Якшанба мутолааси: Сароб

20.10.2019 17:10:50

Наима кўча эшикни очиб, остонада турган икки аёл совчилар эканлигини дарров пайқади. Аммо ҳайратдан уларга бир зум тикилиб қолди. Кўринишидан ўзи тенги келадиган аёлларнинг бири шим кийган, сочлари эркакларникидек кесилган, иккинчиси калта юбкада, сап-сариқ сочларини ёйиб олган эди. Уларнинг олдида ўзининг узун халати-ю, бошидаги рўмолидан жичча хижолат чекди. Кейин ўзига ўзи “Қиз болали хонадонга шоҳ ҳам, гадо ҳам келаверади-да.  Бир пиёла чой билан жўнатиш қийинмиди?”, деб аёлларни ичкарига бошлади.

“Қонимиз – ўзбек, ақлимиз эса...”

         Ҳамон бу икки жувонга ажабланиб қарашдан ўзини тиёлмаётган Наиманинг аҳволини тушунган аёллардан бири изоҳ берди:

  • Шу десангиз, биз европалашган оиламиз. Расм-русум, андиша, ўзбекчиликни тан олмаймиз. Ишни чўзиб ўтирмай, шартта-шартта қилишга одатланганмиз. Қизингизни сўраб келдик, опам! Тезроқ тўйни бошлайлик.
  • Вой, бу нима деганингиз? Аввал сўраб-суриштирайлик, ёшлар бир-бирини ёқтирсин... - Наима қизини ҳозир олиб кетадиганларидек эсанкираб қолди.
  • Эй, қизингизни кўрганмиз, ўқишига бориб суриштирганмиз, ўғлимизга ёққан. Бўлмаса уйингизга келармидик?! Ҳозирги совчилик шунақа, ўргилай, замондан орқада қолибсиз!
  • Ҳа, мен унда дадасига маслаҳат солай. – Наима ўзи шунақа. Совчиларга юраги “жиз” этса, “Тақдир бўлса ажаб эмас”, дейди. Кўзига яхши кўринмаса, ҳамма гапни эрига юклаб қўя қолади.
  • Ана, кўрдингми? - деди ўзини йигитнинг холаси деб таништирган аёл шеригига – ўзбеклардан қуда қилгунча ўнта туфлигинг соб бўлмаса, ҳисоб эмас!
  • Нима, сизлар ўзбек эмасмисизлар? – деди Наима синчиклаб қараб. Аёллар қаҳ-қаҳ отиб кулишди:
  • Ўзбекмиз-а, ўзбекмиз! Қонимиз ўзбек, ақлимиз – Европа!

Совчиларни кузатаётганида катта қизи Назира болалари билан келиб қолди. У ҳам аёлларга разм солиб, “Булар кимлар, ойи?”, деб ҳайрон бўлганида “Совчилар-да, бошқа ким бўларди?”, деди қисқа қилиб. Кечаси барча дастурхон атрофига тўпланганида бу ҳақида сўз очди.

  • Дадаси, бугун яна қизингизга совчилар келганди. Тўғриси, ҳеч бунақасини кўрмаган эдим, ғалати одамлар экан. Европача яшаймиз, дейди.
  • Ў-ў-ў, мени қадимий ўзбекона маҳаллага узатган эдингиз, энди Европаликларга қуда бўламан, денг?! – бепарво ўтирган отасининг ўрнига Назира жавоб қайтарди.
  • Йўқ, улар ҳам ўзбек экан, фақат бизларга ўхшамайди. “Тўйдан кейин келин-куёв алоҳида яшайди, асал ойи қилиб саёҳатга чиқади”, дейди.
  • Вой, зўр-ку ойи, розилик беринглар. Бундай оилада Нози мазза қилиб яшайди. Менга ўхшаб сочи супурги, қўли косов бўлиб юрмайди. Нима дедингиз? Йўқ, деб юбормадингизми, ишқилиб?
  • Бўлмайди! – отаси чўрт кесди – ўзига ўхшаган оилани топсин. Онанг етказаётган гаплардан сезяпманки, улар бизни халитдан қолоққа чиқариб қўйяпти.
  • Қолоқ демади, дадаси, бошқача сўз ишлатди. Ҳалиги... Эсим қурсин, консервамиди ёки консерваланганмией...
  • Консервативми? – эри кулди. Қизи эса тутоқиб:
  • Қанақа одам керак сизларга? Ўзи боя совчиларни кўриб ҳавасим келганди, катта ёшли бўлса ҳам зўр кийинаркан. Менга эса ўша ёқтириб қуда қилганларингиз рўмол ўратишади!

