Донишманд дунёни ҳайратга солиш осон иш эмас

27.12.2019 15:12:21

ХХI асрга қадам қўйганимизга 20 йилга яқин вақт ўтди. Бу бир одамнинг етуклик, баркамоллик даври.  Инсонлар ҳаётига қирон келтирган  қатағонлар, урушлар кенг авж олган ХХ аср эса ортда қолди. Жаҳон урушлари деб ном олган қирғинбаротнинг ҳар иккаласи ҳам ўтган асрга тегишли. Биргина Иккинчи жаҳон уруши 65 миллион кишининг умрига завол бўлди.  Ўтган асрда анъанавий империялар қулади, мустамлакачилик тизими барбод бўлди, тоталитар тузумлар емирилиб, икки қутбли дунё барҳам топди.

Аммо ўтган асрнинг охирида фан-техникада мисли кўрилмаган кашфиётлар қўлга киритилдики, инсоният янги асрга ўзгача назар, тушунча ва режалар билан қадам қўйди. Оммавий равишда ҳаётга, жамиятга, келажакка муносабат  ўзгарди. Афкор омма келажакни янада ёрқин бўлиши учун афсус-надомат чекадиган воқеалардан асраши кераклигини тушунди. Ушбу асрда оммавий қирғинбаротлар, жаҳон урушлари бўлмаслиги керак.

Бир қараганимизда, янги асримиз тинчлик ва барқарорликка асослангандек. Шу билан совуқ ядро урушлари таҳликаси чекингандек гўё. Аммо узоқ-яқин мамлакатларда бўлаётган уруш кўланкалари тинчлигимизга, осойишталигимизга раҳна солаётгани ҳам бор гап. Айтиш даркорки, глобаллашув даврида оммавий маданият ҳуружи, маънавий қашшоқлик ва ахборот урушлари хавфи атом бомбасидан ҳам кучлироқ таъсир кўрсатиши мумкин.  Бунинг маъноси шуки, дунё хавфсизлигини янгича кўринишдаги  хуружлардан асраш даври келди.

Давлатимиз мустақилликка эришгач, БМТга ва бошқа халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб кириш, ўзининг ташқи сиёсатини мустақил равишда ўтказиш, давлатлараро муносабатларнинг йўналишлари ва устуворлигини белгилаш имконияти қўлга киритилди. Аммо таъкидлаш зарур, Ўзбекистон Республикаси учун мустақил ташқи сиёсат юритиш - давлат фаолиятининг янги ва амалда қўлланилмаган йўналишларидан бири эди. Сабаби, яккаҳокимлик тизими шароитида Ўзбекистон халқаро майдонга тўғридан-тўғри ва очиқ чиқиш имкониятидан маҳрум этилган бўлиб, ўзининг ташқи сиёсий давлат идораларига, етарлича дипломатларига ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги мутахассисларига эга эмас эди. Сўнгги вақтларгача республикада шундай кадрлар тайёрлайдиган биронта ҳам институт йўқ эди. 

Республика, унинг корхоналари тўғридан-тўғри ташқи алоқаларни мустақил равишда ўрнатиш имкониятидан амалда маҳрум қилинган эдилар. Ташқи савдо соҳасида Марказ яккаҳокимлигининг қаттиқ тазйиқи доимо сезилиб турарди. Ҳамма валюта ҳисоб-китобларини фақат иттифоқ идоралари амалга оширар, республика табиий, хом ашё ресурслари ва етиштирган маҳсулоти қаёққа кетишини, уни экспорт қилишдан тушган маблағ кимга тегишини билмасди. Ўзининг халқаро обрў-эътиборини қозониш ва мустаҳкамлаш, халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида ўзини қарор топтириш учун кўп ишларни қилиш, баъзида эса умуман бошидан бошлашга ҳам тўғри келарди.

Нафсиламбирини айтганда, тарих учун янги асрнинг йигирма  йили кўп вақт эмас. Аммо биз шу йилларнинг ҳар бирини яратиш, бунёд этиш, ижтимоий адолатни, миллий ғурур ва ифтихорни тиклаш, тинчлик-тотувликка эришиш, дунёга чиқиш, дунё ҳамжамияти эътирофини қозониш йилларига айлантирдик.

 Неча минг йилликлар давомида кўрмаган, гувоҳ бўлмаган нарсаси қолмаган бу донишманд дунёни ҳайратга солиш осон иш эмас. Бироқ кейинги йигирма йил ичида Ўзбекистонда давлатнинг бош ислоҳотчилигида, халқнинг қатъий азму қарори, ғайрат-шижоати, фаровон келажакка ишонч туйғуси, ёшлар, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллиги билан амалга оширилган ишлар чиндан ҳам ҳайратланарли. Бу — юртимизда ўтказилаётган кўплаб халқаро анжуманлар иштирокчилари, нуфузли давлат ва жамоат арбоблари, сиёсатшунослар, иқтисодчи олимлар, жамоатчилик фикрини ўрганиш халқаро марказлари мутахассисларининг фикри.

Содда қилиб айтганда, Ўзбекистонда кейинги йиллар ичида нимага эришилган бўлса, уларнинг барчаси халқимизники, ўзимизники, келажагимизники.

Биз бугун эмин-эркинликда кечаётган умримизнинг йигирма саккизинчи довонида туриб, босиб ўтган йўлимизга, эришган муваффақиятларимизга, ҳаётимизда, онг-шууримизда юз берган ўзгаришларга ва айниқса, истиқлол шароитида ўсиб улғайган ёшлар фаолиятига назар ташлаб, фикру мулоҳазаларига қулоқ тутар эканмиз, қалбимизда фахр-ифтихор туйғулари жўш уради, дунёнинг бугунги шиддатига ҳар жиҳатдан мос янги баркамол авлод камолга етаётганига, ўтган йилларнинг ҳеч бири, ҳеч ойи изсиз, самарасиз кетмаганига амин бўламиз. Бу йилларни истиқлол солномасининг энг мураккаб, аммо бениҳоя сермазмун ва шарафли саҳифалари десак, муболаға бўлмайди.

Малоҳат ЗИЯДУЛЛАЕВА,

35-Ғаллаорол сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+