САЙЛОВОЛДИ ДАСТУР

ЎЗБЕКИСТОН “АДОЛАТ” СОЦИАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ

АДОЛАТ - ҲАР БИР ИНСОН УЧУН!

 МУҚАДДИМА

 

Сиёсий майдонда халқчил ва ҳаётий ғоялари билан ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси навбатдаги сайловлар олдидан Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, “ижтимоий давлат” ва “барча учун фаровонлик таъминланган” адолатли фуқаролик жамиятини қуришнинг социал-демократик моделини таклиф этади. Унинг асосий қоидалари қуйидагилардан иборат:

- инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлигини тан олиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсонни фаровон ҳаёти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги мезонларини таъминлаш;

- Ўзбекистоннинг эркинлик, имкониятлар тенглиги, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган кучли “ижтимоий давлат” сифатида, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш;

- “халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилмоғи керак” ғояси давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини таъкидлаб, халқ ҳокимиятининг тимсоли бўлмиш вакиллик демократияси институтининг роли ва аҳамиятини янада ошириш; 

- мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жамиятнинг инновацион, интеллектуал салоҳияти ва инсон капиталини ривожлантириш;

- партиянинг асосий электорати ҳисобланмиш ишчи ва меҳнаткашлар, юқори малакали мутахассислар, бюджет соҳаси хизматчилари, педагоглар, шифокорлар, илмий ва инженер-техник ходимлар, хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари ва бошқа хайрихоҳлар манфаатларининг самарали ҳимоясини таъминлаш;

- ҳар бир инсон фаровонлигининг гарови бўлмиш тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, фуқаролик тотувлиги, миллатлараро ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, мувозанатли, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб бориш.

Партия электоратимиз ва сайловчиларимиз эҳтиёжлари ва орзу-умидларига асосланган ҳолда, ўтмиш сабоқларидан тўғри хулоса чиқариб, мамлакатимизнинг келажак авлоди олдидаги масъулиятни ҳис этиб, келгуси беш йиллик учун қуйидаги устувор вазифаларни олға суради.

ҲУҚУҚИЙ-ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТ ҚУРИШ – ПИРОВАРД МАҚСАДИМИЗ

Асосий тамойилимиз – адолат ҳамма ерда ва ҳар бир инсон учун! Қонун ва адолат устуворлигига эришиш – ҳаракатларимиз мезонидир!

Адолатнинг қарор топишида суд ҳокимиятининг ўрни катта. Биз суд ҳокимияти мустақил, судлар эса адолат қўрғонлари бўлиши тарафдоримиз.

Биз Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар натижасини, айниқса, соҳада аҳолининг норозилигига сабаб бўлган омилларни танқидий ўрганиб борамиз ва шу орқали амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар тайёрлаймиз.

Биз суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти, деб ҳисоблаймиз.

Биз инсонлар сарсон бўлишиининг олдини олиш ва суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судлари негизида умумий юрисдикция судлари ташкил қилишни, уларга “халқ судлари” мақоми беришни, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш таклифини берамиз.

Маълумки, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва уни муносиб ҳимоя қилишда адвокатура институтининг ўрни ва роли беқиёс. Шу боис, биз адвокатларнинг мақомини янада кўтариш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, ҳар бир адвокат малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиши учун зарур чораларни кўриши, бу борадаги амалдаги қонунлар ижроси юзасидан кучли ва самарали назорат ўрнатиш, суд жараёнида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқлари тенглик принципини таъминлаш учун курашамиз.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суд қарорларини ижро қилиш ваколати прокуратура ва ички ишлар органларига берилган бўлиб, бу ҳолат халқаро талабларга жавоб бермайди. Қолаверса, жазо ўтаётган шахслар таъқиб қилувчи органлар қўлида бўлмаслиги лозим. Шу муносабат билан, биз барча ижро билан боғлиқ ваколатларни ва жазони ижро этиш муассасаларини суриштирув ҳамда тергов ваколатига эга бўлмаган, холис орган – адлия идоралари бошқарувига беришни мақсадга мувофиқ, деб биламиз. Шунда суриштирув ва терговдан норозиликлар барҳам топади, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг, қийноқ ва тайзиқларнинг олди олинади, ижро жараёнида инсон ҳуқуқлари таъминланади.

Биз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини қўллаб-қувватлаймиз ва унинг шаффофлигини янада ошириш чораларини кўрамиз.

Ҳар бир фуқаронинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари, қонуний манфаат ва эркинликларини ҳимоя қилиш давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари, энг аввало, давлат бошқаруви ва айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биринчи даражали вазифаси бўлиши лозим.

“Пропискадан ўтиш” тизимига янгича ёндошиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш масаласи доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Биз жамоат жойлари тушунчасининг ҳуқуқий асосини яратамиз, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ички ишлар тизимининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва аҳолининг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш мақсадида уларнинг сонини мақбуллаштириш ҳамда “ҳалқ полицияси” деб ном бериш, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг сонини оптималлаштириш ва инспекторларни чинакам “халқ ёрдамчилари” га айлантириш таклифини илгари сурамиз.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорларнинг қонунларни аниқ ва бир хилда бажарилишини назорат қилиш вазифасини кенгайтириш ва қуйи прокуратура органларига “Халқ прокуратураси” мақомини бериш таклифини илгари сурамиз.

Бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХ томонидан амалга оширилмоқда. Дастлабки тергов органларининг тарқоқлиги натижасида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари юз бераётганлиги сайловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бош прокуратура ва унинг қуйи органларининг тергов жараёни устидан назорат функцияси тобора пасайиб бормоқда. Ушбу ҳолатни бартараф қилиш, дастлабки тергов устидан назоратни кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз.

Аҳолининг барча қатламлари орасида, айниқса, ёшларда коррупцияга қарши муросасиз кураш маданиятини кучайтиришни муҳим деб ҳисоблаймиз. Биз коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этамиз. Партия ушбу иллатни таг–томири билан йўқотиш учун курашади. Бош прокуратура билан ҳамкорликда келгуси 5 йилда Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга муросасиз 50 та давлат қаторига киришини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни белгилаб, амалга оширамиз.

Биз жамиятда коррупцияга нисбатан мутлақо тоқатсизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқамиз ва кенг оммага етказиш борасида самарали ишларни ташкил қиламиз.

