Якшанба мутолааси: “Миш-миш”мания

08.12.2019 17:12:57

Қумри ая эрталабдан холсизланди. Олдинлари чаққонлигидан уйда келинларга иш қолмасди. Хозир ярим челак сув кўтаришга ҳам мадори йўқ. Соғлиғидан хавотирланиб, поликлиникага йўл олди. Дўхтирга кўриниб қайтгунича вақт пешинга оғиб қолибди. Панадан секин юриб келаётган эди, олдидан қўшни аёл чиқиб қолди.

  • Дастёрлигингиз қолмади-да! Келинингиз сизни нонга жўнатиб, ўзи лак суриб ўтирибдими?
  • Йўғ-а, дўхтирга чиққандим. Қайтишда магазинга кирдим.
  • Тинчликми? Дўхтирда нима қилиб юрибсиз?
  • Охирги пайтлар кўп чарчаяпман, шунга кўринай дегандим.
  • Хўш, нима касал топди?
  • Эй, эсимда турармиди?! Бир нима “миноз” деди-да.
  • Ё, Худо! Миомами? Қани, дори рецептини кўрсатинг-чи. Касал бўлаверганимдан ўзим ҳам ўн бешта кам дўхтир бўлиб кетганман.
  • Ҳеч қандай дори ёзмади, яхши овқатланинг, ўтиб кетади, деди.

Шу пайт Қумри аянинг кенжа набираси суҳбатнинг белига тепди. “Буви, ма оптелдиз?” деб югуриб келганди, бувиси “Бўличка. Юр, аввал қўлингни ювайлик”, деб болани уйга бошлади.

Қўшни аёл дарров шерик топди. Девор дармиён Ҳадича ҳолани йўлагига кириб, ўриндиққа чўкди.

  • Дунёнинг ишларини қаранг! Отдек юрган кампир эди. Миома бўлиб қолибди бечора!
  • Ўғиллари бор, даволатиб олар.
  • Ҳеч қандай дори ёзмабди-да! Демак, ўтиб кетган, даволаш фойдасиз!

Ҳадича ҳоланинг коллежда ўқийдиган набираси ўқишдан келди. Сақич чайнаганча кампирларга салом бериб ўтиб кетаётган эди, тўхтатишди.

  • Ҳей, менга қара, туғдирадиган дўхтир бўлмоқчимидинг?
  • Акушер-гинеколог – қиз энсасини қотирди.
  • “Как раз” биладиган нарсанг! Миома бўлса нима қилади?
  • Бачадон олиб ташаланади-тамом. – ҳали битта пиёзнинг бошини олмаган қизча шифокорларга хос совуққонлик билан гапирарди.
  • Даволаса бўлмайдими?
  • Олиб ташламаса, саратонга айланади-қўяди. – бу ҳукмни олдингисидан ҳам ҳотиржамроқ айтди.
  • Аломатлари қанақа экан? Чарчоқ, холсизлик бўладими?
  • Эй, буви, ҳали бу мавзуни ўтганимиз йўқ – деб елкасига туширган қулоқлигини қайтиб тақди-да, шошганча уйга кириб кетди.

Икки қўшни ёқа ушлади. Кечки пайт ҳовлисидаги мева-чевалардан териб, Қумри аяни кўришга чиқишди. Ўша кундан бери хонадон эшиги кўп тақиллайдиган бўлиб қолди. Ҳали беш йилдан бери қорасини кўрсатмайдиган жияни, ҳали ёшлигидан бери аразда юрган овсини эшик қоқарди. Баъзи қариндошларни, рости танимайди. “Узр, болам, кўз хиралашган, хотира кетган. Ким эдинг?”, деб ўзидан сўраб олади-ю, ота уруғидан қолган ёдгорини топиб олганидан севинади.

Қумри аянинг тўсатдан бошланган касали чеккароқ жойга келин бўлиб тушган, фақат тўй-маъракалардагина кўришиб қоладиган синглисининг ҳам қулоғига етди. Эшитди-ю, ўзини қўярга жой тополмай, бир бошини чангаллади, бир тиззасига шапатилади. Ўзига келгач, қизига қўнғироқ қилди.

  • Наргиз, ҳолангни кўриб келайлик. Шўрлик бедаво дардга чалинбди.
  • Қайси ҳолам?
  • Нечта ҳоланг бор, аҳмоқ?! Битта-ю битта Қумри ҳолангни айтяпман-да!
  • Ҳа, эсимдан чиқибди. Биттагина ҳолам, бештагина “ҳолажон”ларим бор-ку – қизи тушмагур хатосини хазил билан ёпиб кетди – Нима касал ўзи, ойи?
  • Номи қурсин, ўша касал-да! Ҳайронман, бунга туғмаганлар йўлиқарди, олти марта туғиб ҳам шуни орттирибди.
  • Ойи, тўғрисини айтинг, нима бўлибди ҳоламга?
  • Дард бўлибди, бало бўлибди! Намунча сўроққа тутасан? Саратон! Қутилдимми? Ё бирга бориб келишинг учун дўхтирнинг қоғозини кўрсатайми?

