Сайловолди учрашувда ҳудудга дахлдор масалалар кўтарилди

12.12.2019 17:12:43

Шу кунларда мамлакатимиз муҳим сиёсий жараён - парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлари ўзининг кульминацион нуқтасига тобора яқинлашиб бормоқда.

Халқаро ва маҳаллий экспертларнинг кузатувларига кўра, бу йилги сайловлар мутлақо янгича муҳит, янги ҳуқуқий шароитда ўтмоқда.

Демократик принципларга таянган ҳолда ташкил этилаётган сайловолди тарғибот-ташвиқот тадбирларида республикамизнинг бешта сиёсий партияси вакиллари ўз дастурларида илгари сурилаётган ғоя ва мақсадлар, асосий йўналиш ҳамда вазифаларни аҳолининг барча қатламларига ўта таъсирчан ва ишонарли тарзда етказиб бормоқдалар.   

Аҳамиятлиси, номзодлар ва сайловчиларни яқиндан таништиришга қаратилган учрашувлар аҳолининг партияларга бўлган ишончини янада оширишга,  хайрихоҳлар сафини кенгайишига  хизмат қилмоқда. Ана шундай самарали мулоқотларнинг навбатдагиси Паркент тумани “Қорақалпоқ” қишлоғи 27-сонли умумтаълим мактабида  ташкил этилди. Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 1-“Қорақалпоқ” сайлов округидан номзоди кўрсатилган Баҳтиёр Иброҳимов иштирок этди.

Қизғин руҳда ўтган мулоқот давомида сайловчилар ўзларини қизиқтирган  ва ўйлантириб келаётган саволлар билан номзодимизга  мурожаат этдилар. Хусусан, туманда соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммолар, тиббий хизмат учун нархларни оптималлаштириш, дорихоналарда сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори-дармон воситаларининг олдини олиш, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимидаги мавжуд сарасонгарчиликлар, таълим соҳаси ва ёшлар бандлигни таъминлашдан иборат  саволларга  номзод  Бахтиёр Иброҳимов батафсил жавоб берди.

Номзодимиз  ўзининг сайловолди дастуридан ўрин олган мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш таъминоти тизимини мустаҳкамлаш, ҳар бир мактабда малакали тиббий хизматни жорий этиш, болаларни бепул стоматология хизмати ва дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, “ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, тиббиёт соҳасига замонавий АКТларни кенг жорий этиш, аҳолини хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлашда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича ишлаб чиқилган таъсирчан қонунчилик механизмларига тўхталиб ўтди.

Б.Иброҳимов ўз чиқишида суд-ҳуқуқ соҳасида аҳолининг сарсон бўлишиининг олдини олиш,  суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судлари негизида умумий юрисдикция судлари ташкил қилишни, уларга “халқ судлари” мақомини  бериш ҳамда судлар ваколатини ошириш каби партиянинг дастурий йўналишларига эътибор қаратди.

Айтиш керакки,  фуқароларимизнинг сиёсий онги, маданияти жамиятда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларга монанд ўсиб бораётгани жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик  таъминланаётганидан далолатдир, - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига  номзод Бахтиёр Иброҳимов - Бугунги мулоқот давомида  туман аҳолиси, айниқса  ёшлар ҳаётига доир муҳим масалалар, улғайиб келаётган ёш авлоднинг сифатли таълим олиши ва иш билан таъминланиши ҳамда улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш каби долзарб вазифалар бугун муҳокамалар марказида бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Тошкент вилоятидан кўрсатилган партиямиз номзодлари  вилоятнинг барча туман ва шаҳар  сайлов округларида ташкил этилаётган сайловолди  учрашув ва мулоқотларда ўта фаол иштирок этиб, сайловчилар ишончини тобора қозониб бормоқдалар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+