Биз давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик нормаларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва ўзбошимчалик билан талқин этилишига, шунингдек, тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб борамиз. Коррупцияга оид ҳолатларнинг ўз вақтида олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этилишини таъминлаш, шунингдек, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни йўқотиш чораларини кўрамиз.

КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ – ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИНИНГ КАФОЛАТИ

Биз “Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир” деган тамойилга таянган ҳолда жамиятдаги ижтимоий тенгликни таъминлайдиган, ҳар бир фуқаронинг қобилияти ҳамда малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, у ўз меҳнатининг миқдори ва сифатига яраша муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш учун курашамиз.

Мақсадимиз – ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш. Ижтимоий адолат – бу сиёсий қарашлари, жинси, миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, қонун олдида барча фуқароларнинг ўзаро тенглигини таъминлашдир. Бу – таълим, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги имкониятлар тенглигидир. Бу – кафолатланган меҳнат фаолияти эркинлиги, мансаб лавозимлари бўйича кўтарилиб боришдаги имкониятлар тенглигидир. Энг муҳими, бу – кекса авлод вакиллари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар тўғрисида ғамхўрликдир.

Илмлилик – саодатдир, илмсизлик – мусибат! Биз кучли ижтимоий сиёсатни мамлакатимизнинг келажаги буюк бўлишини таъминловчи инсон капиталига қаратамиз. Таълимга инвестиция киритиш – бу келажакка сармоя киритиш, халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омилдир. Шу боис, биз узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим-тарбия бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш тарафдоримиз.

Биз бундан кейин ҳам мактабгача таълим муассасалари тизимини салмоқли кенгайтириш ва уларда болаларнинг интеллектуал, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш, болаларни мактабгача таълимга қамраб олишни сезиларли равишда ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттирамиз. Бизнинг келгуси 5 йиллик пировард мақсадимиз – болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражасини икки баробарга кўтаришдир.

Шу билан бирга, мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, «Миллий ғоя», «Одобнома», «Динлар тарихи», «Ватан туйғуси» каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона – «Тарбия» фанини жорий қилишни қўллаб-қувватлаймиз. Биз мактабларга буюк алломалар, давлат ва сиёсат арбоблари, машҳур саркарда аждодларимизнинг номларини бериш тарафдоримиз.

Умумий ўрта таълим сифатини тубдан яхшилаш, умумтаълим мактабларни ҳақиқий билим масканларига айлантириш, болалар спорти ҳамда мусиқа ва санъат мактабларини сон ва сифат жиҳатдан янгилаш, болаларнинг мутолаа маданиятини ривожлантириш масалалари ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Биз ўқитувчилар ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширамиз ва шу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” алоҳида қонун қабул қилишни таклиф қиламиз.

Таълим олиш ва унинг сифатини ошириш стратегиясини қабул қилиш, амалдаги қонунлар, қарорлар, кўрсатмалар ва бошқа меъёрий ҳужжатларни тизимлаштирган ҳолда, “Таълим тўғрисидаги кодекс”ни қабул қилишни таклиф қиламиз ва истиқболда бутун таълим жараёнини мувофиқлаштирувчи ягона ҳуқуқий тизимни яратамиз.

Биз олий таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган тизимли ишларни давом эттирамиз, олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялар ва ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) билан таъминлаш, халқаро таълим стандартларига асосланган ўқув-услубий материаллар ва ўқув дастурлари, етакчи педагогик технологияларни ўқув жараёнига кенг жорий қилиш орқали ўқув сифатини ошириш масалаларига кенг эътибор қаратамиз. Давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони ва самарадорлигини ошириш ҳисобига олий таълим билан қамров даражасини 2030 йилга қадар 50 фоиздан ошириш, олий таълим муассасалари сонини янада ошириш борасида амалий таклифлар берамиз. Шу билан бирга, олий таълим муассасаларининг босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш тартибига ўтишини таъминлашга қаратилган норматив ҳужжатларни ишлаб чиқамиз.

Шунингдек, камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи 1000 та олий таълим муассасалари рўйхатига, жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш борасидаги чора-тадбирлар устидан самарали ва таъсирчан парламент, депутатлик ва жамоат назоратини ўрнатамиз.

Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда 2020 йилдан ҳар бир олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш билан бирга, олий маълумотли кадрларни кўпайтириш ва улар ўртасида рақобатни кучайтириш, олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш (бунда ўқув юртлари учун умумий қабул квоталарини белгилаш тажрибасидан воз кечиш), сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини кенг жорий этиш чораларини амалга оширамиз.

Бундан ташқари, педагогика йўналишидаги олий ўқув юртларини энг нуфузли таълим муассасаларига айлантириш, педагогликка мойиллиги бўлган ёшларни мақсадли тарбиялаб бориш бўйича вазифаларни амалга ошириш тарафдоримиз.

Мамлакатимиз рақобатдошлигини узоқ муддатда истиқболли таъминлашнинг муҳим омили сифатида биз мамлакат илмий салоҳиятини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини ошириш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кенг эътибор қаратамиз. Олимларни, айниқса, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўрамиз.

Биз, анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли ижтимоий дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, қуйидаги вазифаларни устувор деб биламиз:

- меҳнатга ҳақ тўлаш билан фуқароларнинг яшаш минимуми харажатлари ўртасидаги тафовутларни кескин қисқартириш, “базавий ҳисоблаш бирлиги”, пенсия ва энг зарур “яшаш минимуми” ҳамда “истеъмол савати”нинг ўзаро мутаносиблигига эришиш ва минимал иш ҳақини бозордаги нарх-навога мутаносиб равишда ошириш;

- аҳолининг даромади бўйича кескин табақаланишининг олдини олиш ва шу орқали ижтимоий муносабатларда барқарорлик ва уйғунликни таъминлаш;

- таълим, илм-фан, тиббиёт соҳаси ходимлари ҳамда зиёлиларнинг ижтимоий нуфузи, мақомини ошириш ва уларни ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратиш;

- бюджет соҳаси ходимлари учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан идоравий уй-жойлар қурилиши ҳажмини кенгайтириш, қурилаётган уй-жойларнинг сифатини ошириш.

