Якшанба мутолааси: Қоравой

27.10.2019 14:10:19

Исмат отадан хабар олгани келган тўнғич набираси гап орасида “Қўшнимизнинг ити олтита туғибди, биттасини қўярда қўймай менга берди. Ҳали ғирт чақалоқ, овқат ейишни билмайди, ингиллашдан тинмаяпти”, деб қолди. Исмат ота жавобан “Сизларнинг кафтдек ерингларга ит ярашмайди, бу ёққа олиб кел, катта ҳовлининг бир бурчагида ётади, болаларга эрмак бўлади”, деди. Набираси ўша куниёқ кучукчани келтириб берди.

- Укам “Қоплон” деб лақаб қўйганди, худди бу тушунадигандек...

- Вой, қуриб кетмагур-ей, қопадиган итга ўхшамайди-ку бу! Кўзларининг мулойимлигини қара. Яхшиси “Қоравой” деймиз, шу ном мос!

Чинданда итвачча жуда ғўр, онасини эмадиган пайти эди. Исмат ота набиралари билан биргалашиб унга ин ясади, бўйнидан занжир ўтказдирди, олдига бир товоқ сут қўйди. Лекин кучукча ўзини ҳар томонга отиб ангиллайверди, товоқдаги сутни тўкиб юборди. “Ҳали кичкина-да, бойлоқ тургиси келмаяпти”, дея Исмат ота итни ечиб қўйишни буюрди. Ўғлининг “Кейин эркин юришга ўрганиб қолади, занжирга кўниксин”, деган гапига кирмади. Бўйни бўшаган кучук бироз тинчланди-ю, лекин товоғига солинган янги сутни ичолмади.

- Рамзиддин, анавинга амаллаб бир нима едиргин! – набирасини чорлади.

- Йў-ў-ў-қ! – деди хозиргина итчани эркалаб бағрига босаётган бола қўрқув билан – Тишлаб олса, қирқ кун киндигимдан укол оларканман, ойим айтдилар!

Исмат ота музлатгичдан сузма олиб, бармоғини ботирди. Сўнг итнинг оғзига олиб борган эди, хайтовур ялашга ақли етди. Шу таҳлит бир пиёла сузмани едириб қўйди. Кучук катта бўлгунича шундай боқди. Қоравой отага яхши ўрганди. Қаёққа борса изидан қолмайди. (Ўғлининг гапи тўғри чиқиб, ит катта бўлганида ҳам занжирга ўрганмади). Исмат отанинг азонлаб кўча айланиб, оёғининг чигалини ёзадиган одати бор эди, мана энди, ит сайрга бирга чиқяпти. Ҳовлида ҳам ҳамма ишига шерик, хатто тунда хожатхонага чиқса, ит ухлаб ётган жойидан уйғониб, бирга бориб келади. Отанинг итга бунчалик боғланиб қолгани, куни у билан ўтиб, гаплашиб ўтириши ўғилларининг жаҳлини чиқарди.

- Дада, кап катта одам ёш боланинг ишини қилманг. Қўйинг шу итни, сизни кўрганлар бошқача ҳаёлларга боришяпти.

- Нега энди?! Жониворга ғамхўрлик қилишнинг нимаси ёмон? Ундан кейин, бу жуда зийрак ит. Менга ҳамроҳ, ичимдагини билиб туради. Бир куни ҳомуш ўтирсам, у ҳам менга мўлтираб, калласини чап томонга оғиштирди. “Ҳа, Қоравой, топдинг, яна юракнинг мазаси бўлмаяпти”, дедим. Шунда ишонасанми-йўқми, сизлар ўтирган уйнинг деразасига бориб вовуллай бошлади. “Қўй, жонивор, чақирма, хозир ўтиб кетади”, дегандим, қайтиб олдимга келди. Думини ликкиллатиб, кўзини мендан узмай турди. Бечора кучук безовта бўлмасин, деб кампирдан қолган дорини ичдим.