Онахоннинг синглиси ва жияни кунора меҳмон бўлишди. Ёшлик хотираларидан сўзлашиб ўтиришар, опасининг кўнглига келмаслик учун касалидан оғиз очмас, сўрашиш маъносида “Тузукмисиз?” дейишга ҳам юраги бетламасди. Умуман олганда, бошқа зиёратчилар ҳам шундай. Ташриф сабаблари ўзларига аён, ичларидан қиринди ўтади-ю, кампирга кулиб қарашади. “Йўлим тушганди, кўриб кетай дедим”, деб баҳона қилишади. Қумри ая баттар чарчаб, тинкаси қуриди. Лекин қариндошлар орасида оқибат уйғонганидан севинчи ичига сиғмасди. Меҳмон кутавериб чарчаган келини қўлига телефонни олди:

  • Овсин, сиз ҳам мундоқ келиб, менга қарашиб юборсангиз бўлармиди?
  • Вой, ўлмасам, ойижон ётиб қолдиларми? Демак, метастаз бошланибди! Майли, куюнманг, кўпга келган тўй, буёғига навбатма навбат қараймиз энди.
  • Нафасингиз қурсин! Ётиб қолганлари йўқ, меҳмон кутавериб тамом бўлдим. Жилла қурса бир тоғора сомса обкелинг.

Ойда-йилда бир келадиган овсинлар серқатнов бўлиб, кампирнинг уёғидан кириб буёғидан чиқишди. Бири таҳоратга сув тайёрлаган, бири маошини қайнонасига топширган... Ҳеч нарсадан хабарсиз Қумри ая “Роҳатда қаридим”, деб етти қават кўрпача устида елпиғич елпиб, кўк чойдан ичиб ўтирибди. Қариндош-уруғ-у қўни-қўшни орасида эса унинг касали кенг муҳокамада. Бири “Касалхонага ётқизинглар, умрлари узайиб турсин”, деса, бири “Чет элга олиб бориб даволатиш керак”, дейди. Яқинлари эса “Дўхтирлар ўзи шунақа – касал ўтиб кетиб, даводан умид бўлмаса, яхши гап билан кузатади. Бир парча қоғоз ёзиб бермаганидан беморни қўрқитишни хоҳламагани аён. Сўнгги кунларини ҳотиржам ўтказсинлар”, дейишарди кўзга ёш олганча. Дарддан Қумри ая огоҳ тортиб, ваҳимадан касали баттар зўрайишидан хавотирланишарди.

Кунларнинг бирида тил учида салом берадиган, елка тутмай гердайиб сўрашадиган куёви ҳам қадам ранжида қилди.

  • Онажоним! Мана бу кабоблардан еб олинг, билсангиз, бу минг бир дардга даво! Қизим, бувингга салом бермайсанми?
  • Қўяверинг, ҳали кичкина-да, билмайди.
  • Нималар деяпсиз?! Менинг қизим ҳамма нарсани билади. Фақат сал тоби қочганди, шунга кайфияти йўқ.
  • Худо асрасин, болагинамга нима бўлди?
  • Қулоғи оғрияпти.
  • Эсизгина! Шамол теккандир-да!
  • Йўқ, онам! Гап бошқа ёқда: менинг қизим Қимматхон! Танглайини пул билан кўтарганмиз. Онаси қулоғини тешиб, арзонгаров зирак таққан экан, яра бўлиб кетибди-да! Қўй, йиғлама, бувингда қадимий тилла зирак бор, тақсанг тузалиб кетади, деб бошлаб келавердим.

Қумри ая ўнғайсизланиб, нима қилишини билмай, яна раҳматли чолининг “Куёвни Пайғамбар сийлаган. Доим хонадондан рози қилиб жўнатиш керак”, деган гапини эслаб, шартта қулоғидаги бобоси давридан қолган олтин балдоқни ечиб берди. Ошхонадаги келинлар “Савил қолсин, қизи етмагандек набираси учун ҳам шилинар экан-да!”, “Шунга биз муносиб эмасмидик?”, “Йиллаб хизматини қилганимиз бир тийин бўлди” деб пичирлашишди.

