Умр манзилларида


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Муносабат

Манзил сари ошиққан йўловчи қоронғи кечада йўл тополмай қийналганида узоқдан милтиллаб кўринган чироқ шуъласи кўнглига таскин бериб, олға юришга ундайди. Йўл нотекис, манзил эса ҳали олис. Минг битта синовларга дуч келиши, қоқилиб йиқилиши, оёқлари ҳолдан тойиб қадам қўйиши азоб эканлигини билса ҳам шу биргина чироқ шуъласига умид қилиб йўл юраверади. Ўша бир тутам нур йўловчининг оёқларига мадор, қалбига қувват бағишлайди. Сен тўғри йўлдан одимлаяпсан, сабр қилсанг, ёруғ манзилга адашмай етиб оласан, дегандек милтиллаб шуъла сочаверади.

Асли бу кўҳна ҳаётда ҳар бир инсон йўловчи. Оддий бир йўловчи. Кўнглида не муддаоси бор, таниш-нотанишми манзилларни излаб, баъзан ишонч, баъзида хавотир билан қадам қўяди. Лекин шундай дамларда йўловчига йўл кўрсатиб, мадад бериб турадиган меҳру оқибатли инсонлар борки, уларни кўриб беихтиёр қалбида қуёши бор дегингиз келади.

Юз-кўзларидан мудом нур сочилиб турадиган, нозиктаъб, зукко, ҳар бир сўзни ўз ўрнида дона-дона ишлатадиган, неча-неча олиму зиёлиларнинг, раҳбарларнинг устози, самарқандлик бағрикенг инсон Ҳасан Нормуродов билан лоақал бир марта учрашган, суҳбатлашган ҳар қандай киши шундай хулосага келади.

Ҳа, ҳаёт жуда катта синов. Бу синов кузнинг аччиқ қировига ўхшаб Каттақўрғон туманининг Кичик кўрпа қишлоғида 1939 йил куз фаслида оддий деҳқон оиласида дунёга келган Ҳасан Нормуродовнинг бошига жуда эрта тушди. Мазкур, йигирма кунлик чақалоқ пайтидаёқ падари бузруквори Норбек ота ҳаётдан кўз юмди. Воажабо, ҳали кичкина чилласи сиқмаган чақалоқни ҳаёт синовлари отадан айирди. Волидаи муҳтарамаси Мисқол она тўрт фарзандни бағрига босганча ёлғиз қолди.

Кўп ўтмай иккинчи жаҳон уруши ҳамма қатори каттақўрғонликларнинг ҳам тинчини бузди. Ўшанда оқ сариқдан келган бу бола эндигина титапоя бўлиб қолган пайтлар эди. Совуқ уруш изғиринлари ҳамма қатори Мисқол онанинг хонадонини ҳам четлаб ўтмади.

Таъбир жоиз бўлса, у даврлар ҳозиргидек тўкин-сочинлик, фаровонлик даври эмасди. Кўплаб одамлар етишмовчиликларнинг қурбони ҳам бўлишган. Ўша пайтларда бир қишлоқда кимдир битта янги кийим ёки пойавзал олса, бутун қишлоқ алмашиб киядиган, бир коса овқатнинг атрофида бир неча болалар уймалашиб бир қошиқда навбатма-навбат овқат ейдиган замонлар эди. Қанчалаб одамлар нон ўрнида кунжара, овқат ўрнида ўт-ўлан ейишга ҳам мажбур бўлишган. Бир томондан оғир қора меҳнату очарчилик, иккинчи томондан уруш васвасаси ва оқибатлари Ҳасан Нормуродовни ўз тандирида пиширди. У тўққиз-ўн ёшлариданоқ акалари ёнига кириб нафақат уй ишларига, дала ишларига ҳам ёрдам бера бошлади.

Йўқчиликда улғайган, қийинчиликларни жабрини тортган, ҳаётнинг қадрини, тирикчилик ташвишларини эрта англаб етган Ҳасан Нормуродов шундай шароитда ҳам китоб ўқишни канда қилмади. Бир бурда нон топиш амримаҳол бўлсаю, китоб анқонинг уруғи бўлгани шубҳасиз. Чиндан ҳам, интилганга толеъ ёр дегани ҳақ экан. Мактабни, сўнгра Каттақўрғон педагогика билим юртини аъло баҳолар билан тамомлаб, 17 ёшидаёқ туғма талант билан ўқитувчилик қила бошлади. Шу орада уч йиллик ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, Самарқанд давлат университетида таҳсил олди.

