Номзодлар дастурлари сайловчилар фикрлари асосида бойитилмоқда

03.12.2019 14:12:00

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан кўрсатилган номзодларининг сайловолди тарғибот тадбирлари, аҳоли билан учрашувлари қизғин тус олди. Бугун Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида партия вилоят Кенгаши томонидан кўрсатилган номзодлар  ўзларининг  сайлов округларидаги сайловчилари билан  мулоқот қилиб, сайловолди дастурларини уларнинг таклифи асосида янада бойитмоқда.  Округ комиссияси томонидан белгиланган режа-жадвалга асосан ҳудудларда доимий учрашувлар ўтказиляпти.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 106-“Бағдод” сайлов округидан номзод Гулбаҳор Саидғаниева тумандаги  “Олчин” МФЙ 18-сонли умумтаълим мактабида, “Чўлюнус” МФЙдаги 31-сонли умумтаълим мактабида, “Ирғоли” МФЙдаги 23- сонли  умумтаълим мактабларида тарғибот тадбирларини олиб борди.

Шунингдек, 112 – “Водил” сайлов округидан номзод Азизжон Собиров  Фарғона туманидаги 55-сонли умумтаълим мактабида, 102-“Яйпан” сайлов округидан номзод Маъруфжон Джўраев Ўзбекистон тумани маданият ва аҳоли дам олиш марказида, 115 – “Қувасой” сайлов округидан номзод Альберт Мустаев шаҳарнинг “Қўчқорчи” МФЙ  педагогика касб-ҳунар коллежи биносида, 20-, 21 –умумий ўрта таълим мактабларида, 109-“Қўштепа” сайлов округидан номзод Анваржон Ҳамидов туманнинг 9-сонли умумтаълим, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида ўзларининг тарғибот тадбирларини ўтказдилар.  

Номзодлар маҳалла аҳолисини ўз сайловолди дастури билан таништириб, сайлов жараёнида фаол иштирок этиш ҳамда  муносиб номзодларга  овоз бериш, ҳар бир номзод ўз олдига  қўйган мақсад ва вазифаларини амалга оширишида сайловчининг қўллаб-қувватлаши, кўмагига таянишини таъкидладилар.

Бундан ташқари, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари вилоят ҳамда туман-шаҳар Кенгашлари депутатлигига кўрсатилган номзодлар ҳам  ўз сайловчилари билан  учрашувлар  ўтказиб,  ўзларининг  сайловолди дастурларини  тарғиб  қилмоқдалар.

Учрашувлар ва тарғибот тадбирлари давом этмоқда.

   Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП  Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+