Маҳаллий Кенгашларда: барча мурожаатлар ўз ечимини топади


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Расмий хабарлар
Viloyat: КАШКАДАРЁ

Аввал хабар берганимиздек, республика ишчи гуруҳи ўрганишлари натижаларига бағишлаб, халқ депутатлари Чироқчи туман Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда республика ишчи гуруҳи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, вилоятдаги мутасадди идоралар раҳбарлари ҳамда туман ҳокимлиги тасарруфидаги корхона, ташкилот, муассасалар масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Сессия ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Абдуғани Умиров иштирок этди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган бу каби юзма-юз мулоқот ҳамда ўрганишлар вақтида ҳал этилиши лозим бўлган кўпгина муаммолар аниқланиб, ечими юзасидан сессияда соҳалар кесимида аниқ чоралар белгилаб олинди.

— Маълумки, Чироқчи вилоят марказидан анча олисда жойлашган туман ҳисобланади,— деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партиядошимиз Абдуғани Умиров.— Ер майдони катталиги жиҳатидан Андижон вилояти ҳудудига бемалол тенглаша олади. Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг декабрь ойида вилоятга ташрифлари чоғида бу туманнинг иқтисодий потенциали кенглиги ва унинг бепоён адирларида полизчиликни ривожлантириб, экспортбоп тарвуз етиштириш, саноатни ривожлантириб, одамларни доимий иш ўрни билан таъминлаш юзасидан қимматли маслаҳатлар берган эдилар. Ҳақиқатдан ҳам, туман нафақат қишлоқ хўжалиги ривожланган, балки саноат индустрияси ҳам тараққий этиб бормоқда.

— Ресублика ишчи гуруҳи аъзолари жойларда кўпгина йўналишларда фаолият олиб боришди,— деди халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Собир Ахмедов.— Дастлаб аҳоли хонадонларида юзма-юз учрашув ва мулоқотлар ўтказилган бўлса, иккинчидан эса белгиланган соҳа ва объектлар ўрганилди. Бугун сессияда ана шу ўрганишлар натижаси таҳлил қилиниб, тегишли хулосалар чиқарилди.

Дарвоқе, сессияда туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари, тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати, коммунал хизматлар, ижтимоий нафақалар адолатли тўланиши каби қатор масалалар чуқур ўрганилиб, атрофлича таҳлил қилинди.

Туманда республика ишчи гуруҳи томонидан 84 та маҳаллаларда уйма-уй юрилиб ҳамда ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш давомида 21 мингдан зиёд камчилик ва муаммолар аниқланган бўлса, ушбу жумбоқларнинг 6341 таси 1-секторга, 8125 таси 2-секторга, 5858 таси 3-секторга ва ниҳоят 5970 таси эса 4-секторга тегишлидир.

Туманда маҳаллаларда шу кеча-кундузда 398 минг 230 нафар аҳоли истиқомат қилади. 68117 та хонадон мавжуд.

Сессияда алоҳида эътироф этилганидек, ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида энг кўп муаммо, яъни 2574 та камчилик соғлиқни сақлаш соҳасидан келиб тушганлиги ачинарли эканлиги маълум қилинди. Шунингдек, 1108 та мурожаат уй-жой, 562 та оғзаки ва ёзма мурожаатлар бандлик, 236 та банк, 119 та халқ таълими бўйича, 301 та мактабгача таълим муассасасидан, 123 та пенсия таъминоти, 870 та моддий ёрдам, 1485 та электр энергия таъминоти, 5 та паспорт, 1482 та йўлларни таъмирлаш, 876 та кадастр, 853 та газ, 1085 та ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар келиб тушган.

Туманнинг Ғаллакор, Шўрқудуқ маҳаллаларида ичимлик суви билан боғлиқ бўлган муаммолар мавжудлиги туфайли аҳоли истеъмолга яроқсиз бўлган Чироқчи дарёси ва оқар сувлардан ичимлик суви сифатида истеъмол қилиб келаётгани йиғилишда қаттиқ танқид остига олинди.

