Якшанба мутолааси: Бошпана

01.12.2019 11:12:31

Гўзаллик салони аёллар билан гавжум эди. Соч қуритгичнинг овози қулоқни қоматга келтирар, бир томонда юз пардозчилари, бошқа томонда тирноққа ишлов берувчилар. Улар орасига шамолдек югуриб кирган Жамила барчанинг эътиборини тортди. Баланд овозда, хайқириб гапираётган бу аёлга диққат қаратмай илож йўқ эди.

  • Уй олдим! Табрикланглар! Янги уйли бўлдик! Бирам шинам, бирам қулайки! Мазза!

Соч турмаклаётгандан тортиб юз парваришловчигача ҳамма ишини унутаёзиб аёл олдига отилишди. Бағирларига босиб, табриклашди. Мижозлардан ҳам 3-4 таси уни танийди чоғи, ўпиб-қучоқлаб, осмонга отгудек бўлишди. Тирноғини педикюр қилдираётган Вазира манзарани кузатиб ўтирар, салондаги байрамона кайфиятдан хайрати ошарди.

  • Узр – унга хизмат кўрсатаётган қиз жойига қайтди – Опанинг уй олганидан роса хурсанд бўлиб кетдим.
  • Бу бармоғимни тугатгандингиз.
  • Вой, кечирасиз! Ҳаяжоним кучли. Уй олгани зўр бўпти-да! – қиз мижознинг қош-қовоғини писанд қилмай, оғзи қулоғида ишини давом эттирди.

Уй олса нима бўпти? – ўйлади Вазира – Шунга шунча ваҳимами? Намунча бу хабарни эшитиб ҳамманинг эси оғиб қолмаса! Янги уйли бўлиш бугунги кун учун шу қадар оламшумул воқеамидики бу аёлни ҳамма тантанали равишда табриклайди?

Вазиранинг энсаси қотди. Учта уйи бўла туриб миқ этмай юрибди-ку, бу аёл битта уйни деб жар соларкан-а! Тавба, қанақа одамлар бор. Қўшни ўриндиқлардан аёлни қидирди. Тополмади. Сартарошда ҳам, пардозчида ҳам кўринмайди. Косметолог рўпарасида ҳам бошқа аёл. Вазира унга қайта разм солмоқчийди, аммо бусиз ҳам қиёфаси кўз ўнгида аниқ-тиниқ қолди. Чиройли эди қурмағур! Пардозга бурканмаган-у, аммо истараси иссиқ, кўзлари ёниб турибди. Сўнг қаршисидаги ойнага қаради. Юзи сўлғин кўринди. Пардозчи ишини эплолмабди – дея аччиқланди.

  • Юзингизда тонус бор – мутахассис ўзини оқлаган бўлди – Чарчагансиз, шундан...
  • Баҳона тўқима! Қайтадан қил! Пулини тўлайман!

“Тўғри айтади”– ўйлади ичида – “Чарчадим, жуда чарчадим...”. Яна ўша аёл ҳақида ўйлади. Демак, унда ҳаммаси жойида. Унда муаммо йўқ, чарчоқ йўқ. Уй олганидан хурсанд...

Машинада кетаётиб йўл юзидаги эълонга кўзи тушиб қолди: “Уй сотилади”. Янги қурилган кўп қаватли уйлар қаршисида тўхтади. Ичкарига кириб, иш бошқарувчи билан гаплашди.

  • Ўзи энди қуриб битказдик, кечадан сотувга қўйдик. Ҳали реклама беришгаям улгурмагандик, ишонсангиз!
  • Биринчиси мен бўларканман-да!
  • Йўқ, иккинчиси. Кеча бир аёл сотиб олди.

“Бу ўша! – ўйлади Вазира – Аниқ шу! Аёлнинг карнай чалгандек қилиб овоза этганию салондаги қизларнинг хушини йўқотганича бор. Дабдаба-ю нарҳда саройдан қолишмайдиган, дом бўлгани билан шаҳардаги ҳар қандай ҳовлини ортда қолдирадиган уй экан. Вазиранинг шаҳарда ва шаҳар ташқарисида участкаси, шу яқин атрофда яна бир доми бор. Аммо қаршисида маҳобат тўкиб турган кўп қаватли квартира лол қолдирди. “Оламан!” деди шартта.

Эртасига салонда яна ўша аёлга рўбаро келди. Эшик тагида учрашиб қолишди. Таҳминидаги қўшниси чиқиб кетаётган эди. Бирор нима сўрай деди-ю, яна ўзига эп кўрмади. Дилидагини Худо сартарошнинг тилига солиб, ундан садо чиқди:

  • Жамила опа, уйингиз қалай? Таъмирлаяпсизларми?
  • Йўқ, синглим, ўзи тайёр, чип-чиройли уй!
  • Ох-хў, зўр-ку! Таъмири ҳам ўзидан эканми?
  • Ҳа, барака топгурлар тайёр қилиб беришибди.

Вазиранинг ёдига эълондаги ёзув тушди: “Тайёр уйлар”. Таҳмини тўғри чиққани учун зеҳнига тасаннолар ўқиди: “Аниқ шу!”. Маникюр қилувчи қиз қаршисига ўтириб томоқ қирди:

  • Мен ҳам уй олдим. “Нова строй”, тайёр!
  • Вой, опа, бир ўзингиз шунча уйни бошингизга урасизми? – бу гап қизнинг оғзидан лоп этиб чиқиб кетди. Сўнг айбини англаб, бошини қуйи солди.
  • Ўчир чакангингни, бефаросат! – Вазира қўлини ивитиб ўтирган қайноқ сувли тоғорани улоқтирди – Менга бундай дейишга қандай хаддинг сиғди? Кимсан ўзинг? Одамларнинг тирноғидаги кирларни тозаловчи хизматкорсан, тушундингми?!

