"Йилнинг энг фаол адолатчи аёли" Республика кўрик-танловининг якуний босқичи


Partiya yangiliklari: Press relizlar

 

Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган. Шу муносабат билан баҳор фаслининг илк кунлариданоқ аёлларни қадрлаш, уларнинг жамиятимиздаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор тадбирлар ташкил этиш одатга айланган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” Республика кўрик-танловининг якуний босқичи ҳам жорий йилнинг 5 март куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаш аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари ғолиблари, партия фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Кўрик-танловнинг очилишида сўз олганлар томонидан таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётгани бу борадаги ислоҳотлар кўламини янада кенгайтирмоқда. Шунингдек, аёлларнинг давлат ва жамият ишидаги иштирокини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Буни 2018 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги Қарорлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Бугун жамият ҳаётининг қайси жабҳасига назар солмайлик, истиқболли ўзгаришларнинг гувоҳи бўламиз. Ана шу тарихий ислоҳотларда юртимиз хотин-қизлари ҳам фаол иштирок этиб, халқ фаравонлигига ва она Ватан тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Улардан 18 нафари сенатор, 19 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб, бир минг нафардан ортиғи эса халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари таркибида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз Сайловолди дастурида мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш; хотин-қизларнинг давлат органларининг барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлашга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб олган. Аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш ва бир қатор мақсадли вазифаларни амалга оширилиши натижасида, бугунги кунга келиб партиямиз сафларидаги аъзоларнинг 50 фоизини аёллар ташкил қилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, давлат ва жамият ишларида хотин-қизларнинг иштироки, фаоллигини кучайтириш, аёлларнинг сиёсий, ҳуқуқий, тиббий, экологик маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш мақсадида ўтган 2018 йил давомида партиянинг марказий, маҳаллий ва ҳудудий Кенгашлари ташаббуси билан жойларда турли мавзуларга бағишланган 400 га яқин семинар, сиёсий ўқув ва давра суҳбатлари ўтказилган бўлиб, уларда 18 минг нафарга яқин хотин-қизларнинг иштироки таъминланди.

“Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг мақсади ҳам жамиятда аёлларнинг ролини янада кучайтириш ҳамда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, партия сафидаги энг фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсатаётган аёлларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантириш, партия тизимида оқила ва фаол аёллар сонини кўпайтириш,уларнинг тажрибасини кенг татбиқ қилишдир.

Танловнинг дастлабки туман, шаҳар ва вилоят босқичлари адолатлилик, очиқлик, ошкоралик, рақобат мезонлари асосида ўтказилди. Кўрик-танловда турли ёшдаги, ҳар-хил касб ва ҳаётий тажрибага эга 800 га яқин хотин-қизлар иштирок этди.

Якуний, яъни Республика босқичида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан сайлов асосида очиқ овоз бериш йўли билан шакллантирилган ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг шартлар бўйича тайёрлаган чиқишларини талабчанлик билан баҳоладилар.

Республиканинг “Энг фаол адолатчи аёли”ини аниқлаш, ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш иштирокчилардаги ташаббускорлик, дунёқарашнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан мустаҳкамлиги, сиёсий саводхонлик, умумбашарий, миллий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганлик, амалга оширган лойиҳалари, ҳамкорлик ишлари жамоатчилик томонидан эътироф этилишига оид маълумотларни таҳлил этиш ва баҳолаш асосида амалга оширилди.

Кўрик-танлов ғолиблари Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгашининг I, II, III даражали дипломи ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Шу билан бирга, кўрик-танловнинг қолган барча иштирокчилари ўз иқтидор ва қобилиятларига кўра турли номинациялар бўйича партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

 

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!