Якшанба мутолааси: Умр қиймати

15.12.2019 13:12:08

Беш яшар Зафаржоннинг ичидан савол қайнайди. Одатдагидек боғчадан қайтаётиб онасини сўроққа тутди:

  • Ойи, ўртоғим Маъруфни боғчадан бобоси олади. Диёр ҳам доим бобомдан шашка ўйнашни ўрганганман, деб мақтанади. Нега менинг бобом йўқ?
  • Бобонг ўт ўчирувчи бўлган. Ёнаётган уйдаги болани қутқараман деб ўзи олов ичида қолибди. Ўшанда даданг сен тенги бўлган экан. Шунақа...
  • Анув қўшни бола бор эди-ю, Абдуллоҳ, ўша ҳар ой бобосиникига меҳмонга бораркан, бобоси унга кўп ўйинчоқлар, китоблар бераркан. Нега менинг меҳмон бўлиб борадиган бобом йўқ?
  • Бобонгми? Бобонг... – Мунисанинг овози титраб, кўзига ёш қуйилди. Йўлда давом этишга куч тополмай таққа тўхтаб, юзини қўллари билан тўсганча йиғлаб юборди – Дадажон! Набирангизга нима деб айтаман, дадажон?!

Абдуғани ва Нодира тинч-аҳилликда умргузаронлик қилдилар. Уч нафар қизни гўзал тарбия билан вояга етказдилар. Ҳамон ёдида, Нодира учинчи қизига кўзи ёриганида, шифокорлар яна ҳомиладор бўлиш хавфлилигидан огоҳлантирдилар. Шунда у кўзига ёш олиб, “Дадаси, ўғилли бўлишни  орзу қилгандингиз-а!”, деб оҳ тортганида, Абдуғани аёлининг қўлини маҳкам тутиб “Ҳеч куйинма, онаси, ҳали ҳовлимиз ўғил набираларга тўлиб кетади”, деб юпатган эди. Бугун тўнғич қизи Муниса эсон-омон қутилгани ҳақидаги хабарни эшитиб, ўша гапларини хотирлади. Яхши янгиликдан эр-хотиннинг бошлари кўкка етди. Аслида Нодира аввалдан хушхабарни етказган одам учун бир тўн ва бир кийим мато тайинлаб қўйган эди, элчилар тўртта эканини кўриб, дарров сандиқни очди-ю, совғаларни кўпайтирди. Энди қудасининг олдига бориб “Муборак бўлсин”, деб келиши керак. Бир қўлда тоғора, бир қўлда сарпо-суруқ билан йўлга отланган аёлини кўриб, Абдуғани кулди: “Бу урф-одатларинг тугамас экан-да. Болали бўлган қизингни қўйиб, қудангнинг олдига шошяпсан”.

Кайфи чоғ қудаҳола Нодирага пешвоз чиқиб, кутиб олди. Салом-алик, қутлашлардан кейин кўнглига туккан гапларни тўкиб солди:

  • Энди, эгачи, бешик тўйни яхшилаб ўтказсак. Хозир туғуруқхонадан уч-тўрт кунга қолмай жавоб бериб юборяпти, сиз эса ҳали тайёр эмассиз.
  • Йўқ, тайёрмиз, қудажон, қизим бўйида бўлганидан бошлаб набирамга сарпо йиғяпман. Фақат ирим қилиб бешикни олмай тургандим.
  • Гап фақат бешикда бўлса эди?! Кўз кўргудек қилиб нарсалар олиб келсангиз деяпман. Сиз йиққан бола кийим-у аравача мол бўлибдими? Бундай, оналарга ўхшаб кир ювадиган машина қўшиб келасиз, деб кутаётгандим.
  • Ниятим бор, опа, албатта олиб келаман.
  • Қачон? Эсингизда бўлса, машина ҳақида хайитда эслатгандим. “Хозир келинлар ўтириб, тоғорада кир ювмаётгани учун суяклари қотиб қоляпти, туғишда қийналяпти, болали бўлсин, кейин олиб бораман”, деб қулоққа лағмонни осдингиз. Энди қанақа баҳонангиз бор? Қизингиз ўтирволиб тўрт соат кир ювиши хиқилдоғимга келди-ку!