Бахт қуши

Хуллас, Назира қуда бўлмишларни худди ўртада турган одамдек роса мақтади. Иккиланмай тўйни бошлашга кўндиришга уринди. Эртасига аёллар яна қадам ранжида қилишди. Бу гал бўлажак куёвнинг таърифини келтиришди: “Чет эл билан алоқа қиладиган фирмада ишлайди. Жарақ-жарақ пул топади. Бир кун уйида бўлса, ўн кун хорижда. Чет тилларини сув қилиб ичиб юборган”. Наима елка қисиб, эрининг гапини айтди. Аммо аёллар яна ҳар куни эшик қоқишдан чарчашмади. Бу ёқдан Назира ҳам қистайвергач, Нозимани йигит билан учрашувга чиқазишга рози бўлдилар.

- Ойдек йигит экан. Яна машинасини, саноқсиз пулларини айтмайсанми! Қайнонангга ҳам гап йўқ! Бошингга бахт қуши қўнди, Нози! Қўлдан бой берма!

- Қайдам, йигитга унчалик ишонмадим. Чет элма чет эл юраркан-у, инглиз тилидан оддий қоидани сўрасам, айтиб беролмади.  

- Эсингни еганмисан, Нози?! Шу пайтда қоидага бало борми? Така бўлсин, сут берсин!

- Эй, йўқ, опа, кўнглим бўлмаяпти.

- Ойи, манави аҳмоғингизни чўнтагида хемири йўқ ўқимишлига узатинг, қорни очганида инглизча гаплаши-и-и-б ўтираверади! Менга ўхшаб бахтсиз бўлмоқчи-да!

- Нега бахтсиз бўларкансан, қизим? Оиланг яхши, иккита кўзмунчоқдек фарзандинг бор.

- Қўйсангизчи, ойи, шуям ҳаётми? – боядан бери дадил гапираётган Назира кўзига ёш олди – Ўзимни қўйиб туринг, болаларимни ҳам чиройли кийинтиролмайман, умримни орзу-ҳавассиз ўтказяпман.

- Ношуд бўлма. Куёвимнинг келажаги порлоқ. Диссертациясини ёқлаб олсин, ҳаммаси яхши бўлади. – отаси юпатди.

- Ўт тушсин шу диссертациясига! Бошимиз қарздан чиқмайди.

Иш жойи – хорижда

Суҳбатни жим эшитиб турган Нозима ўйланиб қолди. Шерзодга турмушга чиқсам, опамга ўхшаб ҳаётдан нолимай, ҳеч нарсадан зориқмай яшасам керак, деган хаёлга борди. Ҳар куни келиб, “эшикни бузишга тайёр” совчилар, йигитнинг сўзамоллиги, қариндош-уруғларнинг ҳавас билан қараётгани ота-онасининг ҳам тўйга розилик беришга ундади. Фақат Баҳром (Назиранинг эри) тўйнинг бунчалар тез ҳал бўлганидан норози эди.

  • Сўраб-суриштирдингларми ўзи? Бунча шошиб қолдинглар? – деди Назирага куюнчаклик билан.
  • Дадам ёш боламиди? Йигитнинг маҳалласига бориб келди. Фақат бу уйга янги кўчишган экан, қўшнилар “Яхши танимаймиз”, дейишибди.
  • Ишхонасигачи? Касби нима экан ўзи?
  • Чет элдаги фирмада бошлиқ экан. Бу ердалигида қолган ёзув-чизув ишларни интернет орқали ҳал қилади, дейишди.
  • Қанақа фирма? Нима иш?
  • Боринг-ей, нима, сиз прокурормисиз? Ранг кўр-ҳол сўр. Юзидан яхши одамлиги билиниб турибди. Ё божангизнинг бойваччалигини кўролмаяпсизми?
  • Унда билганларингни қилларинг! Менга нима?!

Харажатлардан ҳоли тўй

Тўй ҳам ажабтовур бўлди. Европача яшовчи қудаларнинг сценарийсига кўра, тўйхонада эмас, “Япон боғи”да. “Асал ойи” сафари чипталари олдиндан сотиб олиб қўйилгани учун қонуний никоҳдан ўтиш саёҳатдан кейинга қолдирилиб, таниш домланинг шаърий никоҳ ўқиши билан чекланилди. Висол оқшомида асосан ёшлар иштирок этди, куёв томондан-ку, саноқли одамлар келган. Турли чолғу асбоблари билан жонли мусиқа, вальс, кўнгилочар ўйинлар. Келиннинг дугоналари Нозимага ҳавас билан қарар, фақат катта ёшлилар Наимага “Қандай жойга қуда бўляпсан?”, деб пичирлашарди. У ҳам елка қисиб, “Қудаларим замонавий, ўзбекларга ўхшаб бекордан бекорга одамларнинг қорнини тўйдириш учун пул сарфлашмас, ўша пулга келин-куёв саёҳатга кетар экан”, деб куёвнинг онаси айтган гапни етказди. Қўшни аёл лабини бурди: “Савил қолсин – деди олдидаги шеригига – Узун юбка кийиб, сочини ўриб юрган қиз Европа бўйлаб саёҳатга чиқар эмиш. Ҳали қараб туришсин, мен қизимни бир умр чет элда яшайдиганига узатмасамми!”.

