Муҳаммад Исмоилнинг сайловолди учрашуви

16.12.2019 12:12:14

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 32-Ховособод сайлов округидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши деутатлигигига номзод, ардоқли шоир Муҳаммад Исмоилов ўз сайловчилари билан учрашди.

Ховос туман “Афросиёб” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 21-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда партиянинг Ховос туман Кенгаши ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси қатнашди.

Номзоднинг ишончли вакили Аҳрор Фатталов сайловчиларни Муҳаммад Исмоиловнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништириб ўтди.

Жумладан, номзоднинг ўз округи ҳудудида аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ҳудудни иқтисодий-сармоявий, ижтимоий, маданий жиҳатдан замонавийлаштириш, ҳудуддаги талабга жавоб бермайдиган трансформаторлар фаолиятини қайта кўриб чиқиш, ички йўлларни босқичма-босқич асфальтлаштиришга эришиш ҳамда табиий газ етказиб бериладиган йўналишлар босимини ошириш ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш, аҳолига қулайликлар яратиш масалаларини давлат дастурига киритган ҳолда амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда Ховос темир йўл шифохонаси бош шифокори Ғойибназар Райимназаров, Ховос тумани 21-умумий ўрта таълим мактаби директори Мазбут Ҳақназаров, “Афросиёб” маҳалласи хотин-қизлар билан ишлаш бўлими ходими Лола Насриддинова, нафақахўр Алиқул ҳожи Холиқназаровлар сўзга чиқиб, кўрсатилаётган номзоднинг сайловолди дастури афзаллиги хусусида гапириб ўтишди. Жумладан, М.Исмоиловнинг халқ манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш имконияти, ижтимоий жиҳатдан турмушни яхшилаш, маънавий соҳада муайян ишларни амалга ошириш имконияти юқори эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Исмоилов сайловчилар билан учрашув чоғида депутат сифатида келгусида амалга оширишни режалаштирган ишлари борасида ўртоқлашди. У ўз сўзида таълим соҳасини ривожлантириш учун мактаблардаги кутубхоналар фондини бойитиш лозимлигини, кутубхона мактабнинг юраги эканлигини, ҳар бир ўсиб келаётган ёш авлод вакиллари ўз тарихини яхши билиши, буюк алломаларимизнинг бой маънавий меросини фахр билан ўрганиши, илм олишга интилиш уларнинг асосий мақсадига айланиши ҳақида куюнчаклик билан айтиб ўтди.

Шунингдек, йиғилиш якунида номзод Муҳаммад Исмоилов ўз қаламига мансуб китоблардан мактаб кутубхонаси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини аъзоларига совға қилди. Мухлислар шоирнинг қаламига мансуб китобларига дастхатлар қўйдиришди.

Моҳидил ЗИЯЕВА,

Ҳалима Худойбердиева номидаги

 ижод мактаби ўқитувчиси,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+