“АДОЛАТ — ҲАЁТИМИЗНИНГ БОШ МЕЗОНИ, АДОЛАТ — ҲАР БИР ИНСОН УЧУН”

Юклаб олиш Сайловолди дастур

“АДОЛАТ — ҲАЁТИМИЗНИНГ БОШ МЕЗОНИ, АДОЛАТ — ҲАР БИР ИНСОН УЧУН”

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси (кейинги ўринларда — “Адолат” СДП) “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун”, “Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг” тамойилларига амал қилган ҳолда мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш жараёнларида фаол иштирок этди, аҳолининг кенг қатламлари орасида обрў-эътиборга ҳамда мамлакат сиёсий майдонида ўзининг қиёфасига эга бўлишга ҳаракат қилди. Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, ўтган давр ичида партия ғоявий жиҳатдан жипслашди, ташкилий тарафдан мустаҳкамланди, жойларда партия ҳақида, унинг мақсад-вазифалари ҳақида аҳолининг хабардорлиги ортди, бу эса партия аъзоларининг сони ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида партия депутатлик корпуслари кўпайганида ҳам яққол намоён бўлади. Партия ўзини иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда инновацион тараққиётнинг, яратилган моддий бойликларни адолатли тақсимлашнинг, қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашнинг, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига амал қилишнинг, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлиги ва ҳисобдорлигининг фаол тарафдори, деб билади. “Адолат” СДП ўзининг ғоявий нуқтаи назари асосида тараққиётнинг “ўзбек модели” тамойиллари — иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, давлатнинг бош ислоҳотчи экани, қонун устуворлигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадлари турганини тўла эътироф этади. “Адолат” СДП мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи меҳнаткаш инсон, деб билади ва шундай бўлиб қолади, деб ҳисоблайди. Айнан юқори малакали мутахассислар, бюджет соҳаси ходимлари, педагоглар, шифокорлар, муҳандистехник ва илм-фан вакиллари, хизмат кўрсатиш соҳалари ходимларида социалдемократлар ўзларининг бош ижтимоий таянчини кўрадилар. Айни пайтда биз ўз ҳаёти ва яқинлари ҳаёти учун масъулиятни зиммасига олишга тайёр, машғулоти, этник келиб чиқиши ва эътиқоди, мулкий имкониятидан қатъи назар, социал-демократиянинг энг муҳим қадриятлари бўлган ҳаққонийлик ва ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик ва имкониятлар тенглиги, шунингдек, бошқалар олдида масъулият ғояларига ўз қарашларини ҳамоҳанг деб биладиган жамиятнинг турли қатламларига мансуб фаол фуқароларга таяниш мақсадидамиз. “Адолат” СДП ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосидаги ҳуқуқий-демократик давлат, маънавий ва ахлоқий етук адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш тарафдори эканини қайд этиб ўтади. Биз бозор иқтисодиёти ва айни пайтда асосан ижтимоий соҳаларни қўллабқувватлашга йўналтирилган салмоқли давлат сектори мавжуд бўлган иқтисодиёт тарафдоримиз. Биз учун ижтимоий соҳа нафақат таълим, соғлиқни сақлаш тизимини ўз ичига олади, балки, транспорт, энергетика, ахбороткоммуникация технологиялари каби ижтимоий муҳим соҳаларни ҳам қамраб олади. Биз давлатнинг бошқарувчилик фаолияти иқтисодиётнинг барқарор ривожланишида муҳим роль ўйнаши керак, деб ҳисоблаймиз. Давлат бозор иқтисодиёти аҳолининг манфаатлари йўлида хизмат қилишини таъминлаши шарт. Айнан давлат иқтисодиётнинг ижтимоий йўналтирилганини таъминлаши лозим. Бу жараёнда фуқароларнинг оила, давлат ва жамият олдидаги ижтимоий жавобгарлигини давлат зиммасига юклашларига йўл қўйиб бўлмайди. Биз – “боқимандалик”ка қаршимиз ва фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқларига давлат томонидан ташаббуссиз, ҳаракати йўқ, суст шахсларга бериладиган кўмак сифатида қарамаслик керак, деб ҳисоблаймиз. Давлат ёрдами барча фуқароларнинг жамият ҳаётида фаол иштироки учун шароит яратиб бериши лозим. Сиёсий ҳаёт барқарорлиги ва ижтимоий тараққиёт фақат тадбиркорлар ва ёлланма ходимларнинг ҳамкорлиги ҳамда шериклиги асосида таъминланади ва бунда улар ўзаро манфаатларини ҳисобга олишлари шарт. Шу билан бирга, бугунги кунда тадбиркорлар ўз ходимлари учун зарур ижтимоий, технологик, таълим шароитларини яратишга масъул, чунки бусиз иқтисодий тараққиётни тасаввур этиб бўлмайди. Бундай қулай шароитларни яратиш ходимларнинг сарфлаган меҳнатининг қайта тикланиши учун ниҳоятда зарурдир. Давлат тадбиркор ва ёлланма ходимлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик учун ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш асносида жамиятнинг барча аъзоларини ижтимоий ҳимоя билан таъминлайди, фуқароларнинг ишлаб чиқаришда зарур бўладиган янги касбларни ўрганиши учун таълим олишини ташкиллаштиради. Биз социал давлат тарафдоримиз, бундай давлат аҳолининг даромади бўйича кескин табақаланишининг олдини олиши ва шу орқали ижтимоий муносабатларда барқарорлик ва уйғунликни таъминлаши лозим. “Адолат” СДП ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини мужассам этадиган ғояларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнлар янада инсонпарвар ва ижтимоий хусусият касб этишида фаол иштирок этади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловда партиядан унинг дастурий мақсад ва ғояларини қўллаб-қувватлайдиган, ўз фаолияти билан Ватанимиз манфаатларига садоқатини исботлаган энг муносиб аъзолар ва хайрихоҳлар номзод сифатида кўрсатилмоқда. Партия бўлғуси сайловда барча даражадаги ҳокимият вакиллик органларида ўз дастурий мақсад ва вазифаларини самарали тарзда татбиқ эта олишга имконият яратадиган ўринларни эгаллашни ўзининг бош вазифаси, деб билади.