Каттақўрғон шаҳрида иқтидорли ва ташаббускор ўқитувчи сифатида тез танилган Ҳасан ака Каттақўрғон шаҳар Ёшлар қўмитасига, кўп ўтмай шаҳар партия қўмитасига раҳбарлик ишларига жалб қилинди. Кечаги ўқитувчи бугуннинг илғор раҳбарларидан бирига айлданди. Жомбой тумани раҳбарининг ўринбосари, Самарқанд вилояти раҳбарининг мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, Нарпай туманининг биринчи раҳбари, Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи, Халқ таълими ва фан ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят қўмитаси раиси лавозимларида самарали меҳнат қилиб, пенсия ёшини қаршилади. Ўз тинчини, фароғатини ўйламаган, ўз манфаатларидан ўзгалар манфаатини устун қўябилган, бутун умрини жамоат ишларига, жамоатчиликка бағишлаган бу олиҳиммат инсон шундан кейин ҳам жамият ишларидан узилиб қолган эмас. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилоят Кенгашига раислик қилиб келмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, узлуксиз раҳбарлик лавозимларида ишлашнинг ўзи бўлмади. Уни юкини кўтариш, масъулиятини ҳис этиб яшаш ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас, аслида. Ҳасан Нормуродов ана шу юкни виждон билан, ҳалоллик ва поклик билан, самимият ва садоқат билан кўтарди. Яхшиликни ҳаёт йўлининг бош шиорига, камтарликни иш қуролига айлантирди. Одамларга меҳрибонлик билан юз тутди. Ҳар бир инсон билан майин табассум остида мулоқатга киришди. Энг муҳими, 17 ёшида бошлаган ўқитувчилик касбини унутмади. Ҳар бир ишга педагог нуқтаи назаридан ёндошди. Агар мендан педагог қандай хислатларга эга бўлиши керак, деб сўрашсалар, албатта, Самарқандга бориб Ҳасан акани кўринглар, деган бўлардим.

Эҳтимол, шунинг учун-ми у теварак-атрофдаги одамлардан фақат яхшилик излашга, уларнинг гўзал, инсоний фазилатларини аниқлашга ва қадрлашга, ўксик қалбларга малҳам бўлишга одатланган. Вилоятда турли раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатганида, айниқса, халқ таълимини бошқарган кезларида ана шундай моҳир педагоглиги қўл келди ва пировардида кўпчиликнинг самимий ҳурмат-эътиборига мушарраф бўлди.

— Вазифа, мартаба инсоннинг ўзига бино қўйиб кибру-ҳавога берилиши учун эмас, аксинча, эзгу амаллари билан ўзгалар қалбида яхшилик чаманзорларини бино этиш учун берилган имконият, — дейди Ҳасан ака. — Қайси бир раҳбар шу қоидага амал қилиб иш кўрса, доимо халқнинг назарида бўлади. Ота-онаси-ю таълим-тарбия берган устозларига раҳмат келтиради.

Ҳасан ака Самарқанддаги ҳар битта салоҳиятли ишнинг, том маънодаги юксалишларнинг гувоҳи ва иштирокчиси. У бу кўҳна ва муаззам шаҳарнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда уни янада ободонлаштириш, кўркамлаштириш, кўча-хиёбонларини кенгайтириш, тураржойларини замонавийлаштириш учун ҳисса қўшиб келаётган инсонлардан бири. Самарқандни беш-ўн йил муқаддам кўриб кетган сайёҳ бугун ташриф буюрганида унинг гўзаллиги, бетакрорлиги қаршисида такрор ҳайратга тушиши тайин. Чунки Самарқанд — бу кўҳна ва мўъжизакор шаҳар, уни қадрлаган ҳар бир кексаю ёшнинг, қурувчи-ю муҳандиснинг, меъмору алломанинг кўз нури, қалб қўри билан қайта сайқал топмоқда. Ҳасан аканинг ана шу улуғвор ишларда ҳам муносиб ҳиссаси бор.