Туман ҳудудидаги Наврўз, Оқтош маҳаллалари ҳудудидан сел келиши оқибатида аҳоли фойдаланиши учун қурилган 3 та кўприк ҳамда сув ўтказгичлар таъмирлаш ҳолатига келиб қолган. Ушбу ишларни бажаришда республика ва вилоят ҳокимлиги томонидан таъмирлаш ишларида ёрдам берилиши лозим.

Туман халқ таълими бўлимига қарашли 23,53,119,137,138,220 ва 167 ўрта умумтаълим мактаблари капитал реконструкция ва қўшимча бинога муҳтож бўлса, 3,28,31,73,66,77, 83,148 ва 131 – ўрта умумтаълим мактаб филиаллари хом ғишт ва пахса девордан бўлиб, 1979-1985 йилларда қурилган. Ушбу бинолар қайта қуриш ва таъмирланиши лозим.

Туман ҳудудидан Қайирма, Хўжақўрғон, Кўктош, Зум, Гулистон, Тармоқ Гулистон, Чиял, Араббанди, Еттитом, Бегламиш каби хўжаликлараро каналлар оқиб ўтган бўлиб, ушбу каналларнинг муҳофаза ҳудудида 210 та ноқонуний қурилмалар мавжудлиги аниқланган. Шуни ҳисобга олган ҳолда сессияда бу каби камчиликларни тезроқ бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Туманда 5250 километр масофадаги ички йўллар мавжуд. Ушбу йўлларнинг қарийб 600 километрига асфальт ётқизиш керак. 800 километр тупроқ йўлларга эса қум-шағал аралашмаси ётқизилиб, тўлиқ таъмирлаш лозим. Бу масала ҳам сессияда алоҳида муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Туман ҳудудида 132 та электр ёғоч ва темир бетон таянч устунлар яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги, хавфсизлик талабларига мутлақо жавоб бермаслиги маълумот сифатида билдириб ўтилди. Ушбу камчиликлар юзасидан ҳам тегишли чора тадбирлар белгилаш лозимлиги мутассадиларга айтиб ўтилди.

Туманнинг Чиял, Уйшум маҳаллаларида “Обод қишлоқ” дастури асосида ишлар амалга оширилаётгани маълум қилинди. Ҳозиргача Чиял қишлоғида 8894 та уй-жойлар таъмирланди. 10614 дона кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди. 9 километр узунликдаги ичимлик суви таъминоти, 1 километрдан ортиқ пиёдалар йўлакчалари таъмирланди.

Тадбирда халқ депутатлари туман Кенгаши ҳамда доимий комиссиялар фаолияти ҳам суст эканлиги танқид қилинди.

Шунингдек бугун халқ депутатлари Қамаши туман Кенгашининг ҳам сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари иштирок этди.

Мажлисда Фракция аъзоси Абдуғани Умиров сўзга чиқди.

— Умуман олганда ўтказилаётган сессияларда одамларнинг турмушини янада яхшилаш учун муҳим қарорлар қабул қилинаяпти,— деди Абдуғани Умиров.— Аҳволни ўрганиш асосида Президент Фармон, қарорлари, Фармойишлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Давлат Дастурлари, ҳудудларни ривожлантириш Дастурлари, маҳаллий Давлат ҳокимияти, прокуратура, ички ишлар органлари ва бошқа ташкилотлар зиммасига юклатилган вазифаларни қай даражада бажараётганлиги ҳам таҳлил этилмоқда. Бу эса ҳеч шубҳасиз, шу ҳудуд одамлари келажаги, истиқболи учун янада форовонлик олиб келади.

Сессияда уй-жой, ер, йўл, бандлик, боғча масалаларини ҳал этишда юзаки ёндашилаётганлиги кескин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Йиғилишда туманда туризм соҳасини истиқболли имкониятлари мавжуд бўлсада, ички туризмни ривожлантириш, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларга сайёҳлар оқимини кенг жалб этиш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Иккала туман Кенгашлари сессиялари якунида ҳам республика ишчи гуруҳи ўрганишлари асосида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!