 I. ИНСОН ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат — қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш “Адолат” СДП учун устувор йўналиш бўлиб қолаверади. Партия жамиятнинг шаклланиши ва демократлашувининг муҳим таркибий қисми бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини изчиллик билан таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, суд ҳокимияти ҳамда адвокатура фаолияти мустақиллигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунларнинг ташаббускори бўлади ва уларни қўллаб-қувватлайди. “Адолат” СДП асосий ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштиришга, шунингдек, қонуности ҳужжатларининг сони ва доирасини қисқартиришга интилади. Қонун давлат ва жамиятни бошқаришда асосий восита бўлиши лозим. Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва ҳақиқат ғоялари партия депутатлик корпуси қонунчилик фаолиятининг асосий мезони бўлиб қолади. Партия давлат бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши устидан назоратни кучайтириш, қонунчилик меъёрларини бузишга, уларни нотўғри ва эркин талқин этишга, тўрачилик, расмиятчилик, коррупцияга йўл қўймаслик тарафдори. “Адолат” СДП суднинг холислиги, адолатлилиги, ҳар бир фуқаронинг ундан фойдаланишини таъминлаш, суд ҳимояси соҳасини янада кенгайтириш – суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштиришнинг муҳим йўналиши, деб ҳисоблайди. Бизнинг ишончимиз комил, кучли ва адолатли суд ҳокимияти бўлмаган жойда қонун ва адолат талаблари бузилиши муқаррар, шу сабабли судларнинг мустақиллиги ва обрўсини мустаҳкамлашга, суд жараёнида холис тортишув ва адолатлилик таъминланишига ҳаракат қиламиз. Партия инсон ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қуйидаги чораларни таклиф қилади: — суд тизимини комплекс ривожлантириш (институционал, ташкилийкадр ва процессуал жиҳатдан мустаҳкамлаш, судларнинг ижтимоий мақомини кўтариш), судлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг барқарорлигини таъминлаш; — судлар фаолиятининг очиқ ва ошкоралиги, суд жараёнида томонларнинг тенглиги ва холис тортишув тамойилларини кучайтириш, судлар масъулиятини ошириш, улар фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, суд фаолиятига доир маълумотларга эга бўлишнинг аниқ механизмини белгилаш; — “Хабеас Корпус” институти қўлланишини янада кенгайтириш, суриштирув ва дастлабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш; — умумюрисдикция судларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш. “Адолат” СДП амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини жорий қилиш, бу ишга оммавий ахборот воситалари вакилларини кенг жалб этиш тарафдори. Бундай тартиб инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг, суд-ҳуқуқ соҳасида расмиятчиликка ва коррупцияга қарши кураш олиб боришнинг муҳим кафолати ва зарур шартидир. Партия, жумладан қуйидаги соҳада қонунчиликни такомиллаштиришни таклиф этади: — ички ишлар органларининг қонунийликни таъминлашга доир фаолияти; — коррупцияга қарши кураш соҳасидаги фаолият. Партия инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи институтлар, жумладан Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг ролини янада ошириш тарафдори. “Адолат” СДП ўз электорати вакилларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини фаол ҳимоя қилади. Шу муносабат билан партия қуйидагиларни ёқлайди: — бизнеснинг амалдаги қонунчиликда белгилаб қўйилган меҳнат муносабатлари, меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимни ижтимоий суғурта қилиш, пенсия таъминоти талабларига амал қилиши учун масъулиятини оширадиган ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш; — интеллектуал мулк объектлари (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар, ихтирога бўлган ҳуқуқ ва бошқалар) ҳуқуқлари бузилишига нисбатан масъулиятни ошириш, шунингдек, мазкур соҳада давлат назоратини кучайтириш.

II. ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИНИ ЯНАДА ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ – АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАР ОРТГА ҚАЙТМАСЛИГИНИНГ КАФОЛАТИ

Партия давлат бундан кейин ҳам инсоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг ишончли кафолати бўлиб қолиши керак, деб ҳисоблайди. Партия бундай ҳуқуқларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришни ўзининг бош вазифаси сифатида кўради ва бунда асосий устувор йўналишлар сифатида қуйидагиларни қайд этади: меҳнат ва бандлик, даромадларнинг адолатли тақсимланиши, ижтимоий хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси, соғлиқни сақлаш, қулай турмуш шарт-шароитларини яратиш, демократик бошқарувни мустаҳкамлаш. Шу ўринда партия ўз депутатлик корпусларининг марказ ва жойларда ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан назоратини кучайтиради. “Адолат” СДП ижтимоий ҳаётни янада демократлаштириш, аҳолини давлат органлари, биринчи навбатда маҳаллий ҳокимликлар фаолияти борасида маълумотлар билан кенг таъминлаш, бошқарувда ошкоралик, очиқлик ва ҳисобот бериб бориш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жалб этиш тарафдори. Партия бюрократизмнинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этиш тарафдори. Биз давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишнинг муҳим йўналиши давлат хизматининг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашдан, давлат хизматчиларининг фаолиятини тартибга солишдан иборат, деб ҳисоблаймиз. “Адолат” СДП хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини, сиёсий, ижтимоий мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш тарафдори.

