Сайловчилар номзодга мактабдаги муаммоларни етказди

12.12.2019 12:12:28

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 60-Пайариқ сайлов округидан кўрсатилган номзод Сайёра Джумаева сайловчилар билан учрашиб, мулоқотлар олиб бормоқда.

Куни кеча Пайариқ тумандаги “Оққўрғон”, “Сорисув” маҳалла фуқаролари йиғинларида бўлиб ўтган учрашувлар чоғида асосий эътибор партия ва номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилаётган мақсад ва вазифалар, устувор йўналишларни тарғиб этишга қаратилди.

Аҳамиятли жиҳати, учрашувлар чоғида кўпчилик сайловчилар томонидан номзоднинг дастурида белгиланган вазифалар долзарб эканлиги, халқни ўйлантираётган масалалар кўтарилганлиги эътироф этилди. Дастурда илгари сурилаётган ғоялар, амалий таклифлар  маъқулланди.  

Шунингдек, сайловчилар томонидан ҳудудда ечимини кутаётган баъзи муаммолар ҳам ўртага ташланди. Буларнинг ечими бўйича номзоднинг фикрлари билан қизиқишди. Хусусан, “Сорисув” МФЙ фуқароси Тошболта Мусаев шу маҳалладаги 84-сонли умум таълим мактабида ўқувчилар уч сменада ўқишаётганлиги ва учинчи смена ўқувчиларининг дарслари жуда кеч тугаётгани, бу эса ўз навбатида дарс сифати ва самарадорлигига таъсир этаётганлиги ҳақида,  Аброр Бердиқулов маҳалла фуқороларининг маънавий ҳордиқ чиқаришлари учун клуб қуриш лозимлиги ҳақида куюниб гапирдилар. 

Номзод С.Джумаева дастурида нафақат уч сменада ташкил этилаётган дарслар, балки, битта синфда 35-40 тадан ўқувчилар таълим олиши ҳам эртамиз эгалари бўлган ёш авлоднинг сифатли таълим олишига таъсир кўрсатишини айтди. Шу каби масалаларни инобатга олиб, дастурида белгилаб олинган устувор вазифалар хусусида иштирокчиларга маълумот бериб ўтди.

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+