Қишлоқ қиёфасини бутунлай янгилаш, қишлоқ жойларида янги уй-жойларни қуриш, ижтимоий ва коммунал объектларни бунёд этиш, коммуникацияни ривожлантириш, йўл инфратузилмасини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, қишлоқ аҳлининг турмуш даражаси ва маданиятини ошириш бўйича ишларни давом эттирамиз. Қишлоқ аҳолисини иш билан банд қилиш ва ижтимоий мухофазасини таъминлаш мақсадида фермерлар қўл остида ишловчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини яратамиз. Иш берувчи сифатида фермерларнинг ва уларга ёлланиб ишловчиларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи ҳамда ҳар икки томоннинг манфаатларини ҳимоя қилувчи қонунларни ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқамиз.

Аҳоли саломатлиги – улкан бойлик, жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир. Биз аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш тарафдоримиз. 

Биз соғлиқни сақлаш соҳасининг хусусий секторини барқарор ривожланишнинг муҳим омилларидан бири сифатида эътироф этиш билан бирга, соғлиқни сақлашнинг давлат секторини мустаҳкамлаш, соҳада юқори малакали хорижий мутахассислар сонини ошириш ва хорижий инвестицияларни кенгайтириш, кадрлар малакасини ошириш ва тайёрлашни самарали тизимини шакллантириш, тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга кенг эътибор қаратамиз. Келгуси беш йилликда соғлиқни сақлаш бўйича давлат харажатларини умумий давлат харажатларига нисбатан 15,4 фоиздан 17 фоизга ҳамда ҳар 1000 кишига хизмат кўрсатувчи шифокорлар сонини 2.45 нафардан 5 нафарга, шифохона муассасалари сонини эса 1135 тадан 1250 тага ошириш – ушбу йўналишдаги асосий вазифаларимиз ҳисобланади.

Бизнинг устувор вазифамиз – замонавий, юқори технологияли, самарали тез тиббий ёрдам хизматини шакллантириш чораларини кўриш. Биз шошилинч тез тиббий ёрдам хизматининг тезкорлиги халқаро эътироф этилган талабларга мос бўлиши, уни бошқаришнинг ахборот тизимини жорий қилиш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тарафдоримиз.

Биз мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш таъминоти тизимини мустаҳкамлаш, ҳар бир мактабда малакали тиббий хизматни жорий этиш, болаларга бепул стамотология хизмати кўрсатилишини таъминлаш, болаларни бепул дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, ҳар бир болада сил касалини аниқлаш учун манту синамаси ўтказиш, болалар орасидаги юқумли касалликларга қарши эмлашлар ўтказиш масалаларини кечиктириб бўлмас долзарб вазифалар деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғруқ комплекслари, гинекологик ва патронаж хизматлари фаолиятини доимий яхшилаб боришни зарур, деб биламиз. Болалар тиббиёт бирлашмалари тизими (мактаб тиббиёти)ни тубдан яхшилашга қаратилган “Соғлом болалик” лойиҳасини амалга оширишни таклиф қиламиз.

Соғлиқни сақлаш бўйича ислоҳотларни давом эттириш ва юқори даражага кўтариш орқали болалар ўлими кўрсаткичини ҳар 1000 нафар туғилган чақалоққа 2017 йилдаги 18 тадан 10 тагача, оналар ўлими коэффицентини (ҳар 100 000 тирик туғилган чақалоққа нисбатан) эса 19,7 дан 15 тагача камайтириш келгуси беш йилликдаги муҳим вазифамиз ҳисобланади.

Тиббий фаолият устидан давлат-санитария назоратини кучайтирамиз. Шунингдек, дориларни врач рецепти асосида берилишини йўлга қўямиз ҳамда дорилар рекламасини чеклашга қаратилган қонунларни қабул қилиш ташаббуси билан чиқамиз.

“Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, тиббиёт соҳасига замонавий АКТларни кенг жорий этиш, аҳолини хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ушбу йўналишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш чораларини кўрамиз.

Биз аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга, юқори самарали хавфсиз дори-дармон ва тиббий воситалар билан арзон нархларда таъминлаш, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш тарафдоримиз. Нафақат ҳаётий зарур медикаментлар айланмаси ва сифати, балки чакана савдога тушувчи барча дорилар устидан қатъий давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатишни таклиф қиламиз. Бу мақсадда биз дориларнинг ягона электрон базасини шакллантиришни ва унда барча дориларнинг номи, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва савдога чиқарувчиси, чет элдан келтирилган дори-дармонлар учун эса импорт қилувчининг маълумотларини кўрсатадиган электрон тизимни татбиқ қиламиз. Бу тизим билан дориларнинг нархини барқарорлаштирамиз ва сифатини таъминлаймиз. Биз, шунингдек, умумий соғлиқни сақлаш харажатларида дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиб олиш учун харажатлар улушини 9,6 фоиздан 15 фоизгача ошириш чораларини кўрамиз.

Бизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор мақсадимиз – аҳолига барча даражада (республика, вилоят, туман, қишлоқ) юқори технологияли, ихтисослаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизими самарадорлигини таъминлашдан иборат. Биз касалланиш йўналишларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимига илмий-тадқиқот фаолиятининг охирги ютуқларини фаол жорий қилиш тарафдоримиз.

Биз тиббий хизмат устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ва аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, амалда қўллаш чораларини кўрамиз.

Биз халқ табобатини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз ва ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириб, мустаҳкамлаб борамиз. Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва ушбу соҳада тизимли ишларни кучайтириш мақсадида, биз “Тиббий маданиятни ошириш” давлат дастурини қабул қилишни таклиф қиламиз.

Биз учун барқарор ривожланишнинг яна бир муҳим шарти, бу миллий фармацевтика саноатини қўллаб-қувватлаш саналади. Бу борадаги устувор вазифамиз – фармацевтика саноатининг тезкор ривожланиши учун қулай шароит яратиш, фармацевтик эркин иқтисодий зоналарнинг иш самарадорлигини ошириш, доривор ўсимликларнинг саноат плантацияларини яратиш ва уларни чуқур қайта ишлашни ташкиллаштириш, дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга йўналтирилган.

ХАЛҚ НОМИДАН, ХАЛҚ УЧУН ВА ХАЛҚ МАНФААТЛАРИ ЙЎЛИДА ХИЗМАТ ҚИЛАДИГАН АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ ҚУРАМИЗ

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси – кучли, эркин ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш, “халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилмоғи керак” деган ғоя асосида халқ ҳокимияти тамойилини изчил амалга ошириш, парламентаризмни ривожлантириш, парламент демократиясининг замонавий институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида вакиллик органларининг ролини кучайтириш – мамлакатни демократик янгилашнинг муҳим йўналиши, деб ҳисоблайди.