Интернет орқали ҳамнафас

Чиндан ҳам тўй тугаши биланоқ икки ёш сафарга жўнаб кетди. Орқадан йиғлаб қолган онаси, кўз ёшини яширишга чиранаётган отасини Назира овутди: “Бориши билан интернетдан хат ёзади, расмини жўнатади. Мен сизларга кўрсатаман. Бўлди энди, бир ойдан кейин қайтади-ку. Менчи, икки кўча нарида бўла туриб, уч-тўрт ойлаб кўргани келолмасам!”.

Кўп ўтмай Нозимадан хабар келди. “Опа, етиб келдик, мазза қилиб юрибмиз. Чиройли жойлар экан. Ҳозир Франциядамиз. Хали олдинда яна 7 та давлатга сафар кутиб турибди”. Ота-онаси Назирага шу икки оғиз жумлани қайта-қайта ўқитишар, қизларининг бахтидан қувонишарди. Опа-сингил ҳар куни интернет орқали гаплашишади, фақат бирор марта кутилган фотосуратлар келмади. Нозима тинмай қисташларга “Фотоаппаратим бузилиб қолди”, “Телефоним сувга тушиб кетди”, деб жавоб қайтарар, кетидан бахтидан сармаст таърифлар ёзавергач, қизларидан хотиржам бўлишарди.

“Она товуқ эмасман!”

Бир куни Наима “Қизимдан кўнглим ғаш бўляпти, алоқ-чалоқ тушлар кўряпман, қудаларингизникига бориб келайлик”, деди эрига. Бозор-ўчар қилиб, сарпо-суруқ кўтариб у ерга йўл олишди. Аммо қудага ташрифлари ёқмадими, Наиманинг қайта-қайта “Қизим яхшимикин? Ўғлингиз расм юбормадими?” деб сўрайверганиданми, аччиқланиб, “Мен она товуққа ўхшаб, боламни қанотим остида катта қилмайман. Ўз ҳолига қўяман!”, деб жеркиб берди.

Қудалар бундан хулоса ясаб, бошқа уларнинг хонадонига қадам босишмади, соғинч ва сабр билан қизларини кутишда давом этишди. Аммо бир ой ўтган бўлса ҳам ёшлардан дарак йўқ эди. Опасининг электрон почтадан ёзган хатига “Асал ойимиз чўзилиб кетди, ҳеч саёҳатга тўймаяпмиз. Кутинглар, бир-икки ойдан кейин совға-саломлар билан борамиз. Ҳа, айтганча, Шерзод акам янги фотоаппарат олиб бердилар, расмга тушдик, вақтим бўлди дегунча сизларга жўнатаман”, деган жавоб келди.

Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади

Назира синглиси билан интернетда гаплашишдан чарчамас, таассуротлари ҳақида эшитгиси келарди. Кунларнинг бирида яна суҳбат қизиётганида ҳонага Баҳром кириб қолди ва “Намунча компьютердан бошингни кўтармайсан? Бор, ишингни қилсангчи. Болаларга қара”, деди. Назира “Кун бўйи тўрт девор орасидаман. Ҳеч бўлмаса синглим билан гаплашолмайманми?” деб жавраганча ўрнидан туриб кетди. Эри диссертациясини давом эттиршга чоғланиб компьютер столига ўтирди-ю, ҳаёлини опа-сингилнинг ёзишмалари тортди.

  • Опа, сиз ҳам келинг, юрасизми иш тугамайдиган уйингизнинг тупроғини ялаб?
  • Болаларим бор-ку, сингилжон. Кейин, катта шаҳарда бир ўзим нима қиламан?
  • Болаларингизни ойимга ташлаб, олдимизга келинг. Қўрқманг, мана биз бормиз. Куёвингиз кутиб олади, биласизми, у сизни роса ҳурмат қилади.
  • Қайдам... Мен ҳам чет элда яшашни ёшлигимдан орзу қилганман.
  • Эй, ўйлаб ўтирманг! Барибир ўша эрингиз билан бирингиз икки бўлмайди.