У киши жамиятнинг устунлари адолат пойдеворидан қад ростласагина мустаҳкам бўлишини қайта-қайта таъкидлайди. Шу боис у юз бераётган ижтимоий жараёнларга теран назар билан қараб адолат мезонларининг қарор топишида астойдил кўмакдош бўлмоқда. Кўпни кўрган, кўпчилик билан тиллаша оладиган бу адолатпарвар инсон бугун вилоятда ижтимоий масалаларни ҳал этишга дахлдор йигирмадан ортиқ комиссия аъзоси этиб сайлангани ҳам бежиз эмас. Бу комиссияларнинг ҳар бири давлат идора органлари билан бевосита ҳамкорликда ишлаб умум манфаати учун энг тўғри қарорлар қабул қилиш билан бирга жамоатчиликнинг ижтимоий жараёнларга нисбатан фаол иштирокини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.

— Ҳасан акани шеър ёзмаган шоир дейишади, — дейди таниқли шоир-журналист Фармон ака Тошев. — Отахон мумтоз ва ҳозирги ўзбек адабиётининг зукко билимдони. Шу сабабли таниқли ижодкорлар ҳам у кишининг олдида ҳушёр туришади. Газетачиликнинг ҳам кўп сирларидан хабардор, бизни доим қўллаб-қувватлайди, ёрдам беради.

Ҳа, у киши билмаган масала, қизиқмаган соҳанинг ўзи йўқ. Ҳар томонлама кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган Ҳасан аканинг хислатларидан бири одамларга яхшилик қилиш, яхши гапириш, яхши амаллари билан ўрнак кўрсатиш. Яна бир жиҳати, камтаринлик, инсонлар қалбига йўл топиш, ҳар қандай оддийгина инсонни ҳам жуда салоҳиятли, улуғвор қилиб кўкларга кўтариб қўйиш...

Дарвоқеъ, айрим кексалар нафақага чиқиб, энди қарилиқ гаштини сураман, деб чойхонада ўтирган бир пайтда Ҳасан ака ғайрат-шижоатда эл-юртга ибратли ишлар билан банд. У кишининг бошчилигида Жамғарманинг Самарқанд вилояти ижтимоий маънавий ҳаётидаги таъсири, айниқса, ёшларни тарбиялаш, уларни миллий қадриятларимизни эъзозлашга, жонажон Ватан равнақи учун хизмат қилишга, халқ фаровонлиги йўлидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга чақириш, уч авлод вакилларини бирлаштириш, кези келганда етаклаш борасидаги ҳали-ҳамон давом этаётган эзгу ишлари эса таҳсинга лойиқ.

Нуронийлар мамлакат раҳбарининг ҳар бир оила учун муносиб турмуш шароитини муҳайё этиш йўлида олиб бораётган халқпарвар сиёсатини маъқуллаган ҳолда кўплаб ташаббусларга бош-қош бўлишмоқда. Биргина мисол. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан бундан салкам икки йил муқаддам “Обод қишлоқ” дастури асосида Самарқанд вилояти Нуробод туманининг Жом қишлоғида бошланган улкан бунёдкорлик ишлари ажойиб якун топгани, эски, хароба уйлар ўрнида замонавий яшаш уйлари, истироҳат боғи, сервис хизмат масканлари қад ростлагани, ўнқир-чўнқир йўллар текисланиб асфальтлаштирилгани, электр таъминоти изчил йўлга қўйилгани ҳар қандай одамда фахр-ифтихор, ҳавас уйғотади. Ана шу бунёдкорликнинг илк кунларидан бошлаб нуронийлар оқсоқол бошчилигида Жомда қурувчи-ю меъморлар билан ёнма-ён юриб, эзгу ишларнинг самарали якунига етиши учун ўзларининг қимматли маслаҳатлари, йўл-йўриқлари билан мададкор бўлишди. Ўнлаб оилаларнинг яшаш аҳволидан хабар олишиб, уларни иш билан таъминлаш, тиббий даволаш, томорқа хўжалигини йўлга қўйишларига ёрдам беришди. Бундай мисолларни эса узоқ давом эттириш мумкин.