  • Сизга шундай туюлади-да, бу эси йўқ ҳайвон нимани тушунарди?! Бирам ғалатисиз-да, дада, тобингиз қочса, мана, бизларга айтинг, кучукнинг қўлидан бир иш келадими?!

- Қоравой роса меҳрибон, дардимни олади. Худди раҳматли ойингга ўхшайди.

- Онам тилла аёл эдилар, уларни ит билан солиштирманг-ей! – Аъзамжоннинг жаҳли чиқди.

- Мен меҳрини ўхшатяпман. Онангга ҳам бирор марта “У ерим оғрияпти, бу ерим оғрияпти”, демаганман, ҳаммасини кўзимга қараб билган. Ҳеч уришиб-талашмаганмиз, хўмрайиб олганимдан хатосини ўзи қидириб топарди-да, сўнг тузатарди. Жойи жаннатда бўлсин!

 Истам отанинг итга ишқивозлиги кўп эътирозларга сабаб бўлди. Бир куни рўзғорини бўлак қилиб чиқиб кетган икки ўғли ғазаб билан кириб келишди.

- Номусларга ўлдирдингиз-ку, дада! Бу нима қилганингиз? Ит етаклаб юришингизни ҳамма гапиряпти! Қоравой – Исмат аканинг тўртинчи ўғли, уч ўғилдан аъло, дейишяпти. Шу гап яхшими энди?

- Ҳой, ҳаммасига сен бола айбдорсан – ўртанча ўғил укасига ўшқирди - Уй-жойга эга чиққандан кейин отангни қойил қилиб боққин-да! Қўшнилардан суяк сўраб юрарканлар!

- Дада, шу итингиз оч қолаётган бўлса, ўз овқатимни берардим – кенжа ўғли тутоқиб кетди – Нега менинг бошимни балога қўйяпсиз?

- Суякни барибир чиқиндига ташлаб юборишади-ку, шунга алоҳида ажратиб қўйинглар, деб бир-иккита қўшнига айтгандим. Майли, сизларга ёқмаётган бўлса, бундай қилмайман, болаларим. Қоравой ўзимга ўхшаган маъқулгина, юввош ит, нима бўлса еяверади.

- Маҳалладаги Ҳожи ака ҳам неча марта куюниб айтдилар: “Оллоҳ рози бўлгурлар, итни бойлаб боқиш керак. Бундай юриши мусулмончиликка тўғри келмайди”, дедилар.

- Маҳаллага масҳара бўлиб юргунча шартта итни йўқотиб келмайсанми, сўтак?

- Эй, ака, билмайсиз-да, дадамга итсиз ҳаёт йўқ. Йўқотсам, калламни олсалар керак.

- Ака, ўзи ҳамма айб сизда! Ўғлингиз нега итни буёққа олиб келади? Нуқул ўз роҳатингизни кўзлайсиз.

- Хотининг ўргатган гапни тўтиқушдек қайтармагин, хотинчалиш!

- Оғзингизга қараб гапиринг, бўлмаса ака-укачиликни йиғиштириб қўяман. Шундоғам менга бир тийинлик фойдангиз тегмайди.

- Худо ҳақи, бас қилинглар! Итни деб жанжал кўтарасизлар-у, ўзингиз бир-бирингизни итдек қопишингизни қаранглар. Битта итни тарбиялаган учта ўғилни тарбиялолмабман, аттанг! Қоравой, не кунларга қолдик? Ёнимга кел, сенга қараб енгил тортай. Қоравой, қанисан?

Ит жанжал иси чиққанида уруш сабабчиси ўзи эканлигини англаган, ота билан хайр-хўшни насия қилиб, кўчага жўнаворган эди. Энди у бу хонадонга қайтиб келмоқчи эмас. Инсонлар аҳил яшашларини хоҳлаяпти. Боши оққан томонга кетади.

Исмат ота “Қоравой, Қоравойгинам” деб ҳовлини айланиб чиқди. Кўча эшигини очганида узоқдан итнинг шарпаси кўринди. Кўча бошига бориб қолган экан. Исмат ота халлослаганча итга етиб олди.