III. БИЗНИНГ МАҚСАДИМИЗ — АДОЛАТЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ

Партия ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишда, гуманитар муаммоларни ҳал этишда, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқи ва эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг давлат тузилмалари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини изчил равишда такомиллаштириб бориш тарафдори. Биз, ўз депутатлик корпусимизга таянган ҳолда, нодавлат нотижорат ташкилотларининг (НТТ) соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ечишга қаратилган дастурларда кенг иштирок этишини таъминлайдиган шарт-шароитлар яратилишига хайрихоҳлик кўрсатамиз. Партия ўзининг ижтимоий ҳамкорлари – касаба уюшмалари ва бошқа жамоат бирлашмалари билан биргаликда ННТларнинг фаолияти учун янада қулай шарт-шароит яратиш, ҳомийликни кенгайтириш, фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ташаббусларини рўёбга чиқаришни режалаштирмоқда. “Адолат” СДП таъкидлайдики, демократик давлатнинг катта аҳамиятга молик институтларидан бири бўлган жамоатчилик назорати жамият билан давлатнинг самарали мулоқотини таъминлайдиган, фуқароларнинг қизиқишларини, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга муносабатини аниқлаб борадиган муҳим бўғинга айланиб бормоқда. Партия қонун ҳужжатларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан бажарилиши юзасидан жамоатчилик, фуқаролик институтларининг самарали назорат механизмини яратиш тарафдори. Аммо мазкур институтни ҳаётга татбиқ этишда унинг расмийлашувига йўл қўймаслик лозим. Партия жамоатчилик, фуқаролик назорати тартиб-таомилларини бузгани учун давлат органлари масъул шахсларининг жавобгарлигини, уларнинг натижалари ва тавсияларини эълон қилишни қонун йўли билан белгилашни таклиф этади. Партия мамлакатимиз келажаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бевосита боғлиқ эканини қайд этади. Фуқаролик жамияти шаклланишининг асосини ташкил этадиган пойдевор айнан ушбу орган бўлиши керак. Биз ноёб ижтимоий тузилма бўлган маҳалла институтининг бундан кейин ҳам такомиллашуви, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш марказига айланиши учун унга давлат ваколатларини бериш тарафдоримиз. Маҳаллада замонавий дунёвий жамиятнинг манфаатларига жавоб берадиган янги хулқатвор намуналари ривожланиши лозим. Ҳар бир маҳалла ҳудудий дастурлар билан изчил боғланган ўзининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурига эга бўлиши керак, бу эса “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг амалда намоён бўлишидир. Партия ижтимоий-иқтисодий ҳаётда, аҳолининг ижтимоий ҳимоясида маҳалланинг аҳамияти ва таъсири янада кучайишига ҳаракат қилади. Социал-демократиянинг шиорларидан бири — “Бирдамлик”. Ўзбекистондаги турли фуқаролик институтлари бир томондан мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига, иккинчи томондан эса барча ижтимоий гуруҳларнинг миллий жипслиги ва тотувлигига хизмат қилмоқда. Бизнинг мақсадимиз — уларнинг хилма-хиллигини муштарак ҳолда сақлаш ва ривожлантиришдан иборат. Оммавий ахборот воситалари (ОАВ) мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тобора фаол иштирокчисига айланиб бораётганини қайд этиб, “Адолат” СДП қуйидаги вазифаларни ўз олдига қўймоқда: — ОАВнинг мустақиллиги ва эркинлигини янада мустаҳкамлаш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда уларнинг фаоллигини ошириш; — давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда ОАВ ролини кучайтириш; — медиа соҳасининг ҳуқуқий, моддий-техник базасини янгилаш, уни технологик модернизация қилиш, журналист касби нуфузини ошириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш.

