Бахтли ҳаёт кафолати


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Муносабат
Viloyat: СУРХОНДАРЁ

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра инсон соғлиғининг 55 фоизи турмуш тарзига, яъни ҳаёт кечириш даражасига боғлиқ экан. Шу нуқтаи назардан қараганда, мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини, айниқса, хотин-қизлар соғлиғини мустаҳкамлашга, оилаларда тиббий маданиятни юксалтиришга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларга тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга, қишлоқ жойлардаги ҳомиладор аёлларга ғамхўрликлар кўрсатилиб, алоҳида эътибор қаратилмоқда, Бу каби чора-тадбирлар самараси ўлароқ, ўтган йиллар мобайнида нуқсон билан ривожланган болалар туғилиши, оналар ўлими, болалар ўлими бир неча баробарга камайганлигини эътироф этиш мумкин. Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги инсоннинг жисмоний, ақлий ва ижтимоий жиҳатдан соғломлиги ҳолати бўлиб, бу ҳолат унинг бола туғилишига қодирлигини белгилайдиган репродуктив тизими, ушбу тизимнинг функциялари, ҳаётий жараёнлари билан боғлиқ бўлади.

Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган мазкур қонунда репродуктив муаммоларни ҳал қилишда инсонпарварлик, репродуктив саломатликни сақлаш соҳасида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги, фуқаронинг шахсий ҳаётига аралашмаслик, шахсий ва оилавий сирнинг сақланиши, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги тиббий хизматлардан фойдаланишни таъминлаш ва уларнинг сифати, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича хизматларнинг давлат томонидан кафолатланган ҳажмини таъминлаш асосий принциплар сифатида белгиланди. Маълумки, инсоннинг соғлом насл қолдириши репродуктив саломатликка боғлиқ. Бу жараён инсон дунёга келишидан олдин бошланади. Бошқача айтганда, оилавий ҳаётга тайёрлаш бу жараённинг муҳим босқичи ҳисобланади. Қонунга кўра, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш бўйича малакали тиббий ёрдам кўрсатиш билан бирга аниқ ташхис қўйиш, фуқароларда соғлом фарзандлар туғилишига эришишда соғлом оилани шакллантириш учун кўмаклашилади.

Қонунда репродуктив саломатликни яхшилаш ва соғлом оилани шакллантириш, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар кучайтирилиши кўзда тутилган.

Шунга асосан, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш марказлари ва унинг жойлардаги филиаллари даволаш-профилактика муассасаларида аҳолига репродуктив саломатликни асраш бўйича кўрсатилаётган тиббий-профилактика ёрдами такомиллаштирилади, бу борадаги янги усуллар кенг тарғиб этилади, репродуктив саломатликка салбий таъсир этаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф қилишдек муҳим вазифаларни ҳал этишга масъулият билан ёндашилади.

Шунингдек, қонунда мазкур фаолият кўлами ва самарадорлигини оширишга қаратилган ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришга ҳам эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Хусусан, репродуктив саломатликнинг сақланишини ва уларнинг репродуктив ҳуқуқлари амалга оширилишини, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлашга доир хизматлардан фойдаланиши ва бу хизматларнинг изчиллиги таъминланиши, соғлом оилани шакллантириш тўғрисидаги қарорнинг камситишларсиз, таҳдидларсиз ва зўравонликсиз қабул қилинишини, шахсий ҳаётга аралашмасликни, шахсий ва оилавий сирнинг сақланишининг, фуқароларнинг мустақил қарор қабул қилишга бўлган репродуктив ҳуқуқи амалга оширилишининг кафолатланиши фуқароларнинг тиббий кўрикдан иккиланмасдан, ўз ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда хоҳиши билан ўтишига замин яратади.  

Бундан ташқари, қонунда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш учун аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг бепуллиги кафолатланади. Хусусан, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида, тоғли жойларда аҳолининг репродуктив саломатлигини тиклаш борасида тиббий кўриклар ташкил этилади, даволаш-профилактика ишлари тизимли йўлга қўйилади. Жойларда қишлоқ оилавий пунктларида ва қишлоқ врачлик пунктларида замонавий тиббий анжомлар ва асбоб-ускуналар билан таъминланиши бир неча баробарга кўпайтирилади. Олис тоғли қишлоқлардаги тиббий марказлар мутахассислар билан таъминланади.

Қонундаги мазкур бандларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, бирламчи тиббий санитария ёрдамини кучайтириш борасида эътирофга лойиқ ютуқларга эришилади.

Инсон чинакам бахтни оиладан топади. Шу жиҳатдан қараганда, уни барпо этувчи ёшлар ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлиши керак. Қонунда вояга етмаган шахсларни репродуктив саломатликни сақлаш масалалари бўйича тарбиялаш, ўқитиш ҳамда уларга ахборот бериш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида амалга оширилиши белгиланган. Жинсий тарбия ва уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича тадбирлар ўтказиш, уларни репродуктив саломатлик масалалари бўйича ўқитиш ва ахборот беришни ўз ичига олади. Албатта, бу каби чора-тадбирлар соғлом авлоднинг дунёга келиши, пировардида эса оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади. Яна бир муҳим масала. Сир эмас, нотўғри ҳаёт кечириш турли юқумли касалликларни келтириб чиқаради. Бундай касалликлар ҳамда уларнинг олдини олиш тўғрисида тушунчага эга бўлиш соғлиқ билан боғлиқ ҳар қандай хавфни бартараф этиши мумкин. Шу боис тадбирларда репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш баробарида, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва кашандаликнинг аянчли оқибатлари, тиббий кўрикнинг аҳамияти, соҳага оид қонунларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратиш зарур

Соғлом фарзандни дунёга келтиришнинг асосий шартларидан яна бири аёлни, онани асраб-авайлашдан иборат. Қонунга асосан, шу мақсадда туғуруқ ёшидаги аёлларни соғломлаштириш борасидаги фаолият мунтазам ва тизимли равишда олиб борилади. Ҳомиладор аёллар саломатликлари тўғрисидаги текширувдан ўтишида хавфсиз техника ва асбоб-ускуналардан фойдаланилади.

Бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, аҳолига репродуктив саломатлик масалалари бўйича малакали тиббий ёрдам ва маслаҳатларни ташкил этиш, она ва бола саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларни бартараф этиш чоралари кучайтирилади.

Донишмандлардан бири: “Қалбни даволамай туриб, танани даволаб бўлмайди”, деган экан. Бундан кўриниб турибдики, соғлом турмуш тарзи тамойилларини теран англаш, жамиятнинг соғлом аъзоси бўлишдек юксак мақсад, аввало, ҳар бир кишининг онгу тафаккурида шаклланмоғи лозим. Мазкур қонунда белгиланганидек репродуктив саломатлик ҳақидаги билимларнинг мустаҳкамланиши айни шу мақсадга хизмат қилади. Зеро, репродуктив саломатлик бахтли ҳаёт кафолатидир.

Бўри МАҲМАТМУРОДОВ,

Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати,

Олий тоифали шифокор

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

https://t.me/adolat_uz

https://www.instagram.com/adolat_sdp/

https://www.facebook.com/sdpu.adolat/

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!