Ишчиларнинг хай-хайлашига қарамай “Бу ерни елкамнинг чуқури кўрсин” дея ташқарига чиқди. Унга бу гап жуда алам қилганди, тўғрироғи аламларини қайта уйғотганди...

         ... Вазиранинг бахти очилмади. Аввал ўқиш, кейин иш, раҳбарликка интилиш деб турмуш қуришни ортга сурди. Ўттиз ёшида иккинчи хотинликка кўнди. Фарзандли бўлишди, хозир ўғли 25 яшар. Хорижда таҳсил олади. Эри эса биринчи оиласи билан бирга. Вазиранинг топиш-тутиши яхши-ю, аммо сарфлайдиган ўрни йўқ. Ўша куни кўзлари порлаб “Уй олдим” деган аёлни ўзига рақобатчи санаб, мана яна битта уйли бўлди, аммо салондаги қиз айтганидек, уларни нима қилади?

         Эртасига яна ўша кўчага борди. Салонга киришга ғурури рухсат бермади. Машинасида ўтирганча ташқарини кузатди, ўша аёлни қидирди. Шу он ўзидан ҳам ҳайрон бўлди, ҳам аччиқланди. Нега шу аёлга ёпишиб олди ўзи? Жавобни ҳам ўзи берди: ишдан бошқа ташвиши бўлмаган, ҳаётда ёлғиз одам учун майда-чуйдалар ҳам катта масаладек бўлиб кўринаверади, улар атрофида айланаверади. Ана, ўша опа салонга кириб кетяпти.

  • Шошманг!
  • Ассалому алайкум.
  • Салом. Уйингизни кўрмоқчийдим, меҳмонга чақирмайсизми?
  • Бош устига! Фақат, сиздек азиз меҳмон учун бироз тайёргарлик керак. Бугун эмас, эртага, хўпми?
  • Келишдик. Индинга эса меникида меҳмон бўласизлар.

Вазиранинг кўнглида яна рақобат оловланди. Ҳали ўзи меҳмон бўлмай туриб “Одам кутишни мендан ўрганларинг”, дея шаҳардаги энг зўр ресторандан таомларга буюртма берди, тўртта официантни ҳам дастёрликка сўради. Олдинда икки кун вақт бор. Янги уйни ўзига ярашадиган мебеллар билан жиҳозлаш, келинчак мисол ясантириш керак. Бари телефон орқали ҳал қилинди.

Белгиланган кунда аёл билан учрашишди.

  • Машинага ўтиринг, уйингизга бошланг.
  • Уйим жуда яқин, пиёда кетаверамиз. Мана!

Аёл тўғрига имо қилди. У ерга юриб боришди. Чиқинди солинадиган темир қутилар, дорга ёйилган кийимлар, орқада эса бир кичик кулба.

  • Ассалому алайкум, опа! – кўчада ўчоққа ўтин қалаётган эркак қўлини кўксига қўйиб саломлашди – Сиз бизнинг биринчи меҳмонимизсиз!

Отасига ёрдамлашаётган йигит ҳам салом берди ва ичкарига бошлади. Уйдан бола кўтарган келин чиқиб келди.

Бир хонали уй. Ўртадан парда тортилиб, икки хонага айлантирилган. Хонтахта, кўрпача-ёстиқ, дастурхон устида қанд-қурс. Чой олиб келишди.

Вазира ўзини жуда ноўнғай сезди. Қандай қилиб бу ерга кирди? Нега ахлатхонада чой ичиб ўтирибди? Буни ўзига эп кўрдими? Аммо шу он у ўзини руҳан енгил хис этардики, ерда ўтириш ҳам, ташқаридан таралаётган бадбўй ис ҳам кўтаринки кайфиятини бузолмасди.

  • Тақдир шамоли бизни пойтахтга учирди – Жамила ҳикоя қилди – шу ерда фарзандларим туғилди, аммо уй муаммосидан анча қийналдик. Олдин мактабда фаррош бўлиб ишлардим, кейин гўзаллик салонига ўтдим. Бошпана йўқлигидан болаларимни мактаб парталарида ухлатардим. Кўча-кўйда тунаб юрардик. Худога шукр, болалар эсон-омон вояга етишди. Икки қизимни шу маҳалла ёрдами билан узатдим. Совчидан тортиб куёв навкар кутишгача қўшнилар галма галдан уйларини бериб туришарди. Ўғлимни қариндошимнинг уйида уйлантирдим, сўнг жой йўқлигидан келиннинг уйида туришди. Мана, Худо невара берди, яқинда бир ёшга тўлади. Бола ризқли экан, ҳокимиятдан шу уйни беришди. Чиқиндиларни тартибга кетириб, атрофнинг озодалигига қараб турибмиз. Бошпанага эга бўлганимиздан ҳаммамиз хурсандмиз.

Вазиранинг тилига сўз келмасди. У бутун вужуди билан ҳайратда. Нега бу аёлнинг фаррош эканлигини сезмади? Нега ўзи каби киборлардан санаб, рақобатга киришди? Сабаби у бутун борлиғи билан бахтга бурканган, юзидан шукроналик ёғилиб турардики, бу арзон кийимларни, пардозсиз юзни, хокисорона эгилган қадни ижобий қиёфада кўрсатди. Бахтдан бой одам, албатта, энг бадавлат сиймода гавдаланади-да! Вазира шу чоққача уй деганда фақат ҳашаматли қасрларни тушунарди, аслида уй – бу оила, бахт маскани экан.

  • Эртага бордиган манзилимизни тушунтринг. Уйингиз қаерда? – сўради Жамила меҳмонни кузатиш чоғи.
  • Менинг уйим йўқ...

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+