Нодира уйига хомуш қайтди. Дарвозани очган кичик қизи Севара “Ойи, қаёққа кетиб қолдингиз? Дадамнинг мазалари йўқ”, деганида юраги орқага тортиб кетди. Эри икки кун олдин қорни оғриб, эти увушган эди. Шифокорлар кўздан кечириб, “Ичагингизда яра бор. Унчалик қўрқинчили нарса эмас, касалхонага ётиб даволансангиз, ўтиб кетади”, дейишган эди. Лекин Абдуғани оғриқ қолдирадиган дори ичиб, уйга қайтиб келган, “Касалхонага кейинроқ ётаман. Қизимизнинг ой куни яқин бўлса, қай биримизга югурасан?”, деган эди. Мана, ҳозир ҳам аёлига бардам кўринишга уринди, “Хотин, жуда хурсандлигимдан қўзғалиб қолди шекилли. Иссиқ чой ичдим, хозир ўтиб кетади”, деб яна ёнбошлади. Кечки пайт Нодира қудасининг режаларидан сўз очди.

  • Эрта-индин туғуруқхонадан чиққанида кичкина қовурдоқ қилиб борарканмиз, ўн кундан кейин бешик тўйига катта қовурдоқ...
  • Ие, қовурдоқнинг ҳам катта-кичиги бўларканми? Битта қилиб оборсанг бўлмайдими?
  • Билмасам, қудангиз шундай деяпти. Кир ювадиган машинанинг ҳам пайти келипти.
  • Майли, қўявер. Икки жон саломатлигига, ўғил набиралик бўлганингга суюнсанг-чи! Атайлаб меҳнат таътилига чиқдим-ку, эрта-индин пул қўлимга тегса, ҳаммасини олиб бераман.
  • Дадаси, ахир у пул даволанишингизга-ку...
  • Даволаниш қочмайди. Бешик тўй ўтиб олсин, у ёғи бир гап бўлар.

Эртасига тонгдан телефон жиринглади. Мунисанинг қайнонаси экан.

  • Ҳа, қуда, бешикнинг яхшисидан олдингизми?
  • Ўргилай, энди бозорга кетаётган эдим. Келинингиз телефон қилиб қолди, дўхтирлар болада мия ичи босими бор, яна, оёғи дисплазия, бешикка белаш мумкин эмас, дейишипти.
  • Ҳа, эшитдим. Қизингиз нимжон бўлганидан кейин касалванд бола туғади-да!
  • Вой, қудажон, касалвандликдан Худо асрасин. Булар болалигида даволаса, ўтиб кетадиган нарсалар-ку.
  • Биламан, дўхтир билан ўзим гаплашдим. Кальций етишмаслигидан, деяпти. Барибир қизингиз айбдор – яхши овқатланмаган. Хозирги ёшлар шунақа, косасидаги овқатни охиригача ейишга уялади, эри билан кинога боришдан эса уялмайди. Майли, бу бошқа масала. Сиз бола ётса-ётмаса бешик олаверинг. Бу – онанинг бўйнидаги қарз! Қизига бешик қилмаган она қиёматда бешик кўтариб сарсон бўлиб юрар экан. Охиратингизни ўйласангиз-чи!

Ишонувчан Нодира гўшакни қўйди-ю бозорга югурди. Қизига “Дадангнинг иситмалари чиқяпти, ёвғон хўрда қилиб бер”, деб тайинлади. Абдуғанининг “Тавба, барибир бешикда ётмаса фалон пулга олиб нима қиласан? Унинг ўрнига бошқа нарса обор”, дейишига ҳам кўнмади.

Кечки овқат пайти Абдуғани ўқчиб ўрнидан туриб кетди. Дарахт тагига бориб қайт қилди. Тепасига сув кўтариб борган Нодира қонталаш ажралмаларни кўриб, эс хонаси чиқиб кетди.

  • Вой, дадаси, сизга нима бўлди?
  • Боя ҳам шундай бўлганди. Милким қонаяпти шекилли, деб ўйлагандим.
  • Юринг, хозироқ дўхтирга борамиз.

Яна уй телефони жиринглади.

  • Қудажон, бешикни олиб келдингизми? Ё ҳалиям дўхтирларнинг сафсатасига ишониб ўтирибсизми?
  • Олиб келдим, хозир олиб олиб келдим. Ҳаммаси жойида, кўнглингиз тўқ бўлсин, опа.
  • Ҳа, яхши. Бешик тўйга фақат карнай-сурнай олиб келасизми ё артистлар ҳам бўладими?
  • Қайдам. Шу тобда дадасининг ҳам мазалари қочиб қолди-да.
  • Майли, ўзингиз биласиз. Мен бева бошим билан қизимга ҳам карнай-сурнай, ҳам ансамбль олиб борган эдим. Эр-хотин ишлайсизлар-ку, шу қўлингиздан келмайдими?