IV. ИҚТИСОДИЁТНИНГ БАРҚАРОР СУРЪАТЛАРДА РИВОЖЛАНИШИ – АҲОЛИ ТУРМУШ ФАРОВОНЛИГИ ЎСИШИНИНГ КАФОЛАТИ

“Адолат” СДП бозор иқтисодиётининг ижтимоий йўналтирилиши тарафдори ва қайд этадики, иқтисодий ўсиш натижалари аҳолининг турли ижтимоий гуруҳ ва қатламларининг турмуш сифати ва даражасини оширишга хизмат қилиши лозим. Шу мақсадда биз ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган умумдавлат иқтисодий дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, яъни ижтимоий йўналтирилган иқтисодий лойиҳа ва дастурларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши тарафдоримиз. Партиянинг бу борадаги муҳим вазифаларига қуйидагиларни таъминлаш киради: — ҳар бир минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг аниқ ва самарали бажарилиши; — иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотлар жараёнининг ўзаро боғлиқлиги; — аҳоли учун, биринчи навбатда ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш; — Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганини сақлаб қолиш. “Адолат” СДП Ўзбекистоннинг келажаги — инновацион иқтисодиётда, деб ҳисоблайди. Модернизацияга асосланган янги иқтисодиёт ва янги технологиялар инсонга ва ижтимоий соҳага инвестиция киритиш вазифасини қўяди. Буларнинг барчаси фуқароларга янги иш ўринларини топиш, янги касбҳунарларни ўрганиш, янги корхоналарни очиш ва кенгайтириш имкониятини беради. Замонавий иннновацион ва юқори технологияларни жорий этишни биз қуйидагилар билан боғлаймиз: — инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, илмий фаолиятни ривожлантириш соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш; — инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш; — Давлат бюджети, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан Инновация жамғармасини тузиш; — иқтисодиёт соҳаларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этиш; — Ўзбекистонда ташкил этилган махсус индустриал зоналар фаолиятини кенгайтириш. Биз аралаш иқтисодиёт доирасида давлат мулкини ҳимоя қилиш, катта ижтимоий аҳамиятига эга бўлган стратегик жиҳатдан муҳим иқтисодий объектларнинг давлат тасарруфида қолдирилиши тарафдоримиз. “Адолат” СДП корхоналарга уларнинг социал ва ижтимоий жиҳатдан фойдали эканлигидан келиб чиқиб, солиқ имтиёзлари бериш зарур, деб ҳисоблайди. Биз бозор иқтисодиёти ва хусусий тадбиркорлик ташаббуслари социалдемократиянинг асосий ғояларини амалга оширишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. Бу ўринда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги ўзаро фойдали шартларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишда уларнинг ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишини ўз ичига олади. Биз давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги мақомини қонуний мустаҳкамлаб қўйишни таклиф этамиз. Шунингдек, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишлари билан узвий боғланган ҳолда, бундай ҳамкорликнинг энг самарали шаклларини қўллаш юзасидан махсус дастурни ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини ташкил этишнинг энг истиқболли соҳалари бу — соғлиқни сақлаш ва таълим тизими, йўл қурилиши, илмий текшириш институтлари, лабораториялар, конструкторлик бюроларидир. Партия иқтисодиётнинг экологик жиҳатдан мутаносиб ривожланиши тарафдори. Экологик жиҳатдан тоза технологиялар асосида жадал ривожланишни таъминлашга йўналтирилган, мутаносиб иқтисодий сиёсат олиб бориш зарур. “Адолат” СДП экологик муаммоларни ҳал этишда ўз саъй-ҳаракатларини, биринчи навбатда ушбу муаммоларнинг иқтисодий жиҳатларига қаратади. Барча экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат Давлат бюджетига юклаш тўғри бўлмайди. Биз “Ифлослантирувчи тўлаши ва кўп пул тўлаши лозим” деган принцип тарафдоримиз. Партия Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ҳайвонот олами ва ўсимлик дунёси дахлсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилади. Партия иқтисодий лойиҳаларнинг экологик экспертизасини кучайтириш, унинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, бу ишга ННТ, илмий жамоатчилик, депутатлик корпусини кенг жалб этиш лозим, деб ҳисоблайди. “Адолат” СДП иқтисодиётга янги, энергия ресурсларини тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш тарафдори ва бу жараёнда қуйидаги тадбирларни қўллаб-қувватлайди: — энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантирувчи механизмлар яратиш, аҳоли ўртасида энергия ресурсларига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни шакллантирадиган тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб бориш; — уй-жой-коммунал соҳаси ва кундалик турмушда қуёш энергиясидан ҳамда бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш. Шу мақсадда “Адолат” СДП, жумладан, қуйидагиларни таклиф этади: — муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, соҳадаги зарур стандарт ва меъёрларни тасдиқлаш; — муқобил энергетикани (қуёш энергетикаси; кичик дарёлар, сув омборлари ва ариқларнинг гидроқуввати; мотор ёқилғисини зичланган газ ва электр энергиясига алмаштириш; биогаз энергияси) жорий этиш ва рағбатлантириш юзасидан махсус дастурни қабул қилиш. Партиянинг устувор вазифаси — қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берадиган тузилмаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатга кўмаклашиш, оддий қишлоқ меҳнаткашларини самарали ҳимоя қилиш, қишлоқда ижтимоий инфратузилмани ташкил этиш. Шу мақсадда партия қуйидагиларни таклиф этади: — ернинг ҳосилдорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, барча агротехник тадбирларни зарур даражада ўтказиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, уруғчилик ва селекция ишларини ривожлантириш, ходимлар меҳнатини самарали ташкил этиш ва рағбатлантириш; — қишлоқ ҳудудларини ижтимоий ободонлаштириш, йўл инфратузилмасини, айниқса, маҳаллалар ичидаги кўчаларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, мавжудларини модернизация қилиш ва янги ижтимоий объектлар қуриш бўйича ишларни давом эттириш; — қишлоқ қиёфасини бутунлай янгилаш ва қайта қуриш, уй-жой қуриш, ижтимоий ва коммунал объектларни бунёд этиш, қишлоқ жойларда коммуникацияни ривожлантириш, қишлоқ аҳлининг турмуш даражаси ва маданиятини ошириш бўйича ишларни давом эттириш.

