“Яшил иқтисодиёт” – жонли деҳқончилик

03.01.2020 13:01:00

“Адолат” СДП ўз олдига инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини доимий равишда такомиллаштириб боришни, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, иқтисодиёт тармоқларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этилишини қўллаб қувватлайди ва бу масалаларга алоҳида эътибор қаратади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда юз бераётган муҳим ва тарихий ўзгаришлардан яна бири бу валюта сиёсатини эркинлаштириш ва миллий валютамизнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлардир.

Ислоҳотлар натижасида 2017 йилнинг сентябрига қадар мавжуд бўлган валюта муомаласи соҳасининг ҳаддан зиёд маъмурий тартибга солинганлиги, алоҳида хўжалик юритувчи субъектлар учун имтиёз ва преференцияларнинг асоссиз равишда тақдим қилиниши натижасида бизнес юритишда тенг бўлмаган шарт-шароитларнинг вужудга келганлиги ҳолатларига тўлиқ барҳам берилди. Валюта операцияларини амалга оширишда резидентлар ва норезидентларнинг чет эл валютасидаги маблағларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳамда валюта операцияларининг барча жабҳаларида очиқликни таъминлашга эришилди.

Таъкидлаш жоизки, хорижий валютани эркин сотиб олиш ва сотиш имконияти ва миллий валюта айирбошлаш курсини бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда белгиланиши мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозордаги рақобатдошлиги ва рентабеллигини ошириш билан бир қаторда, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан янги технологиялар ва билимларни жалб қилиш, экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Биз бозор тамойиллари асосида валюта ресурслари оқимининг самарадорлигини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, ташқи савдода валюта сиёсатининг рағбатлантирувчи ролини ошириш мақсадида миллий валютанинг хорижий валютага нисбатан айирбошлаш курси фақатгина валюта биржасининг банклараро электрон савдоларида валютага бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда белгиланишини қўллаб қувватлаймиз ва бу бозор иқтисодининг зарурий шарти деб биламиз.

Биз инсон ҳаётининг сифати у яшаётган атроф-муҳит шароитига бевосита боғлиқ эканлигини жуда яхши биламиз – бу ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Биз миллий иқтисодимизнинг “тўртинчи саноат инқилоби” принципларига ўтиши тарафдоримиз. Ушбу дастур қайта тикланадиган табиий ресурслардан фойдаланиш, янги манбаларни излаб топиш, бир вақтнинг ўзида табиатга босим ўтказмай туриб, иқтисодни ривожлантириш нуқталарини топишга асослангандир. Шу сабабли биз– «яшил иқтисодиёт» ни устувор вазифамиз деб биламиз.

Шундан келиб чиқиб биз мамлакат иқтисодиётининг “яшил рельслар”га ўтишининг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, энергия тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш тарафдоримиз. Бу – тезкор ривожланиш ва иқтисод рақобатбардошлигини оширишнинг зарурий шарти ва муҳим омилидир.

Бизнингча, энергетика секторининг асосий драйвери, бу қуёш энергетикасини ривожлантириш соҳаси бўлиши керак. Мақсадимиз – олдимизга қўйган мақсадларга биноан, юзага келтирувчи қувватлар тузилмасида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 2025 йилгача 20 фоизгача чиқариш, бунда келажак авлодни жиддий экологик хавф-хатарлар ва етишмовчилик таъсирига туширмасдан, ўсишнинг самарали ресурс моделига тезлик билан ўтишни таъминлаш лозим.

Биз иқтисоднинг энергия зичлиги изчиллик билан қисқариш йўналишига эга бўлишини хоҳлаймиз. Муқобил энергетикани (қуёш энергетикаси, кичик дарёлар, сув омборлари ва каналларнинг гидросалоҳияти, биогаз энергияси ва бошқалар) жорий қилиш ва рағбатлантириш дастурини қабул қилишни таклиф қиламиз.

Биз учун «яшил иқтисодиёт» – бу қишлоқ хўжалигида жонли деҳқончилик демакдир. Биз синтетик пестицидлар (“ақлли” ўғитлар), турли ем қўшимчалари, ҳосилдорликни таъминлаш, маданий экинларни етиштиришда органик ўғитлардан оқилона фойдаланиш тарафдоримиз. Биз ривожланган демократик мамлакатларнинг экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари саноатини рағбатлантиришнинг турли механизмларини қўллаш соҳасидаги тажрибасидан кенгроқ фойдаланиш, шунингдек улар томонидан йўл қўйилган хатоларни чуқур таҳлил қилиш орқали хулосалар чиқарган ҳолда миллий ишлаб чиқарувчиларимизни қўллаб-қувватлашни таклиф қиламиз.

Биз шундай иқтисодий сиёсатнинг тарафдоримизки, у қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини янада чуқурроқ қайта ишлашни рағбатлантиради, тадбиркорлик субъектларини узоқ муддатли имтиёзли кредитлайди, юқори технологик ишлаб чиқаришни яратиш учун бевосита давлат субсидияларини ажратади, қишлоқнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиради.

Бизнинг устувор вазифамиз – ишлаб чиқарувчилар учун истеъмолчилар сари йўлни ортиқча “найранглар”сиз таъминлаб бериш, ривожланган озиқ-овқат дўконлари тармоғига эга, воситачиларга бозорни монополлаштиришга йўл қўймайдиган ва шу орқали фермер ҳамда деҳқонларга маҳсулотини сотиш, харидорларга эса уларни арзон нархларда харид қилиш имконини берувчи логистик компаниялар тизимини ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат бўлади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистонимизни иқтисодини рақобатбардош, барча ишлаб чиқарувчиларга тенг имкониятлар таъминланган, ишлаб чиқарувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳити асосий мезон бўлган, чет эл сармоядорларига ҳам тенг ишбилармонлик муҳити асосида фаолият олиб боришлари кафолатланган, Конституция ва қонунларнинг устуворлиги сўзсиз таъминланган, кучли “ҳуқуқий-демократик давлат” сифатида ривожланган давлатлар қаторига қўшилиши йўлида хизмат қилиш барчамиз учун энг олий ва шарафли вазифа бўлмоғи лозимдир.

Махмуд  ГАДАЙШАЕВ,

83-Олтинсой сайлов округидан

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+