Бизга янги солиқ ислоҳотлари керак

03.01.2020 12:01:56

Мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш, янги солиқ ислоҳотларини тизимли жорий этиш хамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солиш масалалари, солиқ кодексининг янги таҳририни тайёрлашда, ундан жой оладиган ҳуқуқий нормалар тадбиркорларга, солиқ тўловчиларга солиқдан қочишни эмас, балки солиқ тўлагани учун рағбатлантирилишини ва бу билан ўзининг фуқаролик бурчини бажараётганини билиши учун содда,  аниқ ёзилишга эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек мавжуд ресурслардан мамлакат ва унинг фуқаролари келажаги манфаатлари учун оқилона фойдаланиш, давлат ва хусусий секторнинг молиявий ресурсларини мамлакат иқтисодиёти барқарор ривожланиши йўлида бирлаштириш тарафдоримиз.

Бунда йирик инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда давлат бюджети мабағлари билан бир қаторда сармоядорлар маблағидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш, ушбу ташкил қилинган йирик ишлаб чиқариш қувватларини кейинчалик босқичма босқич сармоядорларга сотиш орқали бошқарувни тўлиқ улар ихтиёрига ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бундан ташқари яна бир ўта муҳим масала яъни молиявий кўмак сифатида банклардан кредит олган кўплаб тадбиркорларнинг лойиҳалари бўйича ер ажратиш, инфратузилмага уланиш, рухсатнома олиш, дастгоҳларни келтириш ва бошқа турли масалаларга доир муаммолар борлиги сабабли, режалаштирилган лойиҳалар амалга ошмай қолмоқда ва бунинг натижасида берилган кредитларнинг қайтарилишида ҳам муаммолар юзага келмоқда. Шу боис “Адолат”СДП муаммолари бўлгани учун тўлиқ амалга оширилмаётган лойиҳалар аниқланиши ва бу борада тижорат банклари ҳам иш услубини тубдан ўзгартириб, ўз мижозлари билан ҳақиқий маънода бизнес-ҳамкор сифатида ишлаши керак деб ҳисоблайди.

Бу борада Халқаро кредит линиялари маблағларини тадбиркорлик соҳасига кенгроқ жалб қилиш, уларни ўзлаштириш борасида ҳар бир ҳудуд кесимида таклифлар ишлаб чиқиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Фикримизча бу топшириқ ижроси юзасидан тижорат банклари ўртасида “Тадбиркорлар муаммосини тезликда бартараф этган ва Халқаро кредит линиялари маблағларини тадбиркорлик соҳасига энг кўп жалб қилган банк” ни аниқлаш тизими (мусобақа) ташкил қилиниши ва рағбатлантиришлар белгиланиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Биз янги инновацион технологияларга асосланган иқтисод – мамлакат қудратининг ошиши, халқ фаровонлиги, ижтимоий барқарорликни таъминлаш ва Ўзбекистоннинг барқарор сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ривожланиши асоси ва гарови деб биламиз. 

Бунда инновацияларни яратиш жараёни, инновацион иқтисодиёт ва билимлар иқтисодига ўтиш, уларни яратувчилар учун салмоқли молиявий харажатлар билан боғлиқ. Ушбу соҳадаги лойиҳаларга давлат ресурслари билан бирга, венчур фондлари маблағларини кенг жалб қилиш даркор.

Бу борада биз қуйидагиларни таклиф қиламиз:

хусусий бизнес иштирокида иқтисодиёт соҳаларида кичик ва тез қопланадиган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш;

олий таълим даргоҳлари, илмий ва тадқиқот марказлари инновацион инфратузилмасини кучайтириш, кичик инновацион корхоналарни яратишни рағбатлантириш, таълим ва илм-фаннинг ишлаб чиқариш соҳаси ва иқтисод билан алоқасини мустаҳкамлаш;

инновацион технологиялар, саноатнинг юқори технологик соҳаларида ишловчи тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли имтиёзли кредитларни бериш, инновацион фаолият, янги технологияларни жорий қилиш учун давлат субсидияларини ажратишни амалда қўллаш.

Биз илмий-инновацион фаолиятни ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш учун қулай шароитларни яратиш бўйича давлат инновацион сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз. Устувор вазифаларимиз орасида – рақамли технологиялар базасида иқтисоднинг барча соҳаларини янгилашни кўзлаган “Рақамли Ўзбекистон - 2030” Миллий дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мавжуд. Нуфузли халқаро ташкилотлар ўтказган таҳлилларга кўра рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоизга ўстириш, коррупцияни кескин камайтириш имконини беради.

Шу сабабли биз иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқилишини тўлиқ қўллаб қувватлаймиз.

Бизнингча рақамли иқтисодиётга ўтилиши мамлакат иқтисодидаги энг оғриқли иллат бўлган  “яширин иқтисодиёт” фаолиятига чек қўйишда салмоқли ўрин эгаллайди. Шу сабабли биз ялпи ички маҳсулот таркибида унинг улушини кескин камайтиришга қаратилган барча чоралар кўрилиши, жумладан импорт қилинган товарларнинг ҳисоботларини электрон тарзда шаклланишини таъминлаш, нақд пулсиз ҳисоб-китобни рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш, айрим товарлар учун идентификация маркировка қилишнинг ягона тизимини жорий этиш ва солиқ органлари томонидан маҳсулотни ҳисобга олишнинг электрон базасини яратиш, электрон тижорат фаолиятини қонунийлаштириш ва назорат қилиш механизмини жорий этиш ва иқтисодиётда сурункали равишда “яширин” фаолият олиб бораётган субъектларга нисбатан солиққа тортиш механизмларининг оғирлаштирилган усулларини қўллашни жорий этишни кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан деб биламиз.

Бундан ташқари олимларимиз, илм-фан эгаларини моддий рағбатлантириш бўйича жорий этилган механизмлар улар фаолиятининг самарадорлигига хизмат қилаётгани ва бу ҳам илмий-инновацион фаолиятни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани бизни қувонтиради албатта. Шу билан бирга мамлакат ривожи ва рақоботдошлигини оширишда бугунги кунда олимларимиз, ихтирочиларимиз илмий салоҳиятидан етарлича фойланмаяпмиз. Жаҳон аренасидаги бугунги глобаллашув жараёнларида ҳар бир мамлакатда давлат қудратини янада юксалтириш, халқининг турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилувчи инновацион технология ва ишланмаларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши, уларнинг муаллифлари ва буюртмачилари ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи, уларни рағбатлантиришга қаратилган қонунчилик нормаларини доимо такомиллаштириб борилиши табиий ҳолдир.

Мухаммад  ИСКАНДАРОВ,

117-Пастдарғом сайлов округидан

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+