Шўрчида учрашувлар давом этмоқда

29.11.2019 13:11:49

Шўрчи туманидаги “Жойилма” маҳалла фуқаролар йиғинидаги  Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш коллежи биносида 82-Шўрчи сайлов округига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Наримон Умаровнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Партиянинг вилоят ва Шўрчи туман Кенгаши аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда “Жойилма” МФЙ фуқаролари  иштирок этган учрашувда сайлов жараёнлари, номзодларнинг тарғибот тадбирлари Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ўтказилаётгани таъкидланди.

– Тарғибот учрашувлари Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида белгиланган тартиблар ҳамда белгиланган жадвал асосида ташкил этилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи 82-Шўрчи сайлов округ сайлов комиссияси раиси Маърифат Бобоназарова. – Номзодларга сайловчиларни ўз дастурлари билан таништиришлари учун тенг вақт, имконият яратиб берилди.

Депутатликка номзоднинг ишончли вакили сайловчиларни номзод билан яқиндан таништириб, таржимаи ҳоли, сайловолди дастурининг асосий йўналишлари бўйича маълумотлар берди.

Депутатликка номзод Наримон Умаров сўзга чиқиб, партиямизнинг янги сайловолди дастурида асосий эътибор  аҳолига қулайликлар яратиш ва фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлигини айтиб ўтди. Хусусан, суд тизимини янада такомиллаштириш, соҳада очиқлик ва ошкораликни таъминлаш,  шунингдек, аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат ва бандлик, даромадларнинг адолатли тақсимланиши, ижтимоий хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси каби долзарб малалаларга алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлади. 

Партия томонидан соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳага ақлли тиббиёт механизмини жорий этиш, пулли тиббий хизматлар  учун нархларни ҳудудлар бўйлаб бир хил белгилаш, сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори-дармон воситаларининг олдини олиш каби масалалар хусусида фикр билдирди. Шу билан бирга олий таълим муассасаларига қабул квоталарини бекор қилиш, шартнома бўйича ўқиш имконига эга бўлган ёшларни олий ўқув муассасаларига кириш имтиҳонларисиз қабул қилиш ҳамда ўғил-қизларимизнинг олий маълумотга эга бўлишлари учун барча  қулайликларни яратиш, бундан ташқари хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларни ҳақ-ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя этиш каби масалаларини қамраб олганлиги тўғрисида маълумот берди.

Тадбир давомида қайд этилган барча таклифлар йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Депутатликка номзод Наримон Умаров сайловчиларни сайловолди дастури, белгиланган вазифалар, уларни қандай амалга ошириш ҳақида атрофлича маълумот берди.

– Бугун сайловчиларимизнинг фаоллиги жуда юқори, – дейди  Олий Мажлис депутатлигига номзод Наримон Умаров. – Ишонаманки, юртдошларимиз мамлакатимиз тақдири, порлоқ келажагини яратишда муҳим аҳамият касб этадиган сайловларда фаол иштирок этади ва ўзлари муносиб, деб топган номзодларга овоз беради.

Учрашувда номзодимиз сайловчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+