V. ИЖТИМОИЙ ВА ГУМАНИТАР СОҲАЛАРНИ ЯНАДА ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ – АҲОЛИ ФАРОВОНЛИГИНИНГ АСОСИ

“Адолат” СДП адолатли фуқаролик жамияти қурилишида бундан кейин ҳам давлатнинг яратувчанлик роли кучайиши тарафдори. Айни пайтда жамиятда янада катта ўзгаришларга олиб келиши ҳамда фуқароларга кўмак кўрсатиши учун биз ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг оқилона ва самарали сарфланишини ёқлаб чиқамиз. Партия кучли ижтимоий сиёсатни қўллаб-қувватлаш орқали давлат ижтимоий дастурларини бажаришда фаол иштирок этади. Аҳолининг ўта бойлар ва камбағалларга бўлиниб, кескин табақаланиб кетишига йўл қўймаслик, аҳоли турмуш сифати кўрсаткичларини янада яхшилашга қаратилган аниқ саъйҳаракатларни амалга ошириш бундан кейин ҳам партиянинг асосий вазифаси бўлиб қолади. Биз ўзимизни анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли ижтимоий дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли давлат ғоясини қўллаб-қувватлашга қодир куч, деб биламиз. Айни пайтда ижтимоий-иқтисодий масалаларни фақат давлат ҳокимияти органларининг самарали хатти-ҳаракатлари билан ҳал этиб бўлмайди. Шу сабабли партия ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналарда ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, бизнес тузилмаларнинг ижтимоий масъулиятини янада ошириш ва бу борада қонунчилик базасини такомиллаштиришни муҳим вазифа, деб ҳисоблайди. “Адолат” СДП республикада жамият тараққиёти учун ижтимоий ҳамкорлик имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида ҳомийлик фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан махсус дастур ишлаб чиқишни таклиф этади. Бизнинг шиор: “Ижтимоий ёрдам – муносиб иш билан таъминлаш”, яъни ишини йўқотганларга янги меҳнат ўринларини ҳамда касбий қайта тайёргарлик учун таълим олиш имкониятларини таклиф этиш. Инсоннинг оиласидаги фаровонлик, ўзининг ҳаётга муносабати, охир-оқибат эса жамиятимизнинг барқарорлиги унинг қандай иш билан таъминланганига, меҳнати учун қай миқдорда муносиб ҳақ олаётганига бевосита боғлиқ. “Адолат” СДП мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблайди. Дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарурлигини ёддан чиқармаслигимиз керак. Партиянинг бош вазифаси мамлакатимиз таълим тизимининг фуқароларнинг комил шахслар бўлиб шаклланишига йўналтирилган, инсон омилини намоён этадиган, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни етиштириб берадиган энг яхши анъаналарини қўллабқувватлаш ва ривожлантиришдан иборат. Ишончимиз комил, таълим замонавий демократик ва бағрикенг жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омилидир. Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси сифатли ва бепул умумий таълим олиш, яхши ҳақ тўланадиган муносиб иш топиш, яхши мутахассис бўлиш ва истаган пайтида ўз ишини ташкил этиш имкониятига эга бўлиши лозим. Шу сабабли “Адолат” СДП давлат олий таълим тизимини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш тарафдори. Биз барчанинг сифатли таълим олиши учун тенг имкониятлар яратиб берадиган қуйидаги йўналишларда қўшимча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишни таклиф этамиз: — кадрларга бўлган бугунги ва истиқболдаги заруратни ҳисобга олган ҳолда, ўрта махсус касб-ҳунар мутахассислик йўналишларини босқичма-босқич қайта кўриб чиқиш, мутахассислар эҳтиёжга нисбатан кўпроқ тайёрланаётган гуманитар таълим йўналишларини қисқартириб бориш ва шундан келиб чиққан ҳолда — хизмат кўрсатиш соҳаси, аграр сектор, ишлаб чиқариш соҳаси, уй жойкоммунал хўжалиги учун мутахассислар тайёрлашни кенгайтириш; — илмий тадқиқот ишлари, мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш, олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш; — минтақавий таълим муассасаларида юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш соҳалари, ёқилғи-энергетика мажмуалари, уй-жой-коммунал соҳаси, саноатнинг қайта ишлаш тармоқлари, қурилиш индустрияси, аграр мажмуалар, шунингдек, қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ мактаблари учун мутахассислар тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб бориш; — таълим соҳасида дастурий маҳсулотларнинг миллий стандартларини ишлаб чиқиш, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари миқдори ва сифатини ошириш; — давлат ва хусусий сектор маблағлари эвазига таълим грантлари ажратилиши тизимини ривожлантириш, ўқув синфларида ва гуруҳларда таълим олаётган ўқувчилар сонини оптималлаштириш. “Адолат” СДП инновацион технология ва ишланмаларни тараққий эттириш масалалари мамлакатимизда илм-фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишига, уларнинг қўллаб-қувватланишига узвий боғлиқ, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда партия қуйидаги ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф қилади: — олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини кучайтириш, кичик инновацион корхоналар тузишни рағбатлантириш, уларнинг базасида тажриба ва экспериментал ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини ошириш, олий ўқув юртларининг илмфан, саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтириш; — ишлаб чиқариш ва илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмаларининг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илмий изланиш ва ишланмалар рақобатдошлигини кучайтириш; — докторлик диссертациясини ёқлаган ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, уларга тадқиқот ва изланишлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш учун докторликдан кейинги грантлар тақдим этиш. “Адолат” СДП мамлакатимиз ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) юқори даражада жорий этилган илғор мамлакатлар қаторига кириши лозим, деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан партия бундан кейин ҳам АКТни жорий этиш ва ривожлантириш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тарафдори бўлиб қолаверади. Биз фуқароларга интерфаол давлат хизмати кўрсатиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратамиз. “Адолат” СДП уй-жой соҳасининг самарали ривожланишини қўллабқувватлайди ва ушбу мақсадда қуйидагиларни таклиф этади: — бюджет соҳаси ходимлари учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан идоравий уй-жойларнинг қурилиш ҳажмини кенгайтириш; — бюджет соҳаси ходимлари томонидан уй-жой сотиб олиниши учун бошланғич маблағлар билан таъминлайдиган мақсадли субсидияларни жорий қилиш; — уй-жой бозоридаги фирибгарликлар учун назорат ва жавобгарликни кучайтириш. “Адолат” СДП соғлиқни сақлаш соҳасида қуйидагилар тарафдори: — аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш. Партия бу борада ўз саъй-ҳаракатларини соғлиқни сақлашнинг давлат секторини мустаҳкамлаш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтиришга йўналтиради; — дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш; — давлат дорихона муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини яратиш ва дори-дармонлар нархини пасайтириш омили сифатида улар учун чекланган рентабеллик даражасини ўрнатиш, шунингдек, аҳолини давлат дорихоналари муассасалари орқали эҳтиёжни қоплайдиган ҳажмда дори воситалари билан таъминлаш; — скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини доимий такомиллаштириб бориш. “Адолат” СДП эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлайдиган жамият тарафдори ва шу мақсадда аёлларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятлар учун интилишини қўллаб-қувватлайди. Бу борада биз учун устувор вазифалар қуйидагилардан иборат: эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлигини, уларнинг бир хил меҳнати учун бир хил ҳақ тўланишини кафолатлаш; хотин-қизларнинг таълим олиши, касбий тайёргарлик ва мослашувини таъминлайдиган дастурларни қўллаб-қувватлаш; оилани режалаштириш масаласида ахборот бериш ва амалий кўмак кўрсатиш; болалар тарбияси учун имтиёзлар бериш; мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш; хотин-қизларнинг давлат органларининг барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлаш.