  • Қоравой, ҳафа бўлма! Буларга сен бир бахонасан, холос. Сенсиз ҳам бир бирини гўштини ейишга тайёр. Юр, жонивор, уйга қайтайлик – деди дарвозани қўли билан кўрсатиб. Қоравой бир увиллаб қўйди-ю, йўлида давом этди, яъни катта кўчага қараб кетди.
  • Йўқ, Қоравой, ундай қилма! – Исмат ота астойдил ялинди – Ахир сенсиз нима қиламан? Юрагим оғриб қолса, - чап кўксига муштлади – оҳ, оҳ, қилсам, сен “вов, вов”, деб буларни чақирасан.

Қоравой эгасига доимгидек мўлтираб қаради. Бошини қуйи солди. Бир неча сония шу алфозда жим турди-да, сўнг шаталоқ отиб уй томон югуриб кетди. “Ҳайрият”, деди Исмат ота.

Ит можароси шу билан тугагани йўқ. Кўп ўтмай кенжа ўғил ва келиннинг ғижиллашаётганини эшитиб қолди.

  • Шу ит ўлгур маҳримга тушган экан-да! Отангиз етмагандек униям қўшиб боқаманми?
  • Сенга оғирлиги тушмайди-ку, фақат дадам қарайдилар.
  • Оғирлиги тушмаса, ана, уй ичига обкириб, тўрга ўтқизиб қўяқолинг! Мен болаларни ўйлаяпман. Худо кўрсатмасин, эртага касал юқтиса, ким жавоб беради? Ит торч-инфекция тарқатади. Токсаплазмоз иммунитетни тушириб, ички органларни зарарлайди. Бундан ташқари...
  • Бўлди! Дўхтирлигингни ишхонангда қиласан. Чакагингни ўчир!
  • Бу уйда ё мен турай ё шу ит, бирини танланг!
  • Бор кетавер, тўрт томонинг қибла!
  • Ҳо, хотинини қўлига паттасини тутқизиб қутиладиган давр ўтиб кетган. Ўғлимизга деб олиб қўйган домни номимга ўтқизиб беринг, кейин кетаман.

Уйда уруш чиқса, Қоравойнинг хомуш тортиб қоладиган одати бор. Хатто болалар ўйнаб, шовқин кўтарса, қўрққанидан Исмат отанинг оёғига ёпишиб олади. Ўша куни ҳам эр-хотиннинг овозидан чўчиб, эгасини излаб қолди. Исмат отага кўзини жовдиратиб, қулоғини қисиб қўйди. Отахон хассасига таяниб, уй бошига борди ва деразани тақиллатди. Хонадан ўғли чиқди.

- Ўғлим, мени деб хотининг билан сен-менга борма. Ахир қачон онанг билан урушганимни кўргансан? Келин, шу битта итни деб “Ажрашаман”гача борасизми?

- Йўғ-а, оғзимдан бундай сўз чиқмади, дадажон! Ўзи қачондан бери домга кўчайлик, дейман. Совуқ кунлар келяпти, ҳар йили қишда болаларнинг боши касалдан чиқмайди. Бу вақтинча, албатта. Баҳорда яна қайтиб келамиз.

- Майли, мен розиман.

- Раҳмат, дадажон, сиздан тез-тез хабар олиб турамиз. Ҳар куни иссиқ овқат жўнатаман, ишонинг. Қоравойингизгаям етадиган қилиб жўнатаман.

- Бу нима деганинг? Дадам ҳам биз билан бирга кетадилар.

- Йўқ, болам, мен шу ерда онангнинг чироғини ёқиб ўтирганим дуруст.

- Шу гапингиз жонга теккан-да, дада! Манави эски уйни на таъмирлатасиз, на соттирасиз. Ҳовлини сотсам, акаларимга улушини берсам, қулоғим тинчирди. Доим мен еб, улар қуруқ қолгандек норози бўлиб юришади.