Мамлакатда Конституция ва қонунлар устувор бўлиши, қонунларнинг халқчиллиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амал қилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилиши, бу борада вакиллик органлари демократиянинг ҳақиқий мактабига, ислоҳотларни амалга оширишда ташаббускор ва ҳал қилувчи кучга айланиши керак.

Биз “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият”лиги тўғрисидаги конституциявий тамойилни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали таъминлашда зарур бўлган “давлат ва жамият томонидан инсон қадр-қиммати ҳимоя этилиши ва ҳурмат қилиниши лозим”лиги тўғрисидаги янги тамойил билан тўлдириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биз ҳуқуқий давлат қурилишида “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг аҳамияти юқори эканлигини назарда тутиб, маъмурий идораларнинг халққа хизмат қилиши, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилинишини амалда таъминлаш мақсадида ушбу қонунни янада такомиллаштириш, уни ҳаётга изчил татбиқ этиш механизмларини аниқ белгилаш зарур, деб биламиз. Бу давлат ва жамият ҳаётида адолат тамойили тантанасини таъминлашнинг зарурий шартидир.

Биз депутатнинг сайловчилар ва партия олдида масъулиятини ҳамда ҳисобдорлигини ошириш, депутатлар фаолиятини халқ билан узвий боғлаш чораларини кўрамиз. “Электрон парламент” ва “Электрон ҳукумат” дастурларини изчил амалга ошириш йўли билан фуқаролар ва барча даражадаги вакиллик органлари ўртасида доимий мулоқот ва алоқаларни кенгайтириб боришни долзарб вазифа, деб биламиз.

Биз ҳокимиятнинг маҳаллий бўғинлари ваколатларини кучайтириш ва кенгайтириш – аҳолининг ҳаётий муҳим муаммоларини ечишда энг ишончли ва тўғри йўл, деб ҳисоблаймиз. Айни вақтда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ролини ошириш орқали ижро ҳокимияти устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарур, деб биламиз.

Бизнинг мақсадимиз – ижро ҳокимияти ва унинг органларини инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қиладиган, фаровон турмуши учун шароит яратадиган, ижтимоий масалалар билан тўлиқ шуғулланадиган шаффоф ва самарали институт даражасига олиб чиқишдир.

Маълумки, фуқаролик жамиятининг кучли институтларидан бири – оммавий ахборот воситаларидир. Шуни яхши англаган ҳолда, партия ўзининг сайловолди дастурларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этиш масалаларини илгари суриб келмоқда. Партия бундан кейин ҳам ушбу масаланинг ўта долзарблигини эътироф этган ҳолда, амалдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунни мамлакат тараққиётига мос равишда такомиллаштириш, унинг ижроси юзасидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ахборот соҳасини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, босма оммавий ахборот воситалари маҳсулотларини тарқатиш соҳасида рақобатни кенгайтириш, оммавий ахборот воситалари ходимларининг, айниқса, журналист ва блогерларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришни муҳим вазифа деб билади. Зеро, шаффофлик, ошкоралик ва очиқлик – адолатли фуқаролик жамиятининг муҳим шартидир.

Сиёсий эркинликларни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш, меҳнат шароитларига бўлган талабларни ошириш, жамоавий битимларга, меҳнат ва дам олишга бўлган ҳуқуқларни таъминлаш, гендер тенг ҳуқуқлигига эришиш, давлат ва иш берувчиларнинг ўз ижтимоий функцияларини эътироф этиши, кучли ва мустақил касаба уюшмалари – буларнинг барчаси замонавий социал демократиянинг муҳим йўналишлари ҳисобланади.

Маълумки, бутун дунё социал–демократлари ишчи ва меҳнаткашларнинг ҳақ–ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмалари билан яқиндан ҳамкорлик қилишади. Шу боис, партия касаба уюшмалари ҳаракатига катта аҳамият беради ва уни замонавий, цивилизациялашган бозор муносабатларини шакллантиришда ишчи ва меҳнаткашларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг энг муҳим воситаси, деб ҳисоблайди. Биз учун касаба уюшмалари ҳаракатини бундан кейин ҳам ривожлантириш ва кучайтириш – адолатли жамиятни шакллантиришнинг зарурий шарти бўлиб қолаверади.

Мақсадимиз – ёлланма ишчиларнинг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида қонунларга риоя қилинишини таъминлайдиган ва меҳнат можароларининг олдини оладиган кучли касаба уюшмаларини ташкил қилишни қўллаб-қувватлашдир.

Демократия ва адолатли жамият – бу, биринчи галда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ривожланган тизимидир. Ўзини ўзи бошқариш институти – бу давлат қурилишининг пойдевори. Биз ноёб маҳалла институтининг янада такомиллашувига ҳар томонлама ёрдам берамиз, уни аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг кучли ва мустақил марказига айлантирамиз.

Биз зиммамизга олган вазифаларни бажариш, кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида мамлакатимиз тараққиётида муҳим роль ўйнайдиган барча нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз.

Биз Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Касаба уюшмалари федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Судьялар ассоциацияси, Адвокатлар палатаси, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ёзувчилар уюшмаси, Амир Темур жамғармаси ва бошқа жамоат ташкилотлари билан адолатли фуқаролик жамияти қуришда яқиндан ҳамкорлик қиламиз.

АҚЛЛИ ИҚТИСОДИЁТ – МАМЛАКАТ ЖАДАЛ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ГАРОВИ

Бизнинг мақсадимиз – рақамли технологияларга асосланган инновацион миллий иқтисодиётни барпо этиш, “фаровон давлат” қуриш, аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтириш, тадбиркорликни ҳар бир фуқаронинг қобилияти ва имкониятини инобатга олган ҳолда ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва унинг ривожланишига ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали мамлакатнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашдир.

Партия ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори сифатида юксак технологияли маҳсулот, маълумотлар жадал алмашинуви технологияси ва виртуал молиявий хизматларга таянган рақамли иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулот таркибидаги улушини 2025 йилга қадар 45% га етказишни муҳим вазифа деб билади.

