“Адолат” СДП қай жиҳатлар билан “ягона партия” саналади?

06.01.2020 16:01:15

Бугун сўнгги натижалар билан якунига етган сайлов “Адолат” СДП учун сиёсий ҳаётдан сабоқ берувчи мактаб ҳамда ғоялари ила курашувчи майдон вазифасини ўтади. Сайловлар партиямизнинг аҳоли ўртасида танилувчанлигини оширди, хайрихоҳларини кўпайтирди.  

Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, биз бунданда юқорироқ натижа кутгандик. Сайловолди ташвиқот бошланган кундан эътиборан биз парламентда энг кўп ўринни олиш сари олға интилдик. Номзодларимиз ва фаолларимизни шу мақсад атрофида бирлаштирдик.  

Меҳнатларимиз бесамар кетмади. “Адолат” СДП энг кўп ўсишга эга бўлган партияга айланди. Тарихда илк бор учинчи ўринга кўтарилиб, депутатлар сони бўйича иккита сиёсий партияни ортда қолдирди. Адолат” СДП – ўзбек парламенти тарихидаги ҳар сайловда ўсишга эришаётган ягона партия.

“Адолат” СДП таркибида энг кўп аёл депутатлар сайланган партия сифатида ҳам ажралиб турибди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 24 та депутатнинг 13 нафари аёллардир. Бу сайловолди дастуримизда устувор саналган вазифа – аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, сиёсий жараёнларда пассив кузатувчи эмас, фаол иштирокчига айлантиришнинг амалий ифодасидир.

Чинданда янгиланган парламентда фракциямиз ҳар жиҳатдан муваффақиятли шаклланди. Қуйи палатага 5 нафар рус миллатига мансуб депутат сайланган бўлса, улардан 3 нафари “Адолат” СДПга тегишли. Сайланган депуталарнинг 3 нафари тожик миллатига мансуб, шундан 1 таси фракциямиз аъзосидир. Ягона қирғиз миллатига мансуб депутат ҳам айнан бизнинг партиядан сайланди.

Партиямиз сайловларда блогерларни номзод сифатида жалб этиш амалиётини қўллади ва блогерни маҳаллий Кенгаш депутати лавозимига сайланишига эришди.

Ушбу ютуқларимиз келгуси 5 йилликдаги фаолиятимиз ривожига салмоқли хисса қўшишига умид қиламиз! Халқнинг ишончидан миннатдормиз!

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Abdumannopov Doniyor Umrzoqovich
2020-02-06 17:15:12
Ассалому алайкум, Адолат ҳамма соҳада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиши билан бошқа партиялардан ажралиб туриши керак. Лекин бизда баъзи бир қонун ҳужжатлари нотўғри, Конституцияга зид! Масалан, Конституциянинг 31-моддасида Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ҳуқуқига эга. Муслима аёлларимизнинг ҳижоб кийиши – бу виждон эркинлиги. Лекин муслима аёлларимизнинг бу диний ҳуқуқлари бошқа қонун ҳужжатлари билан чекланган, жамоат жойларда ҳижобда юриш таъқиқланган, ўқувчи қизларимиз мактабга ҳижобда боришса мактабга киритишмайди. Бу билан Конституциямизнинг яна бир моддаси бузилади. Конститутциямизнинг 41-моддасида умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланган. Агар ўқувчи қиз ҳижобда ёки рўмолда мактабга борса Давлат унинг умумий таълим олишини қандай кафолатлайди? ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКСИ 184-1-модда. Фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриши (ЎзР 01.05.1998 й. 621-I-сон Қонунига мувофиқ киритилган модда) Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари, - энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Сизлардан шу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ва Виждон эркинлиги билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритишингизни илтимос қиламан.

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+