Абдуғани ерга чўккалаб, аёлининг қуда билан суҳбатини эшитиб ўтирди. Нодира қуданинг истакларини айтиш мавриди эмаслигини билиб, гапни бошқа ёққа бурди:

  • Дадаси, набирангиз бирам ширин-ки. Исмини Зафаржон қўйишибди. Кичкина бўлишига қарамай, жуда ақлли. Гапирсангиз, қараб туриб эшитади. Яна жавоб қайтаргандек овоз чиқариб қўяди.
  • Уни кўргим келяпти. Бориб келсаммикин?
  • Йўғ-ей, уят бўлади. Чақалоқ эсон-омон уйига борсин, чилласи чиқсин, кейин ўзи олдингизга келади.
  • Берганига шукр! Қудангнинг гапларига аҳамият берма. Буларнинг бари ширин ташвишлар. Бешик тўйи деб белимиз оғриса оғрибди.
  • Сизнинг соғлиғингиздан хавотир бўляпман-да. Дўхтирга кўринсангиз бўларди.
  • Тўй ўтиб олсин, кейин бораман.
  • Эҳ, дадаси, тўйдан кейин борармидингиз? Ахир дори-дармонлар учун бир тийин ҳам қолмайди-ку. Охирги пулларимиз ҳам етмаяпти.
  • Майли, мен дўстим Шуҳратдан қарз сўрай-чи, йўқ демас.

Нодира кечки овқатни кўтариб, қизининг олдига борган эди, ойнадан қараган Муниса салом-аликни насия қилиб, “Ойи, сарсон сарпога нимангиз бор?”, деб қолди. Қайнонаси “Материал-патериал керак эмас, бош-оёқ сарпо қилсинлар, ахир буви бўлдим-а!”, дебди. Муниса кўзига ёш олиб, “Пичингларидан тўйиб кетдим, шу қудангизнинг оғзини ёпинг, илтимос”, деди. Онаси “Йиғлама, сутинг қочиб кетади, ҳаммасини айтганларидек қиламиз”, деб изига қайтди.

Туғуруқхонадан чиққанида кичик қовурдоқ, бешик тўйида эса карнай-сурнай билан боришди. Қизим ўша уйда тинч яшасин, деган ота-она сарпо-суруқ, кечагина туғилган чақалоқ учун велосипеддан тортиб тойчоққача тахт қилишди. Қудаҳола “Ўғил тўйи ичида, шуниси сизларга ҳам осон” дегани учун кир ювадиган машина олдига телевизор қўшишди. Катта ҳовли тўла меҳмон, карнай-сурнайга ҳамроҳ бўлиб келган ўртакаш-у хонандалар тўйни бошлаб юборишди.

Қовурдоқ тортилгач, Нодиранинг кўнгли ғаш бўлаверди. Қудаси ва қариндошларидан узр сўраб, тўйни ўзлари давом эттиришларини илтимос қилди-ю, уйига келди. Бу бежиз эмас экан. Эри букчайиб ётар, авзойи бадани қақшаб, тинмай қайт қиларди. “Тез ёрдам” билан касалхонага етиб боришди. Абдуғанига тезкор муолажаларни қилган шифокор йўлакка чиқиб, қўл силтади: “Опа, охирги дақиқада олиб келибсизлар-ку. Бир ҳафта қон тупуриб юриш мумкинми, ахир? Аслида аканинг дардлари бедаво эмас, лекин кеч, жуда кеч. Бу ёғига бардам бўлиб, ҳаракатингизни қилаверинг”.  

Нодира бир нуқтага қараб ётган эрининг олдига кирди. Кўз ёшини яширишга уринар, нимадан гап очишни билмай, каловланиб турган эди, сукунатни Абдуғанининг ўзи бузди:

  • Набирамни кўришни хоҳлайман. Набирам...

Нодира йўлакка чиқиб, қўллари титраганча телефон тугмасини босди. Жавоб бўлмагач, қайта-қайта рақам терди. Қуданинг уйида куй-қўшиқ авжида, бир чеккада жиринглаётган телефон садоси ҳеч кимга эшитилмасди...

 

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+