“Адолат” номзодлари қай жиҳати билан ажралиб туради?

20.12.2019 19:12:17

Сиёсий партия қандай йўналишда фаолият олиб бормасин, барчаси инсонлар, фуқаролар манфаати учун! Шунинг учун, партия баландпарвоз ёки қуруқ гаплардан қочиб, одамларга манфаат келтирадиган аниқ ғоя ва ҳаракатларни қамраган бўлиши лозим.

Шу ўринда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аниқ, изчил ғоя ва йўналишлар йўлидан бориб, сиёсий майдонда бирдамлик, тенглик, адолатлилик шиорлари асосида кураш олиб бормоқда. Бу йилги сайловларда ҳам партия суд-ҳуқуқ, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш ва бир қанча ижтимоий масалаларда муаммоли ҳолатларнинг бартараф этилишига қаратилган ғояларни кўтариб чиқмоқда.

Бу партиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Халқ депутатлари туман ва шахар Кенгашларига кўрсатилган номзодларнинг сайловолди учрашувларида ҳам маълум бўлмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига кўрсатилган номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари қизғин паллага кирган.

Куни кеча «Қўнғирот сода заводи» МЧЖда Ўзбекистон «Адолат» СДПдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига 7-Орол сайлов округидан номзод этиб кўрсатилган Қаипбергенов Нурлыбай Тулепбергеновичнинг сайловолди учрашуви бўлди.

Дастлаб номзоднинг ишончли вакили сўзга чиқиб, сайловчиларни номзоднинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти билан таништирди.

Шундан сўнг сўзга чиққан номзод Қаипбергенов Нурлыбай Тулепбергенович сайловчиларни ўз сайловолди дастури билан таништириб ўтди.

Номзоднинг дастурида суд-ҳуқуқ, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш ва бир қанча ижтимоий масалаларда муаммоли ҳолатларнинг бартараф этилишига қаратилган ғоялар ўрин олган.

Дастурда таълим тизими, хусусан, мактагача таълим, умумтаълим мактаби ва олий таълим тизимида қилиниши керак бўлган аниқ вазифалар қайд этилган. Жумладан, узлуксиз таълим тизимининг кейинги такомиллашуви, сифатли таълим хизматларига эга бўлишни ошириш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш тарафдори эканлиги таъкидланган. Албатта, боланинг илк ривожланиши бу мактабгача таълим тизимидан бошланади. Мактабгача таълим тизмида билим ва тарбия олган бола умумтаълим мактабига борган кундан бошлаб унинг савияси шаклланади, тушунчалари бойиб боради.

Бундан ташқари, таълим олиш сифатини оширишда, ҳозирги кўплаб қонунлар, қарорлар, кўрсатмалар кабиларни тизимлаштириш учун “Таълим тўғрисидаги кодекс”ни қабул қилиш таклифи киритилган. Бу таклиф ҳар бир соҳа ходимининг фаолиятини такомиллаштиришда, ишлаш тартибини ихчамлаштиришда хизмат қилиши ва истиқболда бутун таълим жараёнини мувофиқлаштирувчи ягона ҳуқуқий асосни яратиш имконини бериши таъкидланди.

Айниқса, номзод партия сайловолди дастуридан келиб чиқиб, олий таълимда квоталарини босқичма-босқич ошириб боришни таклиф этди. Бу ўқишга киришни осонлаштириш, аммо ўқишга бўлган талабни кучайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлиги билдирилди.

Таълим сифати ривожланса, ҳар бир соҳада ривожланиш кузатилади.

Хусусан, тиббиёт тизимида ҳам. Номзод томонидан шошилинч тез тиббий ёрдам тезкорлигининг замонавий жаҳон талабларига мос бўлиши, унинг юқори технологиялиги ва самарадорлигини таъминлаш, шошилинч тез тиббий ёрдамни бошқаришнинг ахборот тизимини жорий қилиш, тез тиббий ёрдам хизмати моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тарафдори эканлиги келтирилиб ўтилди.

Бундан ташқари партиянинг асосий принципи – адолат ҳамма ерда ва барча учун, дея қайд этилар экан, бу борада номзод томонидан суд ҳокимияти адолатли бўлиши ҳамда мустақиллик, холислик ва адолат мезонларига бўйсуниши кераклилиги таъкидланди.

Шунингдек номзод дастурида “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш масаласи кўтарилди. Бунинг учун фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судларини оптималлаштириб, “халқ судлари” тузиш, бу аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилиши маълум қилинди.

Шунингдек, дастурда партия коррупция билан курашиш – бу нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этилди.

Учрашув якунида номзоднинг сайловолди дастури сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланиб, халқ манфаатидан келиб чиқиб ишланганлигини таъкидлаб ўтишди.

Шу каби  учрашувлар жойларда қизғин баҳслар асосида ўтмоқда.

“Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+