Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси раҳбарияти

Наримон Мажитович Умаров

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси

Наримон Умаров МажитовичНаримон Мажитович Умаров 1952 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати — ўзбек. Маълумоти — олий. 1974 йилда Тошкент политехника институтини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-гидрогеолог. Геология-минералогия фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини 1974 йилда «Гидроингео» илмий текшириш институтида катта техник ходим лавозимидан бошлаб, илмий ишлар бўйича директор муовини лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. У суғорилаётган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ гидрогеологик прогнозларни ишлаб чиқиш, ер ости сувларидан иқтисодиётда оқилона фойдаланиш йўналишларида тадқиқотлар олиб борди.

1997 — 2009 йилларда Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ҳузуридаги Аналитик назоратга ихтисослашган давлат инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаб, атроф табиий муҳит ҳолатини мониторинг қилишда ягона давлат тизимини ишлаб чиқиш бўйича ишларни бошқарган.

2009 — 2013 йилларда Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритиб атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда бевосита иштирок этган.

2009 йилдан «Экосан» экология ва саломатлик халқаро хайрия жамғармасининг бошқаруви раиси, 2013 йилдан Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси этиб сайланган. Эгаллаб турган лавозимида давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги «Адолат» СДП депутатлик гуруҳ¬ларининг фаолиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиб келмоқда.

2014 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди, 2015 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси раҳбари сифатида фаолият кўрсатмоқда.

2012 йилда Наримон Умаров «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Оилали. Уч нафар фарзанди бор.


Абдукамол Шодиевич Рахмонов

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Abdukamol RahmonovАбдукамол Шодиевич Рахмонов – 1960 йил 5 май куни Самарқанд вилояти Хатирчи (ҳозирги Каттақўрғон) тумани Бурган қишлоғида таваллуд топган. Миллати ўзбек. Маълумоти — олий. 1986 йилда Самарқанд давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультети кечки бўлимини тамомлаган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аъзоси.

Меҳнат фаолиятини 1977 йилда Хатирчи туманидаги «Олтинсой» хўжалигида дурадгорликдан бошлаган. 1978-1981 йилларда Ўзбекистон Китобсеварлар жамиятида қоғоз қирқувчи, устахона мудири, Ўзбекистон Китобсеварлар жамияти Темирйўл туман бўлимининг маъсул котиби каби вазифаларда ишлаган. 1981-1983 йилларда мажбурий ҳарбий хизматни ўтаган. 1984-1986 йилларда Ўзбекистон Қизил Яримой жамияти Самарқанд шаҳар Сиёб туман қўмитасининг раиси лавозимларида фаолият юритган.

1986-1990 йилларда Самарқанд вилояти Гўзалкент, Пастдарғом туман прокурори ёрдамчиси, Пастдарғом туман прокуратураси терговчиси, 1990-1994 йилларда Самарқанд вилояти прокуратураси тергов бошқармаси прокурори, Самарқанд вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси – бўлим бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган.

1994-1997 йилларда Самарқанд вилояти Нарпай туман судининг раиси, 1997-1999 йилларда Самарқанд вилоят суди раисининг жиноят ишлари бўйича ўринбосари, 1999-2003 йилларда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг раиси лавозимларида фаолият кўрсатган.

2003-2005 йилларда Адлия вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармасининг бош маслаҳатчиси, 2005-2006 йилларда Адлия вазирлиги Хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 2006-2010 йилларда Адлия вазирлиги Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Биринчи даражали адлия маслаҳатчиси унвонига эга.

2009 йил декабрь ойида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлигига сайланган.

2010-2014 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси сифатида депутатлик фаолиятини амалга оширган.

2012 йилдан буён Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиснинг ўринбосари.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, шоир. 2 та бадиий, 15 та илмий ва илмий-публицистик адабиёт, 300 дан ортиқ бадиий, илмий ва илмий-публицистик мақолалар муаллифи.

Оилали. Тўрт нафар фарзанди бор.

Электрон манзили: uz.1996005@umail.uz


Турсунов Собир Турдиевич

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Sobir TurdiyevichТурсунов Собир Турдиевич 1964 йил 13 октябрда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган. Миллати — ўзбек. Маълумоти — олий. 1988 йилда Тошкент педиатрия тиббиёт институтини, 2002 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Мутахассислиги — шифокор-педиатр.  Тиббиёт фанлари номзоди, педагогика фанлари доктори.

 Меҳнат фаолиятини 1988 йилда Республика педиатрия илмий-текшириш институти клиникасининг шифокори вазифасидан бошлаган.

1989-1995 йилларда Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг катта лаборанти, “Фармакология кафедраси”нинг ассистенти, аспиранти, 1995-1996 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг соғлиқни сақлаш бош бошқармаси болаларни муҳофаза қилиш бўлимининг етакчи мутахассиси бўлиб ишлаган.

1996-1999 йилларда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги фан, маданият, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича  мутахассислар гуруҳи бош мутахассиси, 1999-2005 йилларда Қарши тиббиёт коллежи директори лавозимларида фаолият юритган.

Собир Турсунов 2005-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг аъзоси, 2010-2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг аъзоси, 2012-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимларида самарали фаолият кўрсатган.

2015 йилдан Тошкент шаҳридаги Сергели тиббиёт коллежида директор лавозимида ишлаб келмоқда.

2012 йилдан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари сифатида фаолият юритиб келмоқда.

  С.Турсунов 2011 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Оилали. Тўрт нафар фарзанди бор.