Номзод учун сайловчилар манфаати муҳимдир

17.12.2019 16:12:16

125-Қарши сайлов округидан парламентнинг қуйи палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатилган Насиба Азизованинг сайловчилар билан ўтказаётган учрашуви ғоят самимий руҳда ўтмоқда. Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” маҳалла фуқаролар йиғинидаги учрашувда  маҳалла аъзолари ва Қарши давлат университети ўқитувчи ва талабалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Унда сўзга чиққан номзод Президентимизнинг Конституциямиз  қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган  тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаган аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшларнинг маънавий-аҳлоқий тарбияси билан боғлиқ масалаларни ечиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, таълимда коррупциянинг олдини олиш ҳақида илгари сурилган масалалар хусусида фикр мулоҳаза юритар экан, бундай долзарб масалалар “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида ҳам  ўз аксини топганлигини эътироф этди. Шунингдек, номзод Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастуридаги бошқа муҳим устувор вазифалар ва ўз мақсади хусусида ҳам тўпланганларга муфассал маълумот берди.

Номзоднинг Рогузар, Нахшаб МФЙларидаги сайловчилар билан учрашувлари ҳам савол-жавобларга бой бўлди. Номзод ўз сайловолди  дастуридаги ўқитувчилар ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора тадбирларни амалга ошириш ва шу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида”  алоҳида қонун  қабул қилиш, мактабгача таълим муассасаларида моддий аҳволи оғир оила фарзандлари учун тўлов тизимида чегирмалар ташкил этиш ҳақида атрофлича сўз юритди.

Номзоднинг сайловолди дастури билан танишган сайловчилар унга янги иш ўринлари яратиш, ички йўлларни тартибга келтириш, савдо шахобчаларида муддати ўтиб кетган  айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, дорихоналарда эса дори-дармонлар ҳар хил нархда сотилаётгани ва бошқа масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилдилар.

Номзод партия Сайловолди дастурида бу масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратилгани ҳақида иштирокчиларга тушунча берди. Қизғин баҳс-мунозара доирасидаги бу учрашувлар сайловчиларда ёрқин таассурот қолдирди.                              

Рўйиддин РАУПОВ,

                                                 Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят

                                                  Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+