VI. ТАШҚИ СИЁСАТ: МИЛЛИЙ МАНФААТЛАР УСТУВОРЛИГИ

“Адолат” СДП давлат суверенитети ва мустақиллиги мустаҳкамланишини, мамлакатимизнинг халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги роли ва ўрни янада кучайишини, ривожланган демократик давлатлар сафига қўшилишини, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик алоқалари ўрнатилган ҳудуд ташкил этилишини қўллабқувватлайди. Партия яқин қўшни давлатлар билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат юритаётган давлат сиёсатини маъқуллайди, минтақамиздаги барча муҳим сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммоларни ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, конструктив мулоқот ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида ҳал этиш тарафдори. Партия минтақамизда экологик барқарорликни таъминлашни ўта муҳим вазифа, деб ҳисоблайди ва қатор жиддий трансчегаравий экологик муаммоларни, йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг атроф-муҳитга таъсири ва бошқа долзарб экологик масалаларни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва меъёрларини, БМТнинг инсон соғлиғи муҳофазасига, унинг хавфсиз атроф-муҳит ҳуқуқига қаратилган муҳим ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда ечиш тарафдори. Юқорида қайд этилган масалаларни ҳал этишда “Адолат” СДП БМТнинг ижтимоий ва гуманитар масалаларга ихтисослашган институтлари (ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилоти, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва бошқалар) билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, ижтимоий соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ишларида фаол иштирок этиш муҳим, деб ҳисоблайди. “Адолат” СДП халқаро демократик ҳамжамиятнинг БМТ тизимини кучайтиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларини янги демократик дунёвий ҳамжамият яратиш томон ташланган муҳим қадам сифатида қўллабқувватлайди. “Адолат” СДП бундан кейин ҳам ядро қуролларисиз дунё, Марказий Осиёда ядро қуролларидан холи ҳудуд барпо этиш ғояларини илгари суради. Биз Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатлари билан гуманитар ва ижтимоий соҳаларда ўзаро муносабатларни кенгайтириш, ШҲТнинг савдо ва инвестиция фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасидаги ҳаракатлари, минтақа мамлакатлари иқтисодини барқарор ривожлантириш ва мазкур мамлакатларда истиқомат қилаётган халқларнинг фаровонлигини янада ошириш мақсадидаги трансчегаравий, транспорт-коммуникация, инфратузилмавий ва ижтимоий лойиҳалар тарафдоримиз. “Адолат” СДП сайловчиларни ҳокимиятнинг қонунчилик ва вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловда ўз сиёсий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишга ва сайловда ўз овозларини бизнинг партиямиз вакилларига беришга, шу билан давлат органларининг демократик шаклланишида фаол иштирок этишга чақиради. Фақат Сизнинг фаол эркин хоҳиш-истагингиз билан биз марказда ва жойларда кучли депутатлик корпусларини шакллантира оламиз. Бу эса бизга айнан Сизнинг манфаатларингизни ҳимоя қиладиган қонунчилик актлари, қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилинишига ўз таъсиримизни кўрсатиш, Вазирлар Маҳкамаси, вилоят, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви таркибини шакллантиришда иштирок этиш имкониятини яратади. Партиямизда ўзининг аниқ ва қатъий позициясига эга, қонун ва жамият олдида юксак масъулиятни чуқур ҳис этадиган, сайловчилар орасида катта обрў-эътибор қозонган, сайловда “Адолат” СДП учун овоз берган фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қодир муносиб номзодларимиз кўпчиликни ташкил этади!

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!