Наримон Умаров Шўрчида сайловчилари билан учрашди

27.11.2019 10:11:43

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят ва Шўрчи туман Кенгашлари томонидан туман Маданият саройида “Биз адолат тарафдоримиз” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Унда  Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўрсатилган номзодлар, партиянинг вилоят ва туман Кенгашлари вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари вакиллари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари, маданият ходимлари, санъаткорлар иштирок этди.

Тадбир таассуротларга бой ва мазмунли ўтиши учун  саҳна безатилди, саҳна атрофига нур тарқатувчи мосламалар ўрнатилиб, ранг-баранг пуфаклар қўйилиб, “Адолат”нинг катта баннерлари саҳнада тадбирга ўзгача кўрк ва файз берди, кўтаринки кайфият бағишлади. 

Партиянинг вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамраев сўзга чиқиб, сайловолди дастурда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш, тинчлик ва миллий ҳамжиҳатликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш устувор вазифа этиб белгиланганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг бу йилги сайловда иштироки барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ғоясини рўёбга чиқаришни асосий вазифаси, деб ҳисоблашини  ҳам  айтиб ўтди.

Тадбирда 82-Шўрчи сайлов округига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан қўйилган номзод Наримон Умаров сўзга чиқиб,  жамиятимизда адолат тамойилларининг барқарорлиги, ижтимоий адолат мезонларига тўлиқ риоя этилиши учун тинимсиз курашиш “Адолат” социал-демократик партиясининг энг асосий мақсади,  вазифаси эканлигини таъкидлаб ўтди. Наримон Умаров ўз сўзида сайловчиларга партия сайловолди дастурининг асосий йўналишларини баён қилар экан, халқ учун муносиб ҳаёт шароити яратиш, давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг муносиб иштирокини таъминлаш, сиёсий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилиши, жамиятда демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва ривожланиши, адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги таъминланиши устувор мақсад этиб белгиланганини таъкидлаб ўтди. Наримон Умаров сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар билан ҳам таништириб ўтди.

Шундан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига қўйилган номзодлардан Саида Турсунова, Маҳмуд Гадойшоев, Саломат Назаровалар аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб мамлакатни демократлаштириш ва янгилаш, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича устувор вазифаларни ҳал этишда “Адолат” социал-демократик партиясининг ўрни ҳақида айтиб ўтиб,  ўзларининг сайловолди дастурлари билан ҳам батафсил таништирдилар.

Ўзаро савол-жавоб тарзида ўтказилган учрашувда сайловчилар номзодларимизга аҳолини қийнаб келаётган долзарб масалалар хусусида саволлар  беришди. Шунингдек, вилоятнинг чекка туманлар аҳолиси ўртасида кузатилаётган муаммоларни бартараф этиш каби саволларга  номзодлар атрофлича жавоб қайтардилар.

Тадбирнинг мусиқали қисми ташриф буюрганларга хуш кайфият бағишлади. Унда туман маданият уйи санъаткорлари ўзларининг куй-қўшиқларини ҳавола этишди.

Шунингдек, Наримон Умаров   бўлажак   сайловларга ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўриш, халқ орасида обрў-эътиборга эга номзодларни танлаш, партиявий-ташкилий ишларни янгича ташкил этиш, вилоят сайлов штабини сайлов қонунчилигига асосан меъёрий-ҳуқуқий, тарғибот ҳужжатлари билан янада бойитиш юзасидан маслаҳатлар берди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+