Биз иқтисодий соҳада республикамизда олиб борилаётган макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий ўсиш суръатларини давом эттириш, бюджет ҳамда миллий валютамиз барқарорлигини таъминлаш, банк ва суғурта тизимларини янада мустаҳкамлаш тарафдоримиз.

Биз рақамли иқтисодиёт ривожида инновацион ёндошувни муҳим, деб биламиз ҳамда тараққиётнинг барқарор давомийлигида давлатнинг мувофиқлаштирувчилик фаолияти етакчи эканлигини эътироф этамиз. Шу нуқтаи назардан, барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш борасида қуйидаги вазифаларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблаймиз:

- Ўзбекистонда инновацион ёндашувли рақамли иқтисодиётга ўтишни ташкил этиш, иқтисодиётни таркибий қайта қуриш, уни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратиш;

- инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, янги технологиялар базасини яратиш, замонавий бизнес инфратузилмаларини ташкил этишда фаол иштирок этиш;

- инновацион фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, “Инновациялар ва инновацион фаолият тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш;

- иқтисодиётни энг замонавий илм-фан ва техника ютуқлари, илғор инновацион ғоялар ва билимлар асосида ривожлантириш чораларини кўриш;

- иқтисодиётда сунъий монополияга барҳам бериш ва мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган рақобатни қўллаб–қувватлаш;

- аҳолини иш билан банд этиш, янги иш ўринлари яратиш, ишсизликка қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш;

- аҳоли даромадини изчиллик билан кўпайтириш бўйича давлат томонидан амалга оширилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаш;

- мамлакатимизнинг муҳим миллий бойлиги бўлган инсон капиталини ҳар томонлама кўпайтириш ҳамда ривожлантириш бўйича илғор ташаббусларни илгари суриш;

- ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган умумдавлат индикатив иқтисодий дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, яъни ижтимоий йўналтирилган иқтисодий лойиҳа ва дастурларнинг давлат томонидан кучли қўллаб-қувватланишига эришиш;

- энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантириш, энергияни тежайдиган инновацион технологияларни жорий этиш;

- уй-жой коммунал хизматлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг оптимал тариф ва қийматларини белгилайдиган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

- уй-жой коммунал хизматлар соҳасига инновацион технологияларни жорий этиш ва хусусий инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратиш, соҳага йўналтириладиган маблағларнинг самарали ва оқилона сарфланиши устидан депутатлар ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

- бизнеснинг амалдаги қонунчиликда белгилаб қўйилган меҳнат муносабатлари, меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимни ижтимоий суғурта қилиш, пенсия таъминоти талабларига амал қилиши учун масъулиятини оширадиган ҳуқуқий меъёрларни такомиллаштириш ва ижросини назорат қилиш;

- интеллектуал мулк объектлари (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар, ихтирога бўлган ҳуқуқлар ва бошқа) ҳуқуқлари бузилишига нисбатан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш;

- юқори технологияли маҳсулотларни экспорт қилишни ва илғор илмий ва технологик ишланмаларни қўллаб-қувватлаш орқали миллий иқтисодиётнинг жаҳон тизимига интеграциясини кучайтириш.

Кичик ва ўрта бизнес – барқарор ривожланишнинг кафолатидир.

Биз барқарор иқтисодий ўсиш ва ҳалқимиз даромадининг изчил оширишнинг муҳим омили сифатида кичик бизнесни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарур, деб биламиз. Давлат томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали шакллари сифатида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратамиз:

– қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратишга қаратилган қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;

– “солиқ таътили” ва солиқ кредитлари, “давлат субсидиялари ва грантлари” (кичик корхоналарга солиққа тортилмайдиган тўғридан-тўғри бюджетдан маблағ ёки бошқа турдаги моддий ресурслар ажратиш) каби солиқ воситаларидан кенг фойдаланиш;

– инновацион корхоналар, компаниялар ва бошқа тадбиркорлик субъектларига давлат грантларини ажратиш.

Биз мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари ва кичик шаҳарларнинг ривожланишини жадаллаштириш, ҳудудлар ва пойтахт орасидаги кескин иқтисодий ва ижтимоий тафовутга йўл қўймаслик мақсадида йирик компанияларнинг марказий бошқарув органларини кичик шаҳарларга кўчириш ҳамда кичик шаҳарларнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан кенг кўламли реконструкция қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз ва давлатнинг “Урбанизация” дастурини қўллаб-қувватлаймиз.

Биз Тошкентнинг маъмурий марказини шаҳарнинг ҳозирги чегараларидан ташқарига кўчиришни, ақлли технологиялар асосида шаҳарнинг янги қисмини бунёд этишни таклиф қиламиз. Зеро, замонавий янги шаҳарнинг қурилиши – эски шаҳарнинг сақлаб қолинишига, уй-жойларнинг бузилмаслигига, ортиқча сарф-харажатларнинг қисқаришига хизмат қилади.

Биз Ўзбекистонда “ақлли бино, ақлли шаҳар” концепциясини кенг жорий этиш тарафдоримиз. Ушбу концепция энергетик ва моддий ресурсларни истеъмол қилиш даражасини тушириш, қурилишнинг инсонлар саломатлиги ва атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирини камайтириш, шаҳарларнинг “яшил белбоғлари”ни кенгайтириш ва ҳимоя қилиш, тоза чучук сув манбаларини муҳофаза қилиш, шаҳарни режалаштириш ишларига ёндашувни тубдан ўзгартириш, табиатнинг саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дов-дарахтлар кўлами ва турини ошириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил майдонлар барпо этиш каби чора-тадбирларни назарда тутади.

Инсон ҳаётининг сифати у яшаётган атроф-муҳит шароитига бевосита боғлиқ бўлиб, бу ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Биз миллий иқтисодимизнинг “тўртинчи саноат инқилоби” принципларига ўтиши тарафдоримиз. Ушбу дастур қайта тикланувчи табиий ресурслардан фойдаланиш, янги манбаларни излаб топиш, бир вақтнинг ўзида табиатга босим ўтказмай туриб, иқтисодиётни ривожлантириш нуқталарини топишга асосланади.

Биз мамлакат иқтисодиётида энергияни тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш тарафдоримиз. Бу – тезкор ривожланиш ва иқтисодий рақобатдошликни оширишнинг зарурий шарти ва муҳим омилидир.