Кунлар шу зайла ўтарди. Тунда уйқуси қочган Қумри ая ҳовлидаги супага ўтирганча узоқ ўйга толди. Нега бир ой ичида ҳаёт тамоман ўзгариб кетгани, уйи меҳмондан аримай, инсонларнинг заҳар тилидан ширин бол томаётгани, келинларинининг фавқулодда меҳрибонлиги-ю, яқинларининг тўсатдан уйғониб қолган меҳрини таҳлил қилиб ўтирди. Нимага ўғиллари чекка-чеккада тўпланиб бир нималарни муҳокама қилишяпти? Нечун анчадан бери ўзини хорғин хис қилади? Ўша куни дўхтир нима деганди? Бир нима “миноз”... Оббо, бу қандай дард бўлди, ҳечам эшитмаган. Нега унда ҳеч қандай дори ёзиб бермади? Ахир оддий шамоллашга икки варақ дори-дармон рўйхати бериларди-ку. Душвор дардга йўлиқдиммикин, деб кампир кўп ўксинди. Тағинам ҳаммадан ақллиси ана шу Қумри ҳола экан: “Беш кунлигим борми-йўқми, деб, ич этини еб ўтиравермасдан, эртасига эрталабдан яна ўша шифокор томон отланди. Иши тушса “Бензиним йўқ”, деб пешона тириштирадиган ўғиллари талаша-тортиша машинага ўт олдиришди. Лекин Қумри ая унамади, “Менга юриш фойда”, деб чаққон қадамларни ташлаб, поликлиникага қараб кетди.

  • Она қизим, ўтган гал гапингга тушунмадим. Менга қандай ташхис қўйган эдинг? Тузалишимга умид борми ўзи? Ё йиққан “ўлимлик”ларимни болаларимга кўрсатиб қўйсаммикин?
  • Вой, ҳола, нималар деяпсиз?! 18 яшар қиздан ҳам соғломсиз-ку! Худо хоҳласа, 100 дан ошасиз!
  • Ҳа, сен дўхтирларнинг қилиғларингни биламан. Ўлим тўшгидаги одамнинг ҳам кўнглини кўтарасанлар. Гапнинг пўст калласини айт, ўтган гал ўз оғзинг билан бир нима “миноз” дединг-ку!
  • Ҳолам-ей! – шифокор кулаверганидан кўзидан ёш чиқиб кетди – “Гиповитаминоз”, дегандим. Яъни, витаминлар етишмаслиги. Бу хозир ҳаммада учрайдиган нарса-ку, ҳавотир олиш керак эмас. Холсизлигингизнинг сабаби шу, дори ичадиган даражада эмассиз, шунчаки бақувват овқатланинг, деб тайинлагандим. Сиз нима ҳаёлларга бориб юрибсиз?
  • Ростдан алдамаяпсанми? – кампир чуқур хўрсинди – Ахир ота-боболаримиз “миноз-пиноз” бўлишмаган-ку.
  • Ишонмасангиз, интернетчи набираларингизга айтинг, гиповитаминоз нималигини топиб беришади. Эслаб қолинг, ги-по-ви-та-ми-ноз!

Шифокор ҳалиям ўзини кулгидан тўхатолмай, яхшиси бу ташхисни бир парча қоғозга ёзиб беришни афзал кўрди. “Гиповитаминоз”, деб ёзган қоғозини йиртиб ташлаб, бошқатдан катта ҳарфларда “Витаминлар танқислиги”, деб ёзди-ю, кампирни жўнатди.

Уйига хотиржам қайтаётган Қумри ая шифокор айтганидек қоғозни интернетчи набираларига бермади, балки яна йўлидан пешвоз чиққан қўшни аёлга кўрсатди. Онахон ўзи билмаган ҳолда самарали усулдан фойдаланган эди. Унинг янги ташхиси қўшнидан қариндошлар бўйлаб тарқалди.  Хушхабарни эшитганлар орасида кимдир “Бекорга хавотир бўлибмиз-ку”, деб афсусланса, бошқаси енгилгиси келмай “Қумри ая ҳақиқитдан ҳам саратонга чалинган эди, биз меҳримиз билан уни даволаб юбордик”, деб ҳангома қиларди.

Янгиликдан беҳабар жияни Наргиза онасига сим қоқяпти:

  • Ойи, қайнонамга аптекани баҳона қилиб кўчага чиқдим. Тез бўлинг, ҳоламни кўриб келамиз.
  • Қуёш тиғида шаҳарнинг у чеккасидан бу чеккасига борадиган ахмоқманми? Ундан кўра кондиционер тагида ухлайман-ей!

Ҳа, охирги пайтлар Қумри аянинг эшиги тақилламай қолди. Онахон бундан асло ҳафа эмас. Витаминларини кўпайтириб олишга беминнат пенсияси етиб-ортади.  

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+