Дарҳақиқат, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг яхши, ибратли ишларидан хабар топганингиз сайин, бу даргоҳдан ҳеч ким ноумид бўлиб чиқмайди, деган сўзларнинг амалий натижасига қалбан ишонч ҳосил қиласиз.

— Ҳасан ака билан узоқ йиллардан буён ёнма-ён меҳнат қилиб келаяпмиз — дейди оқсоқолнинг шогирдларидан бири Махмуд Бобоёров. — У кишининг ҳар бир ишга сидқидилдан ёндашиш, топшириққа масъулият билан қараш, натижадорлик, сифат ва самарадорлик учун курашиш, бугунги ишни эртага қолдирмаслик каби одатлари биз учун жуда катта ибрат. Айниқса, ёшу қарига бир хил самимий муносабат, оқибат кўрсатиш, сўз ва иш бирлиги, юксак ҳуқуқий маданият билан иш тутиши кўпчиликни ҳайратлантиради. Тўғрисини айтсам, Ҳасан ака вилоятимизнинг жонли архиви. Биз кимни ёки нимани ахтарсак, Ҳасан ака орқали топамиз, биз нимадан қийналсак, Ҳасан аканинг маслаҳатлари билан ҳал қиламиз.

Ҳа, у кишига нисбатан бундай эътирофларни жуда кўп кишидан эшитиш, халқ орасидаги ҳурмати ва мавқейини тез англаб билиш мушкул эмас.

— Ҳасан Нормуродов билан суҳбатлашиб, билимлар денгизига шўнғиб кетгандек бўлдим — дейди Ўзбекистон “Адолат социал-демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова. — У киши билан суҳбатлашган инсон қайтадан туғилиб, қайтадан яшаб, ўқигиси келади. Айниқса, бола таълим-тарбиясидаги масъулият, таълимнинг жамият ривожидаги аҳамияти, боланинг қалбига йўл топиш, болани ҳаётга қизиқтириш орқали дарсга, китобга қизиқтириш, унда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ўқитувчининг иштирокига, маданияти ва маҳоратига оид билдирган фикрлари бизлар учун жуда катта дарс бўлди.

Яқинда мен ҳам Ҳасан ака ҳузурида бўлдим. Анча давом этган суҳбатимиз жуда қизиқарли ўтди. Суҳбатдошим бугунги ислоҳотлар ривожи ҳақида батафсил тўхталиб, унда Давлатимиз раҳбарининг кекса авлод вакилларига кўрсатаётган ғамхўрликларидан нафақат самарқандлик нуронийлар, мамлакатимиз оқсоқоллари жуда мамнунлигини қайта-қайта такрорлади. Шукуроналар айтди. Ўшанда суҳбатдошимизнинг Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга ҳамда амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёевга бўлган ғойибона меҳр-муҳаббатини яна бир карра теран ҳис этдим.

Таъкидлаш жоизки, маърифатпарвар инсон, жонкуяр устоз, ибратли оила бошлиғи Ҳасан Нормуродов бугунги кунда вилоятдаги 255 минг нафар меҳнат фахрийси, нуронийларга бош-қош бўлиб уларни савоб ишларга руҳлантираётганининг ўзи катта бир шараф, масъулият. Шу масъулият туфайли у вужудида доимо тугунмас куч-қувват, ёшларга хос ғайрат-шижоат ҳис этади. У қадам қўйган давраларга илиқлик, хушчақчақлик кириб боради.

Ҳа, ҳаётнинг инжиқликларини ўзига маҳкам бўйсундирган, аччиқ ҳақиқатларини чидам ила енгиб, бардош ва матонат билан олға бораётган, саксон ёшлик умрининг қариеб етмиш йилини жўшқин меҳнат, юртига, халқига ҳалол хизмат қилиш билан ўтказаётган халқ маорифи аълочиси, истеъдодли раҳбар, Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” орденлари соҳиби, садоқатли ва оқибатли замондош, табаррук ва донишманд инсон Ҳасан Нормуродовнинг ҳар бир иши маърифат, босиб ўтган ҳар бир йўли катта китоб, умр манзиллари ҳаёт мактабидир. Ана шу мактабнинг чироғи ҳам, қаҳрамонимизнинг қалб қуёши ҳам ҳеч қачон сўнмасин.

Абдукамол РАХМОНОВ

 

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!