчи мутахассис геронтолог деб аталади. Инсоннинг биологик ёши бир қанча хусусиятларга қараб белгиланади. Бунда организмнинг имкониятлари ойдинлашади. Ташқи шароитнинг организмга таъсири ва патологик ўзгаришларнинг бор-йўқлиги биологик ёшни белгилашга асос бўлади. Наслий омил, яшаш тарзи ҳам ташқи омил билан бир қаторда туради.

Ёш кўринадиганлар кимлар? Фақатгина пардоз, кийим услуби ва тери паваришини яхши йўлга қўйганлар эмас, балки соғлом турмуш тарзини маромида олиб бораётганлардир. Ҳаётимизда носоғлом унсурлар кўп бўлса, биологик ёшимиз ортиб бораверади.

 Биологик ёшни белгилашда нималарга аҳамият берилади?

- қон босимининг нечалиги;

- бўй ва вазн мутаносиблиги;

- ўпка ҳолати;

- сезги аъзоларининг қай даражада ишлаётгани;

- диққатни жамлаш даражаси;

- ҳаракатланиш аппаратининг қайишқоқлик кўрсаткичи;

- тиш ҳолати, соғлом тишлари сони.

Биологик ёш борасида ҳукм чиқаришда кишининг жинси, индивидуал хусусиятлари, у яшаётган жой экологияси назарда тутилади. Маълумотларга кўра, аёллар эркакларга қараганда секинроқ қарийдилар ва 6-8 йил кўпроқ умр кўрадилар.

Биологик ёш – индивилуал организмга умумий баҳо. Олимларнинг хулосаларига кўра, биологик ёш ҳақиқий ёшдир. Уни аниқлашнинг бир қанча турлари бор. Масалан, координация орқали аниқлаш усули. Бир оёқлаб туринг ва кўзингизни юминг. Сананг, қани қанча вақт давомида шу ҳолатда тура оласиз?

30 сониядан ортиқ – биологик ёшингиз 20;

20 сониядан 30 сониягача – биологик ёшингиз 30;

16 сониядан 20 сониягача – биологик ёшингиз 40;

15 сония – биологик ёшингиз 50;

10 сония – биологик ёшингиз 60 ёш.

Пульс орқали аниқлаш усули ҳам бор. Жисмоний машқлар бажаришдан аввал пульсингизни ўлчанг ва қайд этиб қўйинг. Кейин бирорта машқ бажаринг, масалан 20 марта ўтириб-тургандан сўнг пульсингизни қайта ўлчанг. Натижа аввалгисидан қанчага фарқ қиляпти?

Бир хил кўрсаткич ёки 10 тагача кўпайган – биологик ёшингиз 20;

10 тадан 20 тагача кўпайган – биологик ёшингиз 30;

20 тадан 30 тагача кўпайган – биологик ёшингиз 40;

30 тадан 40 тагача кўпайган - биологик ёшингиз 50;

40 тадан кўп  - биологик ёшингиз 60 ёш.

Қўлнинг ташқи кафти терисини 5 сония давомида чимчилаб туринг, бу вақт давомида бироз оғриши табиий. Қўйиб юборганингизда терига назар солинг, у неча сония ичида асл ҳоли (ранги)га қайтди?

3 сония – биологик ёшингиз 20;

5 сония – биологик ёшингиз 30;

8 сония – биологик ёшингиз 40;

10 сония – биологик ёшингиз 50;

15 сония - биологик ёшингиз 60 ёш.

Биологик ёшни аниқлаш шунчаки қизиқарли машғулот эмас. У сиздан кўра кўпроқ шифокорларга керак. Чунки у юқорида айтганимиздек, саломатлик ҳолатидан дарак бериб, айниқса биологик ёш сурункали ёшдан анча катта кўрсатикчларда бўлса, организмдаги бирорта дардни даволашга тўғри келади.

 

Дилфуза КАМОЛОВА,

Самарқанд шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиника бош врачи,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+