Биз экологик ҳалокатнинг оқибатлари билан курашгандан кўра, унинг олдини олган маъқул, деб ҳисоблаймиз. Биз юқори даражали экологик зарар кўрган ҳудудларда (Оролбўйи, Марказий Фарғона ҳудудлари) экологик ҳолатни соғломлаштириш ва тиклаш бўйича чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, чекловчи давлат чораларини киритиш ва келтирилган зарарни давлат бюджети ҳисобига қоплаш учун қонунчилик базасини яратамиз ва масъулларга тегишли таъсир чораларини қўллаймиз.

Биз барча экологик муаммолар ечими ва улар билан боғлиқ фуқаролар саломатлиги муҳофазаси масалаларини фақатгина давлат бюджетига юклаб қўйиш нотўғри, деб ҳисоблаймиз. «Экологик ишлар» ва санкциялар ортга қайтмас хусусиятга эга бўлишини ва судгача олиб чиқилишини таъминлаймиз.

Шунингдек, рақамли технологиялар базасида иқтисодиётнинг барча соҳаларини янгилашни кўзловчи “Рақамли Ўзбекистон – 2030” Миллий дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш устувор вазифаларимиздан бири бўлади.

Ўз ўрнида содда ва барқарор солиқ тизимини қўллаш орқали “яширин” иқтисодиётга барҳам бериш, муқобил энергетика тизимини ривожлантириш орқали углеводород ресурслари сарфини камайтириш, келгуси 10 йилликда мавжуд энергия қувватларининг камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ташкил этишига эришиш, жаҳоннинг илғор технологияларига асосланган ҳолда миллий автосаноатда электр двигателли енгил автомобиллар, автобус ва юк машиналари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, 2030 йилга қадар ички ёнув двигателли транспорт воситаларининг камида 30 фоизини экологик тоза транспорт воситаларига алмаштириш, давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилишини сақлаб қолиш масалаларини ҳаётга тадбиқ қиламиз.

Биз адолатли ва самарали солиқ ҳамда бюджет сиёсатини амалга ошириш тарафдоримиз. Биз солиққа тортишнинг прогрессив ставкаларини ўрнатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни тўлиқ ёки қисман солиқдан озод қилишни таклиф қиламиз.

Биз қишлоқ хўжалигида “ҳаётий ва самарали” деҳқончилик тарафдоримиз. Бу борада ривожланган демократик мамлакатларнинг экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари саноатини рағбатлантиришнинг турли механизмларини қўллаш соҳасидаги тажрибасидан кенг фойдаланиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни таклиф қиламиз.

Мамлакатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, кафолатланган бюджетга бевосита боғлиқдир. Биз бугунги кунда давлат даромадига ундириладиган барча тўловлар (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) тўлалигича давлат бюджетига тушмаётганлигидан хавотирдамиз. Ундирувларнинг бир қисми давлат бюджетига тушмаган ҳолда айрим давлат органларига йўналтирилганлиги бизни мутлақо қониқтирмайди. Бундай ундирувлар фақат давлат бюджетига ундирилиши ва сўнгра, қонун ҳужжатларига мувофиқ тақсимланиши зарур. Акс ҳолда, давлат божлари ва бошқа мажбурий ундирувлар парламент назорати доирасидан четда қолади ва айрим давлат органлари томонидан мақсадсиз фойдаланишга, ички коррупциянинг ривожланишига сабаб бўлади.

Биз ташқи ва ички туризмни (экотуризм, агротуризм, зиёрат туризми, спорт туризми) йўналишларини ривожлантириш, туристик хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, маданиятли транспорт хизмати кўрсатиш орқали давлат бюджетини тўлдириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари (меҳмонхоналар, замонавий ахборот марказлари, оилавий мактабгача таълим муассасалари, ҳунармандлар ва рассомлар, санъаткорлар хизматлари, компьютер саводхонлиги, кутубхоналар ва ёш ижодкорлар тўгараклари) ташкил қилиш оркали янги иш ўринлари барпо этиш партиянинг доимий диққат-этиборида туради.

Бунинг учун иқтисодиётнинг муҳим бўғини ва қон томири ҳисобланган автомобиль йўлларини халқаро андозалар даражасига кўтаришни, транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солувчи йўл белгиларини тартибга солишни долзарб вазифа деб биламиз. Биз автомобиль йўлларига тақиқловчи белгилар ўрнатиш масаласини фақатгина халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар қарорлари асосида рухсат бериш тизимини жорий этиш таклифини киритамиз.

ЮРТ КЕЛАЖАГИ ВАТАНПАРВАР ЁШЛАР ҚЎЛИДА

Инсон капитали мамлакатнинг муҳим миллий бойлигидир ва биз унинг ҳар томонлама кўпайиши ва тараққий этиши, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, юртимиз ва халқимиз манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб биламиз.

Биз ўз олдимизга саноати юқори ривожланган, иқтисодиёти фан-техника ютуқлари ва инновацияга асосланган адолатли демократик ҳуқуқий давлат қуришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, иқтидорли кадрларни боғча ёшидан тайёрлашга, таълим билан тарбияни чамбарчас олиб боришга, одоб-ахлоқ қоидаларини улар онгига сингдириб боришга, мактаб таълимини сифат ва самара жиҳатидан юқори даражага кўтариш орқали ҳар бир ўқувчининг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва олий таълим муассасасида ўқиш имкониятларини кенгайтиришга, замонавий билимга, кенг дунёқарашга эга малакали кадрларни кўпроқ тайёрлашга эътибор қаратамиз.

Шундан келиб чиқиб, биз аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини кенгайтириш, қолаверса, таълим ва тарбия соҳасида узвийликни таъминлаш мақсадида қуйидаги масалаларни устувор вазифалар сирасига киритамиз:

- мактабгача таълим муассасаларида овқатлантириш тизимини янги инновациялар асосида янгитдан ташкил этиш. Бунда калорияли овқатлар ҳамда мия фаолиятини яхши ишлашида керак бўладиган витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олишига алоҳида эътибор бериш;

- умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиш, эркак ўқитувчилар сонини кўпайтириш, синфлардаги ўқувчилар сонини оптималлаштириш, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари миқдори ва сифатини ошириш;

- умумтаълим мактабларнинг бошланғич синфларида узайтирилган кун гуруҳларини жорий қилиш ва ўқувчиларни соғлом овқатлантиришни тизимли йўлга қўйиш;

- ижтимоий-гуманитар йўналишдаги ўқув предметларини оптималлаштириш ҳисобига инсон ҳуқуқлари предметини жорий этиш;

- касб-ҳунар таълимининг меҳнат бозори билан алоқасини янада мустаҳкамлаш, мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.