- Йўқ, асло! Бу уйдаги ҳар бир ғиштда онангнинг қўл изи бор. Иморатни ўзимиз кўтарганмиз. Онанг бояқиш “Ўғилларимни ишлатманг, ўсадиган пайти бўйи чўкиб қолмасин”, деб мен билан баравар ғишт қуйган. Шу ерда яйраб-яшнашларингни хоҳлаган.

- Эй, бўпти. Биз ҳам одамга ўхшаб яшашимиз керак-ку. Шу ҳафта домга кўчамиз, хоҳласангиз, сиз ҳам юринг.

- Ўша гап. Мен қоламан. Ҳавотир олманглар, ёлғиз эмасман.

Қиш тугаб, баҳор ёзга уланди. Аммо улар ҳовлига қайтишмади. Уч ўғил галма галдан овқат келтириб туришди. Бир куни оиладаги ягона қиз ҳам отасини йўқлаб келди. Қоравой уни ҳали бирор марта кўрмагани учун хуришни бошлади.

- Жим, жонвор, нари кет! Бу Замира опанг-ку!

- Итга опа бўлдимми энди? – деди қизи лабини буриб – Кеча сизга атаб ош пиширгандим. Гўштликкина қилиб бир косага солиб қўйдим. Қайнонамга “Ишга олиб кетмоқчийдим”, деб алдадим.

- Бекор овора бўлибсан-да, қизим. Лекин сенга пазандалик онангдан ўтган. Ошни сайратворасан. Барака топ. Иситиб келақол, бирга тушлик қиламиз.

- Шу десангиз, эрталаб қишлоқдан меҳмон келиб қолди. Юз бўлсин, деб ўша ошни олиб кирдим. Сизга насиб қилмаган экан. Кўча бошидан тўртта перашка олволгандим, олинг, енг. Мен ҳозир чой дамлаб келаман.

 Замира чой дамлаб келса, не кўз билан кўрсинки, отаси перашкаларни итга илиниб ўтирибди.

- Бу нимасси, дада? Ўзингиз емай, итингизга беряпсизми?

- Ўзим ҳам едим. Бир тишлам ташлагандим, ёқмай қолсин, оёғим тагидан кетмади. Учта перашкани паққос туширди азамат. Ана, энди сенга раҳмат айтяпти, қара!

- Раҳмат демай ўлсин! – худди ит тилласини ютворгандек йиғлаб юборди – Шуни тушлик пулимга олгандим-а! Сизни деб... Рости, ҳамма айб ўзингизда экан, дада! Мен аҳмоқ ёнингизни олиб, акаларим билан қанча уришдим. Қилиғингиздан топибсиз. Шундай яшайверинг энди.

Замира яна бир нималар деб, уйдан чиқиб кетди. Овози қўшниларга эшитилган чоғи, уч-тўрт киши эшик тагида тўпланибди. Шўрлик ота “Қизим, қизим”, деганча қолди, лекин уни тўхтатолмади. Яна жанжалга сабабчи бўлган Қоравой мунғайиб қолди. Тумшуғини панжасига тираб ётиб олди. Доимгидек эгаси олдига бориб суркалишга юраги дов бермади. Перашкаларни еганига пушаймондек эди.

Яна қиш келди. Янги йил кутиладиган кун ўртанча ўғли Адҳам эшик тақиллатди.

- Юринг, дада, Янги йилни биз билан кутасиз.

- Қўйсанг-чи, шу ерда ўтиравераман.

- Келинингиз сизга ёқадиган овқатлар пиширган. Набираларингиз ҳам кутиб ўтиришибди. Бормасангиз, қаттиқ ҳафа бўлишади.

- Қоравой нима бўлади?

- Уф, бир кун ўзи ўтирса, бўри ермиди?

Ит уларнинг олдига келиб, худди эргашгандек думини ликиллатди.

  • Хўш, рухсат бердими? Гапини таржима қиворинг – деди Адҳам кулиб.
  • Майли, набираларимни ҳафа қилмай, юр, кетдик.