Баҳром ўқиганларидан таажжубланди. Наҳотки Нозимадан шундай гаплар чиқиши мумкин? Ахир поччаси олдида салом беришдан нарига ўтмайдиган, ердан кўзини узмай гапирадиган қиз эди-ку. Хорижий муҳит шу даражада тез ўзгартириб юборадими? Тўй шошилинч бўлди, тўй базми тугабоқ саёҳатга жўнашди, ҳалигача биттагина фотосурат юборгани йўқ. Бунинг тагида бир гап бор, деди ичида. Эртасига ҳеч кимга айтмай келин-куёв алоҳида яшаши учун ясатилган квартирага борди. “Мол ёяр”да мебел ташигани учун манзили ёдида экан. Эшикни бир йигит очди.

- Келинг, меҳмон.

- Бу ерда анчадан бери турасизми?

- Ижарага олганимизга икки ҳафта бўлди.

- Ижара?

- Ҳа. Тайёр ясатилган, кир ювадиган “автомат” машина-ю микротўлқинли печгача ичида бўлгани учун қизиқдик, нархи қимматлигига қараб ўтирмадик. Ҳа, маклермисиз, дейман?

“Асал ойи”ми ёки “заҳар ойи”?

Баҳром тахминлари тўғри чиқаётганини сезиб, дарров милиция идорасига борди. Ҳаммасини батафсил сўзлаб берди. У ердаги ходимлар тезда тегишли ташкилотларга хабар бериб, суриштирув ишларини бошлашди. Совчи бўлиб келган икки аёлни сўроқ қилиб, хибсга олишди. Улар жон аччиғида Шерзод ҳақидаги ҳамма маълумотларни айтиб беришди. Жабрланувчининг ота-онаси, гувоҳлар билан бирма бир гаплашилди.

Изчил текширувлардан аён бўлдики, Шерзод айни пайтда қидирувдаги пихини ёрган жиноятчилардан экан. У бундан олдин ҳам бир неча марта ушбу усулни қўллаган: содда оилаларни излаб топиб, ёлланган аёл шериклари орқали қизларини келин қилиш пайида бўларкан. Чет эл саёҳати ниқобида қиз болаларни Дубайга пуллар, уларнинг номидан сохта хатлар ёзар, қайнона-қайнотадан бўлак яшаши ваъда қилинган уч хонали уйни мебел ва техник жиҳозлар билан бойитиб оларкан-у, ижарага топширар экан. Масъул ходимлар Шерзод ва Нозимани топиб, Ўзбекистонга келтиришди. Воқеа юзасидан жиноий иш очилиб, судда кўриб чиқилди.

Ҳукмдан кейин суд залига оғир сукунат чўкди. Ҳамма ўз ҳаёллари билан банд эди. Нозима ичида “Юртимга бораман-у, ўзимни ўлдираман, деб қарор қилгандим. Чунки бундай юзи қоралик билан яшолмайман. Лекин қисматимдан куйина тамом бўлган, қизларини ўз қўллари билан қопқонга солиб қўйганидан ич этини еяётган ота-онамни кўриб, фикримдан қайтдим. Улар навбатдаги зарбани кўтаролмасликлари аниқ. Бир ойлик асал ойига учиб бутун бошли ҳаётимни заҳарладим. Энди ҳеч қачон оила қуриб, болаларнинг онаси бўлолмасам-да, енгилмайман, ўқишни давом эттираман, инглиз тили ўқитувчиси бўлиб, одамларга наф келтираман”, дерди. Назира эса “Доим бахтсизман, деб тақдиримдан нолирдим. Худо менга синглимнинг бахтсизлиги мисолида бахт нималигини кўрсатиб берди. Эрим кўзимизни очмаганида, ҳамон синглимни залолат чангалига ташлаб, саробга алданиб ўтирардик. Энди билдим, инсонни пул, бойлик эмас, билим қутқарар экан”, деб ўйлар, бўлиб ўтган воқеаларга ўзини айбларди.

Шу пайт сув қуйгандек жимжитликни бир аёлнинг овози бузди. Ҳамманинг диққати қадди букилган, сочларига оқ оралаган маъсума онахонга қаратилди. “Падаринг тирик бўлса-да, “отасизман”, дебсан, онанг олдингда бўла туриб, бошқаларни она қилиб кўрсатибсан-а! Сен озодликка чиққунингча мен омонатимни топширишим турган гап. Тобутимни кўтаришга ҳам ярамас экансан, болам...”.

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+