Биз ўқув жараёнининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, ўқувчилар ҳамда талабаларнинг кўнгилли хордиқ чиқариши, спорт билан шуғулланиши ва китоб мутоалааси учун зарур бўлган вақтни мақбуллаштириш мақсадида ўқув йилининг бошланиши муддатини қайта кўриб чиқишни таклиф қиламиз.

Шунингдек, умумтаълим мактабларида мактаб униформасини жорий этишни жадаллаштириш зарур. Республика бўйича мактаб ўқувчилари ягона формада юриши, улар ўртасидаги тенгсизликнинг олдини олиш баробарида, болаларни интизомга, оддийликка, самимийликка ўргатади.

Биз умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги, замонавий авлодини яратиш лозим, деб ҳисоблаймиз ҳамда дарсликларни ишлаб чиқишнинг амалдаги самарасиз тизими ўрнига мутлақо янги тизими – “Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институти” ташкил қилишни таклиф қиламиз.

Болалар асосан ватанпарварлик туйғуларини ўзига мактабгача ва мактаб таълимида сингдиради. Шу сабабли мактабларда болаларнинг ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш, лидерлик қобилиятини ўстириш ва уларни жамият тараққиётига мос равишда тарбиялаш бизнинг муҳим вазифамиз бўлиб қолади.

Биз давлат ёшлар сиёсатини амалга оширишда давом этиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан қайта шакллантириш, ёшларнинг энг долзарб муаммоларини фаол ва самарали ечиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш тарафдоримиз. Биз ёшлар ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари томонидан ёшлар билан очиқ ва доимий мулоқотни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Бугун давлат ва жамоат бошқарувига оид кўпгина муҳим масалаларни устоз-шогирд анъаналарига риоя қилган ҳолда замонавий ва креатив фикрловчи, ҳаракатчан ва ташаббускор ёш кадрларга ишониб топшириш керак. Зеро, улар юқори интеллектуал салоҳиятга эга, ҳақиқий ватанпарвар, ҳар қандай қийин вазиятда масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсон сифатида намоён бўлсин.

Биз ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаб, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик ҳисси, фидокорлик каби туйғуларни уйғотиб, турли мафкуравий таҳдидлардан чегаралаймиз.

Маълумки, ҳар қандай давлат, миллат ҳаётида Шахс, Оила, Жамият ва Давлат каби тушунча ва қадриятлар ҳал қилувчи мазмунга эга. Барқарорлик индексининг устувор халқаро рейтинглари мезонлари ва индикаторлари, Ҳаёт сифати индекси, Дунё бахт даражаси индекслари ва бошқалар асосида оила институтини ривожлантириш бўйича миллий индексларни ишлаб чиқиш, шунингдек, тегишли халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг кўрсаткичларини изчил яхшилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқамиз.

Оиладаги замонавий жараёнлар, оилавий муносабатлар ижтимоий барқарорлик ва жамият хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим омили эканлигини ҳисобга олиб, қуйидагиларни амалга оширамиз:

- Ўзбекистон ҳудудида қийин ҳаётий вазиятда бўлган оиланинг социологик портретини тузиш, уларни инқирозли вазиятдан чиқиш йўлларини яратиш, турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

- умумбашарий ва миллий оилавий қадриятлар, оилалардаги муносабатларнинг таҳлили асосида замонавий обод ва функционал оила мезонлари негизида моделини тузиш, шунингдек ушбу моделни жамиятда кенг тарғиб қилиш ва амаллиётга киритиш;

- репродуктив саломатлик ва оиланинг демографик ривожланишини узоқ муддатли режалаштириш, "Соғлом оила - соғлом жамият" концептуал ғояни амалга ошириш.

Жамиятнинг асоси ва асосий халқаси бўлмиш оилани аёлсиз тасаввур қилиш қийин. Аёлга муносабат – миллат, давлат, эртанги кун ва келажак авлодга бўлган ҳурматни намоён этишнинг асосий мезони ҳисобланади.

Аёлга бўлган ҳурмат – бу, энг аввало, жамиятимизнинг келажаги ҳисобланган оилани ҳурмат қилишдир.

Шу нуқтаи назардан, биз жамиятнинг ижтимоий–сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини оширишда давом этиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни изчиллик билан амалга ошириш тарафдоримиз.

Бугун ҳар бир аёл пассив кузатувчи эмас, балки мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлиши керак. Партия жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида гендер тенг ҳуқуқлигига эришиш тарафдори.

Биз хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини, ижтимоий–сиёсий мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, муҳожирларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш масалаларига кенг эътибор қаратамиз.

ТИНЧЛИКСЕВАР, ПРОГРЕССИВ ТАШҚИ СИЁСАТ: МИЛЛИЙ МАНФААТЛАР УСТУВОРЛИГИ

Биз барча мамлакатлар ва халқаро институтлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган давлатнинг динамик ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз, Марказий Осиёнинг амалда барқарор, ҳар томонлама ривожланган ва яхши қўшничилик алоқаларини йўлга қўйган минтақага айланиши тарафдоримиз.  

Бизнинг мақсадимиз – Ўзбекистоннинг давлатлараро муносабатларда тенг ҳуқуқли ва масъулиятли шерик бўлишига ёрдам бериш. Биз давлатнинг мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида давлатимиз ўрни ва ролини кучайтириш, Ўзбекистоннинг турли ҳарбий блокларда иштирок этмаслиги тарафдоримиз.

Давлатимиз аъзо бўлган БМТ, ШХТ, МДХ, ЕХҲТ, ИҲТ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг тегишли ижтимоий ва инсонпарварлик дастурлари доирасида ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорлик тарафдоримиз. Биз ижтимоий соҳада қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, савдо ва инвестицион фаолият учун қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва халқ фаровонлигини ошириш мақсадида, трансчегаравий, транспорт-коммуникацион, инфратузилмавий ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш тарафдоримиз.