Қоравой йўлакда аллақандай овозлар чиқариб, отанинг йўлини тўсди. Остонага узала тушиб ётиб олди. Исмат ота ўғлига “Кўчада қолдирақол, уйда сиқилиб ўтиргандан кўра айланиб юради”, деди. Ўғил истакни эътирозсиз бажарди. Қоравой кўча бошигача машина ортидан югуриб борди. Исмат ота ҳам ундан кўзини узолмади, катта йўлга қайилишганида хўллиги келди. “Эҳтиёт бўл, Қоравой!” – пичирлади ўпкаси тўлиб.

Базмда қолган овқат ва суякларни йиғиб ўтирди. Негадир кўнгли ғаш бўлиб, соат 12 дан ўтганида “Кетаман”га тушиб қолди. Қўлида Қоравойга “совға”лар билан келди, аммо дарвоза тагидан уни топмади. Ўғли “Қаёқдадир санғиб юргандир-да, кун ёришса қайтиб келади”, деб овутди. Ота тонггача ухлолмади. Саҳардан кўча айланишга чиқди, Қоравойдан дарак йўқ. Уйга қайтиб, дарвозани катта очиб қўйди, аммо у келмади. Маҳалладаги болаларга қидиртирди, ҳеч ким тополмади. “Атайин кетмаган, ҳафа бўлган тақдирда ҳам бундай қилмасликка келишиб олгандик. Лекин қаерга ғойиб бўлдийкин, а?”, деб боши қотди. Ўғилларига айтса, “Зотдор итмидики, кимдир ўғирласа, қари лайчангиз кимга керак?”, деб кулишди.

Хуллас, Қоравой топилмади. Исмат ота тамоман ёлғиз қолди. Орадан бир йил ўтиб, яна Янги йил кечаси кириб келди. Бу гал қайси ўғлим олиб кетаркин, деб кутиб ўтирганида, эшик тақиллади. Қотмадан келган бир ёш йигит.

  • Бобой, бу ерда яна ит борми?
  • Ит? Ҳа, бор эди! – Исмат ота Қорбободан совға олган боладек суюнди. Бу йигит бир йил бурун йўқолган Қоравойни топиб келди, деб ўйлади – Лақаби Қоравой. Ўзи қоп қора, панжалари оқ, зийрак ит.
  • Биламан, ўтган йили шу ердан олиб кетдандим – деди йигит хотиржам – Мижозларга ёқиб қолибди, яна худди ўшандан топ, деб туриб олишди. Адҳам ака телефонни кўтармаяптилар.
  • Қанақа мижозлар? Ит нега керак?
  • Ит эмас, гўшти керак, дода! Ўғлингизни топиб беринг, илтимос.

Исмат отанинг кўзидан олов чиқиб кетгандек бўлди. Боши гангиб, эшик тутқичини базўр ушлаб қолди. Наҳотки?! – тилида фақат шу сўз айланарди.

Ўша куни ҳеч қайси ўғил отани олиб кетгани келмади. Байрамдан кейин ҳам бирортасидан хабар бўлмади. Фақат баҳорга чиқиб, қизи онасининг вафот этган куни ҳаммани ҳовлига йиққанида фарзандлари билан кўришди. Ош дамлашди, кабоб пиширишди.

  • Бува, қўшнимизнинг ити яна туғибди. Биттаси ғирт Қоравойга ўхшар экан, сизга олиб қўйдим. Эртага ташлаб кетаман.
  • Қўй, болам, керак эмас. Энди ит боқиш ниятим йўқ. Ит бошқаларга керак. Бу дунёда одамлар бир-бирининг гўштини еб кун кечиради, десам, тузук, орада ит гўштини ҳам еб туришар экан.

Адҳам ток ургандек сапчиб тушди. Ваҳимали нигоҳини отасига қаратди, сўнг кўзини олиб қочди. Қолганлар эса буни отахоннинг доимий хазил-мутойибасига йўйиб, хахолаб кулишди.

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+