Бунинг учун биз:

- Ўзбекистон Республикасининг халқаро институтлар интеграциялашуви ва модернизацияси, халқаро ва минтақавий хавфсизликнинг янги тизимини шакллантириш, хусусан, ШҲТ давлатларининг иқтисодий, гуманитар ва ижтимоий соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш;

- оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, халқаро терроризм ва экстремизм, одам савдоси, гиёҳванд моддалар контрабандаси, ноқонуний миграция, экология муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этиш;

- Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, хусусан, меҳнат мигрантларининг хорижий мамлакатлардаги ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш чораларини кўрамиз.

Бунинг учун биринчи галда Барча меҳнат мухожирлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳалқаро конвенция қоидаларини мамлакатимиз қонунчилигида акс этиши ва қўлланиши чораларини кўрамиз ҳамда тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлари, шу жумладан, “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ташаббуси билан чиқамиз.

Биз Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш мақсадида парламентлараро ҳамкорлик ва партиявий дипломатия имкониятларидан унумли фойдаланиш тарафдоримиз. Хусусан, илғор хорижий мамлакатларнинг социал-демократик йўналишдаги сиёсий партия ва ҳаракатлари билан фаол ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир.

Фуқароларимиз одам савдоси қурбонларига айланмаслиги учун қатъий чоралар кўришни ҳамда одам савдосидан жабр кўрган ҳамюртларимизни муҳофаза этишни долзарб вазифа, деб биламиз. Чет элга ишга ва ўқишга кетаётган фуқароларимизнинг айримлари дин ниқоби остидаги экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик ғоя ва оқимларнинг тузоғига тушиб қолаётганлигидан келиб чиқиб, биз ушбу иллатларга қарши курашни кучайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш ташаббуси билан чиқамиз.

Биз миграция соҳасида юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш ҳамда давлат, жамият ва фуқаро манфаатларига ижобий таъсир қиладиган миграция муаммоларини ҳал қилиш учун курашамиз.

Биз социал-демократиянинг “Бирдамлик” шиорига асосан мамлакатимизда азалдан ёнма-ён яшаб келаётган, ўзининг миллий, маданий ва диний анъаналарига эга халқларнинг хилма-хиллигини муштарак ҳолда сақлаш, бағрикенглик асосида қарор топган миллатлараро тотувлик ва динлараро ҳамжиҳатлик муносабатларини бундан кейин ҳам асраб-авайлаш, турли миллат ва элатларнинг уйғун равишда ривожланиши учун барча зарурий чораларни кўрамиз. Биз умумбашарий бало-офатлар – гиёҳвандлик, экстремизм ва зўравонлик, фоҳишабозлик, одам савдоси ва бошқа иллатларга қарши бутун жамият билан якдил бўлиб, фаол кураш олиб борамиз.

Миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатлик, муроса–ю мадора – тинчлик ва барқарорлик гарови. Биз жамиятда “Биродарлик – урф-одат, дўстлик – қонун!” деган эзгу ғоянинг қарор топиши, “Халқимизга, энг аввало, тинчлик ва хотиржамлик керак!” деган тамойилни изчиллик билан амалга ошириш тарафдоримиз.

Ўзбекистоннинг замонавий Ҳарбий кучлари – халқнинг фаровон ҳаёти, давлат хавфсизлиги ва барқарорлигининг ишончли кафолатидир.

Биз миллий армиямиз қиёфаси, ҳарбий имкониятлари, моҳияти, ҳарбий жамоалардаги ахлоқий шароитни тубдан ислоҳ қилиш, қўшинни замонавий ва ишончли қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника, энг янги ўқув воситалари, ўқув-моддий база билан таъминлаш, қўшин таркибида замонавий АКТни жорий қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз ҳарбийликнинг қийинчиликларини бошидан кечирган хизматчиларнинг оилалари ҳам иш билан таъминланиши, ўқиш, пенсия ва тиббий таъминот соҳаларида қонун билан кафолатланган имтиёзларга эга бўлишлари керак деб ҳисоблаймиз. Илгари ишлаш имконияти бўлмаган ёки мутахассислиги бўлмагани боис кам иш ҳақи эвазига ишлашга мажбур бўлган ҳарбийларнинг умр йўлдошлари учун пенсияларни алоҳида ҳисоблаш тартибини ўрнатиш зарур. Уларнинг умумий меҳнат стажига узоқ гарнизондаги бутун яшаш даврини киритиш, ўша пайтдаги иш ҳақи миқдорини эса ҳудуд учун қабул қилинган ўртача миқдорда белгилаш масалалари ҳам диққат-эътиборимиз марказида бўлади.

****

Азиз ватандошлар!

“Адолат” СДП ўз олдига мана шундай олижаноб ва эзгу мақсад-вазифаларни белгилаб олмоқда. Сизнинг сайловлардаги фаол иштирокингиз ва хоҳиш-истагингиз билан биз мамлакатимиз бўйлаб кучли депутатлик корпусларини шакллантира оламиз ва кейинги 5 йил мобайнида уларни ҳаётга татбиқ эта оламиз.  

Сайловларда энг кўп ўрин эгаллаб, янги ҳукуматни шакллантиришда фаол иштирок этамиз ҳамда бугунги ҳукумат томонидан йўл қўйилаётган барча хато ва камчиликларни бартараф этамиз.

Биз халқ номидан, халқ учун ишлаймиз, унинг муаммоларини ҳал қиламиз. Агар сайловларда бизни танласангиз ва партиямиз кўрсатган номзодларни қўллаб-қувватласангиз, биз Сиз – азиз юртдошларимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун курашамиз!

Ўзбекистон – бизнинг умумий уйимиз. Шундай экан, унинг ҳар бир аъзоси эркин, адолатли, тинч ва фаровон яшашга ҳақлидир!

Адолат ҳаётимизнинг бош мезонига айланиши даркор!

Бизнинг шиорлар:

Куч – адолатда!

Адолат – ҳар бир инсон учун!

Адолат бор жойда тараққиёт бор!

Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони!

Биз квоталарсиз олий таълим тарафдоримиз!

Биз қалбаки ва сифатсиз дори воситалари айланмасига қаршимиз!

Биз малакали ва бепул тиббий хизмат тарафдоримиз!

Коррупцияни таг–томири билан қуритамиз!

Коррупция – тараққиёт кушандаси!

Эркинлик, адолатлилик ва бирдамлик учун!